Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Чорку расмийлари: Мусиқа бўлмаса, тўй ҳам бўлмайди


Тожикистоннинг консерватив Чорку қишлоғида кўп йиллардан бери тўй-томошага ёмон назар билан қаралиб, уларнинг ўрнини кўпинча муллаларнинг исломий ваъзлари эгаллаб келади.

Эндликда бу анъана ўз якунини топиши мумкин.

Исломий удумлар кенг тарқалганидан хавотирга тушган қишлоқ расмийлари тўйларда хизмат қиладиган мусиқий гуруҳ ташкил этишди ва янги қоида таъсис қилишди: Мусиқа бўлмаса, тўй ҳам бўлмайди.

Расмийларнинг айтишича,бирор мусиқий гуруҳдан тасдиқ қоғози бўлмаса, ҳеч ким ЗАГСда рўйхатга олинмайди.

Қишлоқ раиси ўринбосари Исомиддин Холиқов Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда: “Муллалар таъсирида жамиятимиз вайрон бўлишига оз қолди”, деди.

Президент Эмомали Раҳмон ҳукумати Ислом динининг ошиб бораётган таъсиридан хавотирда бўлиб, ўз назарида диний экстремизмдан дарак бериши мумкин бўлган ҳар қандай белгига тоқатсизлик билан қарайди.

Холиқовнинг айтишича, кейиннги йилларда Чоркуда тўй маросимлари дафн маросимларига ўхшаб қолган.

“Бу ёз биз мусиқий асбоб, микрофон ва бошқа керакли мосламаларни сотиб олиш учун 2 500 доллар сарфладик. Оилалар бир ой аввал гуруҳга хабар бериши ва ҳақини олдиндан тўлаши керак”, деди қишлоқ бошчиси ўринбосари.

Чоркуликлар расмийлар ташкил қилган мусиқий гуруҳни чақиришга мажбур эмаслар. Расмийларнинг айтишича, уларнинг ягона мақсади тўйларнинг бахтли, қувноқ ва дунёвий тарзда ўтказилишига эришишдир. Шунинг учун маҳаллий аҳоли бошқа мусиқий гуруҳларни чақирса ҳам бўлаверади.

Шу ёз ташкил этилган мусиқий гуруҳнинг ҳам номи “Чорку” бўлиб, унинг уч аъзоси бор. Холиқов “Чоркуда профессионал мусиқачилар йўқлиги сабаб” гуруҳнинг аъзолари бошқа қишлоқлардан олиб келинганини айтди.

“Чорку” ҳукуматдан субсидия олади ва фуқароларнинг оммавий функцияларини назорат қилувчи қонунга биноан икки-уч соат давом этадиган тўй учун200 сомоний (тақрибан 30 доллар) олади.

Оила қашшоқ бўлса ёки куёв армияда хизмат қилган бўлса, гуруҳ бепул ижро этади.

Тожикистон қишлоқларида тўй маросимлари асосан уй ҳовлисида ва, айниқса кейинги йилларда, хусусий тўйхоналарда ўтказилади.

Кейинги йилларда тўйхоналар мўмай даромад манбаига айланган. Тўйхоналарда Тожикистоннинг анъанавий тўй мавсуми давомида, яъни юз минглаб муҳожир Россиядан қайтадиган куз ва қиш ойларида айниқса кўп даромад тушади.

Айрим тўйхоналарда овқат ва мусиқа ҳам бор.

Куёв ва келин одатда ҳаммага кўринадиган столда ўтиради. У ерда тўй торти кесилади ва меҳмонларга улашилади.

Аммо Чоркуда кейинги пайтда тўйлар жуда тинч маросимга айланган. У ерда одатда бошига катта рўмол ташлаб олган келинни аёл қариндошлари сукут сақлаб куёвнинг уйига элтиб қўяди. Куёв эса эркак меҳмонлар орасида ўтиради.

Тўй давомида уйда аёллар учун алоҳида, эркаклар учун алоҳида хона ажратилади. Тожикистонда маҳаллий урф-одатларни ўрганиб келаётган тожик олими Олимбой Соҳибовнинг айтишича, Чоркуда бу удумларни хуш кўрмайдиганлар кўп.

Соҳивобга кўра, айрим ота-оналар фарзандлари тўйларини куй ва рақс билан ўтказишни хоҳлайди, аммо мусиқадан тийилишни маслаҳат берувчи муллалар таъсири сабаб иккиланади.

Чорку расмийлари янги тузилган мусиқий гуруҳ эски удумлардан воз кечишни хоҳлаб келаётган оилаларни хурсанд қилишини айтишмоқда.

“Бу йил жамиятда ўзгариш кузатдик. Тўйлар борган сари қувноқ маросимларга айланиб боряпти”, дейди Холиқов.

Урф-одатдан воз кечишни истамаётганлар аллақачон янги қонунни четлаб ўтиш йўлларини изламоқдалар.

Исми ошкор қилинишни истамаган Чорку турғунининг айтишича, “Замонавий тўй ўтказишни хоҳламайдиганларнинг айримлари мусиқий гуруҳга тўлаб, ЗАГСда кўрсатиш учун улардан тасдиқ қоғозини олишмоқда ва “Тўйга келмасангиз ҳам бўлаверади”, дейишмоқда”.

40 мингга яқин аҳолиси бўлган Чорку 2000 йиллар бошида бир неча турғуни ман қилинган

Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликда айбланиб қўлга олинганидан бери мунтазам равишда назорат қилиниб келади.

Чорку аҳли ҳатто совет даврида ҳам ўзининг қатъий исломий урф-одатлари билан ном чиқарган бўлган. Яқинда ман қилинган Тожикистонда Ислом уйғониш партияси аъзолари ва партияни қўлловчилар орасида чоркуликлар кўп бўлган.

XS
SM
MD
LG