Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:18

Қирғизистоннинг Тўқмоғида қирғиз ва дунган ёшлари муштлашди


Тўқмоқ шаҳри Қирғизистон шимолида ўзбеклар зич яшайдиган аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади.
Тўқмоқ шаҳри Қирғизистон шимолида ўзбеклар зич яшайдиган аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади.

Қирғизистоннинг Чуй вилоятига қарашли Тўқмоқ шаҳрида қирғиз ва дунган ёшлари ўртасида содир этилган муштлашув оқибатларини бартараф этиш мақсадида миллатлараро низоларнинг олдини олиш ишлари кучайтирилди.

Тўқмоқ шаҳрида 27 июль куни эрталабки соат олтида мол бозорда, ундан кейин шаҳардаги “Булоқ” деб аталувчи марказий бозорда қирғиз ва дунган ёшлари тўпланиб муштлашган.

Мазкур воқеадан сўнг миллатлараро муносабатларни ёмонлаштирмаслик масаласида бир қанча йиғинлар ўтказилган. Йиғинда дунган миллатидаги Тўқмоқ шаҳри яшовчиси бундай воқеаларнинг олдини олиш ишлари ўтказилмаганини танқид қилди:

- Олдини олиш ишлари ўтказилмади. Қилиша олмайдими шу ишларни. Мен 55 йил шу ерда яшадим, дунган-қирғиз деб ажратишмаган. Келиб қучоқлашиб, кўришиб ишлаб келганмиз. Шаҳримизда қирғиз, дунган, ўзбек миллатлари яшайди. Ёмон миллат йўқ, ёмон одамлар бор, шуларни бузаётган. Милиционерлар, ишласанглар одамга ўхшаб ишланглар. Бошқарувчи сизларсизлар. Бундан ариза олиб, бунисини калтаклаб, индамай кетавермай. Милицияга ариза тушдими, буни охиригача текшириш керак, - деди йиғин иштирокчиларидан бири.

Милиция ходимлари эса “можаронинг олди олинмаган”, деган иддаоларни рад этмоқда. Тўқмоқ шаҳри Ички ишлар бошқармаси раҳбари Бақит Қашқалиевга кўра, милициянинг ҳаракати билан катта можаронинг олди олинган:

- Бизга бундай иддаолар доимо бўлиб келган. Бироқ биз профилактик ишларни олиб борганимиз туфайли бу жанжал катталашиб кетмади. Можаро чиқувчи ерларга милиция ходимлари ўз вақтида бориб, ўз вақтида болаларни тарқатиб, шуни асосида катта можаро чиқмади. Ҳозир ҳам профилактика ишларини олиб бораяпмиз, -деди Бақит Қашқалиев.

Ҳозирда Тўқмоқ шаҳрида миллатлараро низоларнинг олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилган. Шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Болот Имамадиевга кўра, барча жойларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шаҳарда бунгача қирғиз-дунган муносабатлари муҳокама қилинган йиғинларда икки томон бир-бирга бўлган иддаоларини айтган. Масалан, “масжидлар ҳам қирғизники ёки дунганники, деб бўлиниб қолди, бир-бириникига киритмайди”, “дунган миллатига мансуб баъзи ёшлар бетартиб ишларни қилади”, деган гаплар айтилган.

Қирғизистондаги дунган диаспораси раҳбари, Жўғўрқу Кенеши депутати Бахадир Сулеймановга кўра, айрим иддаоларда жон бор. У ўз миллатдошларини жамоатчиликка аралашиш, жанжалларнинг олдини олиш учун ҳеч бўлмаганда қирғиз тилини ўрганишга чақиради.

Баъзи кузатувчилар Қирғизистонда 4 октябрда ўтадиган парламент сайловлари арафасида қирғизлар ва дунганлар орасида низо келтириб чиқаришдан манфаатдор томонлар борлигидан огоҳлантирмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, 53 минг аҳолиси бор Тўқмоқ шаҳрида 9 минга яқин, норасмий маълумотлар кўра 20 мингдан ортиқ дунган истиқомат қилади. Шаҳар аҳолисининг 24911 нафари қирғиз, 10913 нафари рус, 4556 нафари ўзбеклардир.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қирғизистон Ички ишлар вазири бўйруғи билан шаҳарда миллатлараро низонинг олдини ола билмагани учун Тўқмоқ шаҳар милицияси бошлиғи ва Чуй вилояти Ички ишлар бошқармасининг бир неча масъул лавозимдаги ходимлари ишдан олинган.

XS
SM
MD
LG