“Бунёдкор” ҳам пахтакор
Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби мамлакат биринчилигидаги танаффусдан фойдаланиб, пахта теримида қатнашиб қайтди.
Бу ҳақда хабар қилган ўзбек нашрларининг ёзишича, “Бунёдкор”дан бўлган пахтакорлар Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган “Дўстлик” фермер хўжалигида пахта терганлар. Бир кунгагина пахтакорга айланган бунёдкорчилар орасида хорижлик ўйинчилар ҳам борлиги айтилмоқда.
Расмий Тошкент мамлакат аҳолисини пахта теримига ташвиқ қилиш мақсадида машҳурларни далага жалб қилиб туради. Аввалроқ Озодлик муштарийлари бу йилги пахта теримига кино ва театр артистлари, таниқли хонандалар жалб қилинганига гувоҳ бўлгандилар.
Теримчи ошпазлар ёғни ёқиб юборишди, шийпонга ўт кетишига сал қолди
Коллеж ўқувчиси: Салом, менда бир савол бор эди. Коллеждан мажбурий пахтага жўнатилган танишим соғлиги тўғри келмаслиги сабаб уни ошпазликда қолдиришган. Бугун у ва дугонаси теримчиларга овқат қилаётиб ёғни ёқиб юборишган. Қиз болаларни қўлидан ҳеч нарса келмаган. Ёғ ёниб тугагач қозон ёрилиб, таги тешилган. Энди домлалар улардан ёғ ва қозонни пулини тўлашни талаб қилишяпти. Менимча пахта штабида ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилиши керак. Бунинг учун штаб бошлиғи жавоб бериши керак. Бу вазиятда ким айбор?
Тошкентлик имомлар Жиззах далаларида пахта термоқда
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги масжидлар ходимлари Жиззах далаларида пахта термоқда. "Шайх Зайниддин" жоме масжидининг матбуот ҳизмати “бир гуруҳ вакилларимиз Жиззах вилоятидаги пахта йиғим-теримида иштирок этиб, мамлакатимиз пахта хирмонига ўз улушини қўшишмоқда”, - деб билдирди.
Қашқадарёда 6-синф ўқувчилари ҳам пахта термоқда
Қашқадарёнинг Касби туманида 6-синф ўқувчилари ҳам пахта термоқда. Бу ҳақда қашқадарёлик ўқитувчи ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага гапириб берди: - Икки ҳафтадан ошди, мактаб ёпилган. Кичкина болалар мактабни ташлаб пахтага чиқишлари жуда ачинарли холат, - дейди исми сир қолишини истаган қашқадарёлик ўқитувчи.