Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:23

"Навоийазот"даги портлашда икки киши жароҳатланди


"Навоийазот" заводида портлашдан сўнг ёнғин келиб чиққан. Сурат навоийлик манба томонидан олинган.
"Навоийазот" заводида портлашдан сўнг ёнғин келиб чиққан. Сурат навоийлик манба томонидан олинган.

Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган "Навоийазот" акциядорлик жамиятининг аммиак ишлаб чиқариш заводида 2 сентябрь куни кучли портлаш содир бўлди. Навоийдан олинган маълумотга кўра, портлаш оқибатида заводнинг икки ходими жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган. Портлаш натижасида келиб чиққан ёнғин ўчирилган. Ҳозирда портлашдан етган зарар ўрганилмоқда.

Воқеа 2 сентябрь куни соат 8 дан 51 дақиқа ўтганда содир бўлган.

“Навоийазот” жамиятидаги Озодлик манбасига кўра, портлаш аммиак ишлаб чиқариш заводининг 1- цехига қарашли бинода рўй берган:

“1-цехга қарашли 302 А бинода жойлашган 4-газ компрессорининг 3-навбатдаги қувуридан умумий қувурга уланган жойда яъни 302 Б биносига ўтган жойдаги оралиқда чақнаш содир бўлган. Шу чақнаш натижасида портлашга ўхшаш нарса бўлган”, деди “Навоийазот”даги манба.

Навоийдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ушбу ҳодиса оқибатида цехнинг икки ишчиси жароҳатланган:

“Собиров Баҳодир Дониёровичнинг бош қисми шиша синиқларидан жароҳатланган. Иккинчиси Фармонов Илҳом Ҳасановичнинг ўнг елка қисмига шиша синиқларидан жароҳат етган”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси.

Ҳозирда жароҳатланган икки ишчи “Навоийазот”га қарашли тиббий муассасага ётқизилган.

Портлаш оқибатида цехдаги аксар техник асбоблар ишдан чиққани ва 30 метр узунликдаги кабел симлари ёниб кетгани боис цех фаолияти тўхтатилгани айтилаяпти.

Ҳозирда воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот ходимлари суриштирув ишларини ўтказмоқда.

“Навоийазот”даги 2 йил аввалги портлаш

Ушбу корхонада 2013 йилнинг 27 июль куни ҳам портлаш содир бўлган эди.

Ацетилен ишлаб чиқариш цехида юз берган иккита портлаш оқибатида заводнинг бир неча цехида иш фаолияти тўхтатилган эди.

Ушбу суратда 2013 йил июлида "Навоийазот" заводида содир бўлган портлашдан кейинги вазият акс этган.
Ушбу суратда 2013 йил июлида "Навоийазот" заводида содир бўлган портлашдан кейинги вазият акс этган.

Портлаш оқибатида 2 киши қурбон бўлган, улардан бири воқеа жойида, яна бири эса шифохонада вафот этганди.

Ўшанда портлаш содир бўлган кезда завод ҳудудида шанбалик бўлгани боис жароҳатланганлар кўп бўлгани хабар қилинган эди.

15 нафар ишчи куйишнинг оғир кўриниши билан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилганди.

Бироқ расмийлар ҳозир ҳам, икки йил аввал ҳам портлаш тафсилотлари ва қурбонлар, жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумотни ошкор қилмаган.

Ўзбекистондаги энг йирик кимё корхонаси

Ўзбекистон кимё саноатининг энг йирик корхонаси ҳисобланадиган “Навоийазот”да минерал ўғитлар, органик синтез маҳсулотлари ва нитрон толаси каби жами 70 хилдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади.

51 йиллик тарихга эга “Навоийазот” қурилиши 1961 йили бошланиб, 1964 йилда корхонада илк бор азот кислотаси ва кислороди ишлаб чиқарилган.

Ҳозирда 10 мингдан зиёд ишчи ишлайдиган ушбу йирик корхона маҳсулотлари ички бозор ва МДҲ ҳамда бошқа хорижий давлатларга тарқатилади.

Ўн кун олдинги ҳодиса

Ўн кун аввал Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи “Янгиер-Тошкент” газ магистралида ҳам кучли портлаш содир бўлган эди.

24 август куни маҳаллий вақт билан соат 21.30да бўлган кучли портлаш оқибатида чиққан ёнғин натижасида Юқоричирчиқ туманининг қарийб 30 минг, Бўстонлиқ туманининг қарийб 8 минг, Паркент туманининг 42 мингга яқин аҳоли хонадонларига газ узатиш тўхтатилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, портлаш оқибатида жабрланганлар бўлмаган, оператив чора-тадбирлар натижасида ёнғин соат 23.40да ўчирилган.

XS
SM
MD
LG