Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

2 миллиард долларлик хазинани қўриб келган Нукус музейи раҳбари ҳимоясига имзо тўпланмоқда


Савицкий коллекциясининг шоҳ асарларидан бири Қорахон мўйқаламига мансуб.
Савицкий коллекциясининг шоҳ асарларидан бири Қорахон мўйқаламига мансуб.

Ўтган жума куни ишдан олинган Нукусдаги Савицкий музейи директори Мариника Бобоназаровани ҳимоя қилаëтган ва коллекция тақдиридан хавотир билдирган ташаббус гуруҳи Тошкентдаги Илҳом театри фойесида пайшанба куни имзо тўплаш тадбири ўтказди.

Бу тадбирга "Plastilin art" ижодий гуруҳи раҳбари Ноила Гариффуллинанинг бош-қош бўлаëгани билдирилди.

Нукус музейининг исми сир қолишни истаган муҳофизларидан бириниг Озодликка билдиришича¸ 27 август пешинга қадар Ўзбекистон Маданият вa Спорт вазири номига ëзилган норозилик хатига 140 киши имзо чеккан.

Ноила Гариффуллинанинг айтишича хатга академик Эдвард Ртвеладзе каби ўнлаб маданият арбоблари ва рассомлар имзо чекишган.

Бундан олдин Мариника Бобаназарованинг ишдан бўшатилишига Нукус музейи жамоаси норозилик билдириб, вазир имзолаган буйруқ остига Бобаназарованиниг лавозимига қайта тикланишини талаб қилган ёзувларни қолдирган эди.

Нукусдаги Қорақалпоқ Давлат cанъат музейи муҳофизи Озодлик радиоси билан суҳбатда музейнинг 86 кишилик меҳнат жамоаси Бобаназаровани қайта тиклаш борасидаги мактубга имзо чеккан.

Таъкидланишича¸ Нукусда жойлашган Савицкий номидаги музей директори ишдан бўшатилиши ортидан "музей талон-тарож бўлиш хавфи остида қолмоқда".

Айнан шундай хавотирни қатор халқаро санъат пешволари ва музейга яқин манбалар билдиришмоқда.

Бобоназаровани Ўзбекистон ва хорижда қўллаб-қувватлаётган санъат шинавандалари Ўзбекистон президенти ва Бош вазири, шунингдек Ўзбекистондаги АҚШ ва Германия элчилари номига ҳам қатор норозилик мактубларини йўллашган.

Озодликка маълум бўлишича Тошкентда НАТОга аъзо давлатлар элчилари бир орага йиғилиб¸ музей тақдирини муҳокама қилишган.

Тафтишчиларнинмг нияти ëмон бўлганмиди?

Озодлик манбаларига кўра¸ жорий йил июнь ойида Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги томонидан тайинланган мутахассис Серик Байбосинов бошчилигида музейда тафтиш олиб борган комиссия Савицкий коллекциясидаги бир неча асарни қалбакисига алмаштирилгани ҳақида хулоса берган.

Манбаларга кўра¸ коммисия хулосасида рассом Қорахоннинг “Женщины, собирающие тюльпаны”¸ рассом Ганнинг “На отдыхе”¸ Надежда Кашина мўйқаламига мансуб “В ауле” асарларининг асл нусха эканига шубҳа билдирилган.

Шуниннгдек¸ комиссия рассом Трусовнинг “Виноградник”¸ Сафроновнинг “Портрет женщины в шляпе” асарини ҳам қалбаки деб топишган.

Манбанинг уқтиришича¸ комиссияга Ўзбекистондаги етакчи мутахассислар жалб қилинган. Маълум бўлишича¸ уларнинг баъзилари бундай экспертизанинг музей раҳбарини ишдан олиш учун атайлаб қилинаëтганидан норози бўлиб, комиссияни тарк этишган.

Музей муҳофизининг айтишича¸ Ўзбекистонда картиналар ҳаққоний ё сохталигини аниқлаш ваколатига эга мутахассислар ва ускуналар йўқ ва бу фақат халқаро экспертлар иштироки билан амалга оширилиши мумкин.

"Уйи бузилаëтган" Мариникадан мужда

Ўтган жума ишдан олинганидан бери “сукут сақлаб келаëтган” Бобоназарова хоним Facebookдаги саҳифасида чоршанба куни чиқиш қилиб¸ ўзининг ишдан четлатилишини "ноқонуний" дея қоралади. У ўз қўли остидаги коллекциядан қимматбаҳо асарларни ўғирлагани ва уларни сохталари билан алмаштиргани борасидаги айбловларни "асоссиз" ва "бемаъни" дея таъкидлади.

Нукус музейи таъмирчиси Шпады Альвина Андреевага кўра, умумий қиймати икки миллиард доллар дея баҳоланган 90 мингдан ошиқ ноёб санъат асарларига эга музейга раҳбарлик қилиб келган Бобоназарова хонимни Қорақалпоғистон Маданият Вазирлиги "мажбуран" бўшатган.

Айни пайтда¸ Бобоназарова ва музейдаги энг сўнгги вазиятни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилаëтган қизига нисбатан таҳдидлар бўлгани билдирилди.

Нукус музейидаги вазиятни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилган камида икки фаол пайшанба куни Қорақалпоғистон прокуратурасига чақирилиб расман огоҳлантирилган.

Шу аснода “ Мариника Бобоназарова истиқомат қилаëтган уйнинг янги трассага яқин бўлгани” сабаб қилиниб бузиб ташланиши ҳақида Нукус шаҳар Бош меъмори қарор чиқарган.

Нукус ҳокимлигидаги Озодлик мухбирига мутахассислар бу қарорнинг “музейдаги бўшатишларга алоқаси йўқлигини “ билдиришди:

- Тасодифан Мариника Маратовнанинг ишдан бўшаши билан уйи бузилиши бир пайтга тўғри келиб қолди. Бу бир-бирига алоқаси бўлмаган қарорлар. Трасса қурилиши режаси бир неча йил олдим маъқулланган¸ дейди Нукус ҳокимлиги қурилиш бўлимининг ўзини таништирмаган мутаҳассиси.

Қорақалпоқ Давлат cанъат музейида Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарлари сақланади.

Мазкур коллекция 1915 йил 4 августида Киевда туғилган¸ 1950 йилда Москвадан Қорақалпоғистонга кўчиб ўтган рассом, этнограф ва санъатшунос Игорь Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида тўпланган. Савицкий коллекцияси Рус ва Туркистон авангард тасвирий санъатининг иккинчи энг йирик коллекцияси ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG