Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:29

Қирғиз қизиқчилари 120 депутатни "Отам бой"нинг қўйларига ўхшатишди


Борончу Қудайбергенов ва Тинар Қурбаналиев сиёсий сатира йўналишида ишлаётган қизиқчилардир.
Борончу Қудайбергенов ва Тинар Қурбаналиев сиёсий сатира йўналишида ишлаётган қизиқчилардир.

Қирғиз қизиқчиларининг мамлакат сиёсий элитасини кулги қилган “120 қўй” тўғрисидаги саҳна кўриниши жамоатчилик орасида турли баҳсларга сабаб бўлди. Томошабинлар орасида қизиқчиларнинг хавфсизлигидан ташвиш билдирганлар ҳам бор. Бироқ қизиқчилар сиёсатчиларнинг асосий қисми бу томошани ижобий қабул қилганини айтмоқда.

- Ҳудога шукур Отамдан қолган мол бор. Отам бой, 120 қўй қилиб берган.

- Атига бир юз йигирматами?

- Ўзи 5 миллион. Ундан 120сини алоҳида боқаман.

Бу қирғиз қизиқчилари - чўпон ролидаги Борончу Қудайберген ҳамда журналист ролини ўйнаган Тинар Қурбаналиев намойиш этган саҳна кўринишида айтилган сўзлар эди.

Озодлик тингловчисига тушунарлироқ бўлиши учун айтиш жоизки, Қирғизистонда 5 миллондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, мамлакатда парламенти эса 120 депутатдан иборат. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевдир.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазиятни танқид қилишдан бошланган 15 минутлик саҳана кўриниши давомида қизиқчилар мамлакатнинг энг нуфузли сиёсатчиларини ўткир юмор ва сатира билан қаттиқ танқид қилган.

Мазкур сатира муаллифларидан бири Борончу Қудайбергенов саҳна кўринишида тилга олинган сиёсатчилардан айримларигина қизиқчилардан норози бўлганини айтди.

- Икки депутат тўйда мен билан учрашиб қолиб: “Сизлар бизни молга тенглаштирдинглар, янчилиб кетасан. Унақа бўласан, бунақа бўласан”,деган сўзларни айтишди. Яна бошқа биров: “Сизларни қаматиб юбориш осон эди, ҳозир туҳмат қилиб, қаматиб қўйиш осон иш”, деди. Бошқа катта сиёсатчилардан қўрқитиш бўлмади, -дер экан, Борончу Қудайбергенов шу саҳна кўринишидан кейин амалдорлар келувчи тўйларга кам чақирилаётганини қўшимча қилди.

“120 қўй ва така” сатирасидан кейин халқ орасида муаллифлардан бири Тинар Қурбаналиевни "калтаклаб кетишибди, қамаб қўйишибди” каби сўзлар тарқалди. Қурбаналиевнинг ўзи бу сўзлар ёлғон эканини ва саҳна кўринишини сиёсатчилар ижобий қабул қилгани айтади.

- Бу тўғрисида ҳеч кимдан менга таҳдид ёки босим бўлмади. Сатирада журналист ва чўпон ўртасидагина суҳбат бўлган. Мени ҳеч ким қўрқитмади, калтакламади. Аксинча, айрим сиёсатчилар билан учрашиб қолганимда яхши саҳна кўриниши бўлганини айтиб юришибди,- дейди Тинар Қурбаналиев.

Яна бир қизиқчи Абдилда Иманкулов ҳам сиёсий сатира йўналишида ижод қилади. Унга кўра, сиёсий мавзуларни тилга олганидан буён ҳеч ким унга босим кўрсатмаган. Бироқ унинг ижодига норасмий тарзда тўсқинликлар қилинаётгани сезилади.

- Буни тушунганлар бор, тушунмаганлар бор. Ҳафа бўлиб юрганлар ҳам бўлиши мумкин. Улар бу борада менга айтишмаган. Бироқ концертларни ўтказиш ёки бошқа тадбирларда қатнашишимга қаршиликлар бўлган. Булар майда-чуйда ишлар-да, - дейди Абдилда Иманқулов.

Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Равшан Жээнбеков сиёсий сатира барча демократик давлатларда яхши ўзлаштирилганини айтади. Унга кўра, ўзи ҳам демократ сифатида қизиқчилар томошасини тўғри қабул қилган.

- Германия, Англия, Японияга ўхшаган мамлакатларда сиёсий сатира сиёсатчиларни танқид қилишнинг асосий усулларидан бўлиб ҳисобланади. Бу халққа ёққан, қизиқ мавзу. Мен бундай тамошага чидаб, қабул қиламан. Ростдан ҳам бу яхши кўриниш. Бироқ имкони борича маданият билан, одамни ортиқча масхара қилмайдиган томоша бўлиши шарт. Ўсиб келаётган демократик ўлка сифатида сиёсатчилар, ҳукумат раҳбарлари сиёсий сатирани тўғри қабул қилишга ўрганишимиз керак, - дейди Равшан Жээнбеков.

Айни пайтда мутаҳасислар қирғиз саҳнасида сиёсий сатира ва уни қабул қилиш маданияти яхши ривожланмаганини айтишади.

XS
SM
MD
LG