Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:52

Калининградда ўзбекистонлик аёл янги туғилган чақалоғидан воз кечди


Калининградда ўзбекистонлик аёл оғир иқтисодий шароити боис янги туғилган чақалоғини бошқа оилага бериб юборди. Терговчилар ҳозирча шифохонада қолаётган болакай яқин орада Россия фуқаролигини олиши ва уни асраб олган оила аъзоларига қайтариб берилишини айтишмоқда.

Август бошларида Калининград шаҳар полиция бўлимларидан бирига маҳаллйи аёл мурожаат қилиб, унинг Сибирякова кўчасидаги квартирасида ижарада турган эр-хотиннинг янги туғилган чақалоғи ғойиб бўлиб қолганини хабар қилди.

Ўзбекистондан иш излаб келган эркак ва аёл шу йилнинг 8 июлида бола кўрган, аммо бироз вақтдан кейин уй эгаси бола йўқолиб қолганига эътибор берган ва полицияга бу ҳақда хабар беришга қарор қилган, дейди Озодликка ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Калининград вилояти полиция бошқармаси Ахборот департаменти раҳбари майор Светлана Поставничая.

- У хавотир олиб, “Бу қанақаси: квартирани ижарага олганда янги туғилган чақалоқ бор эди, бироздан кейин у йўқолиб қолди!” дея полицияга қўнғироқ қилган. Инспекторлар келиб, вазиятни ўрганишиб, чақалоқ аллақачон бошқа оилага берилганини аниқлашди. Она чақалоғини шифохонадан ўзи олиб чиққан экан. Биз катта қийинчилик билан болани олиб кетган калининградликларни топдик, деди полиция вакили Светлана Поставничая.

Полиция ходимидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда эридан бева қолган Зебо (исми ўзгартирилган-таҳр.) ўзидан икки ёш кичик бўлган Нодирбек (исми ўзгартирилган-таҳр.) билан Калининградда танишиб қолган ва бирга яшай бошлаган. Туғилган боланинг отаси 30 яшар Нодирбекнинг Ўзбекистонда оиласи, иккита фарзанди борлиги маълум бўлган. У куни кеча миграция қонунларини бузгани учун Россиядан депортация қилингани, Зебонинг эса 28 август куни расмий қайд муддати тугаётгани боис мамлакатдан чиқиб кетиши зарурлигини билдирди полиция расмийси. Унинг айтишича, бева бўлган бу аёлнинг Ўзбекистонда яна битта фарзанди борлиги аниқланган.

Терговчилар Зебо бола учун пул олгани ўз исботини топмаганини гапирмоқда.

- У бола учун ҳеч қандай пул олмаган. Шунчаки, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган. Гап шундаки, бола туғилганида у аэропортга чипта сотиб олгани борган, аммо унда туғруқхонадан берилган маълумотнома бўлган холос – унда боланинг бўйи, оғирлиги, туғилган санаси кўрсатилган. Унга кассада бу қоғоз билан чақалоқ Россиядан чиқариб юборилмаслиги, у Ўзбекистон элчихонасига Москвага мурожаат қилиши зарурлиги тушунтирилган. Ана шундай вазият билан юзма-юз қолган Зебо болани бировга топшириб кетишга қарор қилган. Одамлар бу аёлни қоралашдан олдин уни тушуниб кўришга ҳаракат қилишсин, деди суҳбатдош.

Калининград туғруқхоналаридан биридан чиққан Зебо муассаса ходимларига “уларни отаси ташлаб кетгани, квартира эгаси уларни кўчага чиқариб юборгани” тўғрисида ўйдирма тўқиган. Шунингдек, муҳожир аёл Тошкентга учиб кетишга 15 минг рубль маблағ кераклиги ва шу пулга у Калининградда беникоҳ туғилган болани ташлаб кетиши мумкинлигига ишора ҳам қилган.

Зебога раҳми келган врачлардан бири унга таниш бўлган бир оила анчадан буён болани асраб олмоқчи эканини айтган. Терговчиларга кўра, 30 июль куни Зебо шаҳарнинг Марказий бозорида калининградлик аёлга болани аравачадан олиб берган. У қуйидаги мазмунда ўзбек тилида тилхат ҳам ёзиб топширган: “Мен, (исми шарифи), боладан воз кечаман ва даъвогарлик қилмаслик мажбуриятини оламан”.

​Кейинги бир ҳафта давомида икки ойлик гўдак бу аёлнинг қарамоғида бўлган. У полициячиларга икки ой давомида қаровсиз бўлган чақалоқ озиб кетгани ва бутун баданига тошма тошганини маълум қилган.

Чақалоқ вақтинчалик давлат қарамоғига олингани айтилди.

- Бола ҳозир вилоят болалар шифохонасида. Инспекторларимиз ва васийлик ташкилоти ходимлари ёрдамида боланинг ҳужжатларини жойига келтириш устида иш олиб борилмоқда, чунки унда бир парча қоғоздан бошқа ҳужжати йўқ. Ўғил бола ҳозирда соппа-соғ – яхши ривожланаяпти, яқин кунларда фуқаролиги белгиланади ва у интизорлик билан кутаётган ўша калининградликлар оиласига қайтарилади. Ахир улар шу вақт ичида унга жуда ўрганиб қолишди! Жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли бечора онага нисбатан ҳеч қандай жазо чораси кўрилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинди, деди Калининград вилояти полиция бошқармаси расмийси Светлана Поставничая.

14 август куни Зебо боласидан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаб берди ва куни кеча Ўзбекистонга жўнаб кетди.

XS
SM
MD
LG