Бойкотга қарамай Ўзбекистон 1 миллиард долларлик пахта сотмоқчи
Тошкентда бошланган Халқаро пахта ярмаркасида Ўзбекистон 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқроққа тенг пахта толасини сотмоқчи.
13-14 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ярмаркада, ҳукумат расмийларининг билдиришича, жорий йилги мавсумда тайёрланадиган 600 минг тоннадан ортиқроқ пахта толаси сотувга қўйилади. Тошкент ҳукумати ташкил қиладиган йиллик тадбирда бу сафар 40 мамлакатдан 300дан ошиқ ширкат вакиллари иштирок этиши айтилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган йирик ширкатлар сафи ҳам кенгаймоқда.
Target, Walmart, C&A, Marks&Spencer, IKEA, H&M, Tesco каби дунёнинг 150дан ошиқ етакчи чакана савдо тармоғи ўз маҳсулотларида ўзбек пахтаси ишлатилишидан воз кечган.
Халқаро ташкилотлар танқидига қарамасдан Пахта-2014 кампанияси давомида ҳам юз минглаб ўзбекистонликлар мажбуран пахтага чиқарилди. Ҳатто Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшга тўлмаганлар пахтага чиқарилмаслигини ваъда қилган бўлса-да мактаб ўқувчиларининг пахта даласига ҳайдалгани кузатилди.
***********************************************************************************************
Муҳим эслатма: “Теримчидан Telegram” жонли блоги остида жамланаётган хабарлар, шарҳлар, постлар, фото ва видео материалларнинг аксарияти ижтимоий тармоқлардан олинмоқда. Ушбу блогда берилаётган маълумотлар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
2015 йилги пахта теримида қайд этилган илк мактаб боласи
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева пахтага ихтисослашмаган туманда бу йил ҳосил озлиги, шунга қарамай ҳашарчиларга 60 кило норма қўйилганини хабар қилди.
Фаол пахта тераётганлар "бюджетчилар" орасида "ота-онасига кўмаклашаётган болалар"ни кўрганини ҳам қайд этди.
Урлаеванинг айтишича, теримга чиқарилганларнинг асосий қисмини давлатдан пенсия, бола пули ва ойлик олиб ишлайдиган ҳашарчилар ташкил қилмоқда:
- Мен Қуйичирчиқ туманида мониторинг ўтказдим. У ерда пахта далаларида мажбурий равишда медиклар, ўқитувчилар пахта тераётганини кузатдик. Мисол учун, "Отажонов" жамоа хўжалиги пахтазорларидаги теримчилар орасида болалар бор эди. Афтидан улар, ота-онасига ёрдам беришаётганди. Лекин, бу ҳолатга шанба куни тушгача гувоҳ бўлганим учун улар дарсни ташлаб, теримга чиққанини эҳтимолдан соқит қилмайман, - деди Елена Уралева.
Болалар ўрнига катталар мажбурий меҳнати
Ўзбекистон ҳукумати кучли халқаро босимлар ортидан 18 ëшга тўлмаган болаларни оммавий тарзда пахта теримига ҳайдаш сиëсатидан воз кечишга мажбур қолгани ортидан, пахта юки биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.
Оқибатда, кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.
Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти икки йилдан бери Ўзбекистонда пахта йиғими жараёнини мониторинг қилиб, болалар меҳнати муаммоси борлигини аниқлай олмаётганига қарамасдан, 2014 йилги пахта йиғим-терими давомида айрим вилоятларда 18 ёшга тўлмаган ўқувчиларнинг мажбуран далага чиқарилгани кузатилди.
ЎзМУнинг талабалари ҳам бу йил пахтага чиқади
15 сентябрдан Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат Техника университети, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети талабалари Жиззах вилоятининг Жиззах, Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой туманларига, Тошкент давлат Аграр университети талабалари эса Сирдарё вилоятининг Оқ олтин, Сардоба ва Боёвут туманларига пахта терими учун сафарбар қилинади.
Озодлик радиосининг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги манбасига кўра, дастлабки босқичда олий ўқув юртларининг 2, 3, 4-босқич талабалари бир ойлик муддатга ҳашарга жалб қилинади.
Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳозирча 1-курс талабаларини пахтага сафарбар қилмаслик ҳақида кўрсатма берган.