Telegram: Теримчи Озодбек
Телеграмда таниқли хонанда - Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг пахта тераётгани акс этган сурат яна қўлма-қўл бўлмоқда. Баъзи фойдаланувчилар теримчиларга "илҳом бағишлаётган" хонандани олқишламоқда, баъзилари номигагина этак тутиб тушган расмини тарқатиш билан машғул хонандаларни танқид қилмоқда.
Озодбек Назарбековнинг бу сурати қаерда олингани ҳақида Озодликда аниқ маълумот йўқ. Афтидан, бу сурат 2014 йилги пахта терими пайтида олинган. Айни хонанданинг пахтазордаги сурати ўтган йили ҳам ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлган.
Telegram: Самарқандда талабалар пахтага жўнатилди
Озодликка бу вилоятда талабаларни пахтага жўнатиш манзараси акс этган суратлар келди. Қуйида улардан баъзиларини томоша қилинг:
Facebook: Пахтага "боролмайдиганлар" неча сўм бериши керак?
Ижтимоий тармоқларда пахта теримига "маълум сабабларга кўра боролмайдиган" талабалардан олинаётган пул миқдорига оид баҳс қизигандан қизиб бормоқда.
Қуйида Facebook тармоғида қолдирилган постлардан баъзиларини ўқинг:
"Andijon qishloq xo'jalik instituti talabasi aytishicha paxtadan olib qolish uchun $200 so'rashgan. O'sha talaba kecha paxtaga jo'nab ketdi".
"O'zbekiston davlat jahon tillari universiteti o'qituvchilari uchun paxtaga bormaslik stavkasi 800 ming so'm".
"Toshkent davlat sharqshunoslik instituti... hasharga borishga imkoni yo'q bechoralar 700 ming so'mdan yordam puli berishlari so'ralgan".
Facebook: Шарқшунослик талабалари пахтани Миришкорда теради
Ижтимоий тармоққа ёзган талабалардан бирининг бу хабари кўпчилик учун янгилик бўлди. Тошкент давлат Шарқшунослик институти Ўзбекистонда Мустақиллик йилларидан буён қарийб пахта теримига чиқарилмаган олий ўқув юртларидан биридир.
"Ertaga tongda Toshkent davlat sharqshunoslik instituti talabalari Jizzax viloyatining Zarbdor tumanidagi mirishkor dehqonlarga paxta hosilini yig'ib olishda yordam berish uchun "hashar"ga jo'nab ketishadi. Hasharga borishga imkoni yo'q bechoralar 700 ming so'mdan yordam puli berishlari so'ralgan"
Яъни, теримга чиқа олмайдиганлар (институт талабаларининг қарийб ҳаммаси :)) 700 минг сўмдан пул берса, теримга бориш мажбуриятидан озод қилинади.