Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:26

Афғонистонлик баччабозни дўппослаган америкалик офицер жазоланди


АҚШ ҳарбийларини томоша қилаётган афғон болалар.
АҚШ ҳарбийларини томоша қилаётган афғон болалар.

АҚШ ҳарбий офицерлари афғон мудофаа кучлари аскарлари томонидан болаларнинг зўрланишини тўхтатишга урингани учун жазоланаётгани ҳақидаги хабарлар кўпчилик норозилигига сабаб бўлди, аммо 21 сентябрь куни Оқ уй ва Пентагон бу масала бўйича ўз позициясини ўзгартирмаслигини билдирди.

Оқ уй икки америкалик ҳарбийнинг ёш болага жинсий тажовуз қилаётганларни тўхтатишга урингани учун жазога тортилгани ҳақида The New York Times газетасида чоп этилган ҳисоботдан “чуқур ташвишда” эканлигини билдирди.

“Бу тариқа сексуал эксплуатация Афғонистон қонунлари ва Афғонистоннинг халқаро мажбуриятларига зиддир”, деди Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест.

Аммо Оқ уй ва Пентагон АҚШ армиясининг аралашмаслик сиёсатини ўзгартиришдан бош тортмоқда. Бу бўлса жинсий тажовузкорлик қилувчиларни жазолаш ёки жазоламасликни Афғонистон ҳукумати изм-ихтиёрига топширади. Аммо Афғонистон ҳукумати болаларнинг зўрланишига оид кўплаб ҳолатларга чора кўрмай келмоқда.

The New York Timesда чоп этилган ҳисоботда ёзилишича, собиқ махсус кучлар капитани Дан Куин ёш болани жинсий қул сифатида сақлаган афғон қўмондонини дўппослаган. Натижада Куин ҳарбий хизматдан озод қилинган ва Афғонистондан чақириб олинган.

Куиннинг айтишича, АҚШ ҳарбий қўмондонлари америкалик ҳарбийларга афғон ҳамкасбларининг болаларга жинсий тажовуз қилишига эътибор бермасликни буюрган. Америкалик қўмондонлар бу ҳолат маданият билан боғлиқ масала эканлигини ҳамда уни тўхтатишга уриниш маҳаллий ҳукуматни заифлантириши мумкинлигини айтишган.

АҚШ армияси шу кунда яна бир ҳарбий – 1-тоифадаги сержант Чарльз Мартландни ҳам Дан Куинга қўшилиб, афғон аскарини ургани учун 1 ноябрдан истеъфога чиқаришни режаламоқда.

Мартланд карьерасини сақлаб қолиш учун Пентагон ишига аралашишга уринаётган АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзоси Дункан Ҳантер: “Армия Мартланд ва бошқалар бу нарсага эътибор бермаслиги керак бўлган, деб ҳисоблайди”, деди.

Ҳантер Мудофаа вазири Эштон Картердан бу ишни қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.

Жош Эрнест “болаларнинг эксплуатация қилиниши билан курашиш АҚШ ҳукумати учун муҳим бўлса-да”, Оқ уй бу каби ҳолатларни ҳал қилиш Пентагон қўлида эканлигига ишонишини айтди. Эрнестга кўра, Оқ уйнинг бундай фикрлашига сабаб бунақа ҳолатларнинг ҳарбий амалиётлар қоидалари ҳамда америкалик ва афғонистонлик ҳарбийларнинг алоқасини бошқариб турувчи мавжуд тизимлар билан боғлиқ экалигидир.

The New York Times мақоласида ёзилишича, Афғонистондаги Америка қўмондонлиги матбуот котиби полковник Брайан Трибус: “Умуман олганда, Афғонистон армияси ёки полицияси ходимларининг ёш болаларга жинсий тажовуз қилгани ҳақидаги айбловлар Афғонистоннинг ички жиноий қонунлари асосида кўриб чиқилади”, деган.

Бу қарашни 21 сентябрь куни Пентагон матбуот котиби капитан Жефф Дэвис такрорлади.

“Ўша мақолада таърифланган ҳолатларни ўта жирканч деб ҳисоблаймиз”, деди Дэвис. Аммо “жирканч бўлса-да, аслини олганда бу Афғон ҳуқуқ-тартибот идоралари кўриб чиқадиган ишдир”.

Дэвис яна Пентагон ўз қўшинларини афғон расмийларининг ёш болаларни зўрлашига эътибор бермасликка чақиришини инкор этди.

Афғонистондаги энг олий НАТО қўмондони америкалик генерал Жон Кэмпбелл ҳам 22 сентябрь куни Пентагонда бунақа сиёсат борлигини рад этди.

Генерал Кэмпбелл: “Жиноятчи ёки жабрланувчи ким бўлишидан қатъи назар, жинсий тажовузкорлик содир бўлгани ҳақидаги ҳар қандай шубҳа тезкорлик билан ҳарбий иерархия бўйлаб хабар қилинишини” талаб қилишини айтди.

“Агар зўрлашда афғонлар иштирок этган бўлса, менга амалиётлар каналлари бўйлаб хабар юборилиши керак. Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматига хабар етказиб, чора кўрилишини сўрашимиз учун хабарнинг нусхаси ҳарбий прокурорга ҳам жўнатилиши керак”, деди генерал Кэмпбелл.

Генерал бу масалани Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан муҳокама қилганини қўшимча қилди.

Афғонистон ҳукумати мамлакат шимолида узун тарихга эга бўлган баччабозликка барҳам беришга уриниб келади. Баччабозлик удумида ёш болалар қизлар кийимини кийиб, эркак мижозлари учун рақсга тушади. Айрим ҳолларда бу болалар бой ва нуфузли кишиларнинг, кўпинча собиқ ҳарбий қўмондонларнинг жинсий қулига айланади.

АҚШ Давлат департаменти июль ойида одам савдоси бўйича эълон қилган ҳисоботида баччабозликни тилга олди ва АҚШ ҳукумати бу иллат билан етарлича курашмаётганини таъкидлади. Ҳисоботда ёзилишича, баччабозлар кўп ҳолларда қўлга олинмайди ва расмийларга пора бериб, жазосиз қолади.

АҚШ конгрессининг бир неча аъзоси Пентагондан баччабозлик билан курашиш учун кўпроқ чора кўришга чақирмоқда.

Вакиллар палатаси аъзоси Верн Бучанан: “Агар Пентагон аскарларимизга бундай ёввойи ва ёвуз ҳаракатга эътибор бермасликни айтаётган бўлса, бунинг ўзи жуда ёмон. Аммо буни тўхтатишга уринаётганларни жазоласак – бундан ҳам ёмон”, деди.

“Аслида бу тариқа аҳлоқсиз ва ёвуз хатти-ҳаракатни ўйлаб топган ҳамда унга кўз юмганлар жазоланиши керак”, дея қўшимча қилди Бучанан.

The New York Times, Reuters, AP, dpa хабарлари асосида тайёрланган Озод Европа/Озодлик радиоси мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG