Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:26

Тошкентдаги АҚШ элчихонасига "Молотов коктейли" отилди


Тошкентдаги АҚШ элчихонаси
Тошкентдаги АҚШ элчихонаси

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига 28 сентябрь куни тонгги 7.30 лар атрофида иккита “Молотов коктейли” отилди. Бу ҳақда хабар тарқатган АҚШ элчихонасига кўра, элчихона ҳовлисига ирғитилган “ёнувчан мосламаларнинг бири портлаган”. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2004 йилда ҳам ҳужумга учраган ва камида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган.

АҚШ элчихонаси матбуот вакили Нателла Свистунованинг Озодликка айтишича, ҳодиса элчихонанинг иш соатларидан аввал рўй берган ва аксар ходимлар портлаш пайтида бинода бўлмаган.

- Мен шахсан портлашни эшитганим йўқ. Ҳодиса 7.30ларда рўй берди. Элчихона дарҳол ёпилди, кейин соат 8.30да қайта очилди. Бизнинг иш вақтимиз 9.00да бошланади. Ҳодиса пайтида элчихона ходимларининг аксари бинода бўлмаган,- деди АҚШ элчихонаси расмийси.

Унинг айтишича, номаълум ҳужумчи девор ортидан элчихона ҳовлисига отган ёнувчан мосламалардан бири портлаган:

- Портлашда ҳеч ким жароҳатлангани йўқ. Элчихона қайта очилди ва кундалик фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳозирда америкаликларга ва ёки Америка манфаатларига нисбатан аниқ таҳдидга доир маълумот йўқ. АҚШ элчихонасига келганлар мазкур ҳодиса ортидан хавфсизлик чоралари кучайтирилганини кўриши мумкин. Ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда ва АҚШ элчихонаси маҳаллий расмийлар билан ҳамкорлик қилмоқда,- дея расмий хабарни ўқиб эшиттирди дипломатик ваколатхона расмийси Нателла Свистунова.

АҚШ элчихонаси вакили ҳозирча расмий хабарномада келтирилган тафсилотларга қўшимча маълумот бера олмаслигини ҳам алоҳида қайд этди.

28 сентябрь кунги ҳодиса учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.

Энг қизиғи, АҚШ элчихонаси ҳодиса юзасидан олиб борилаётган терговда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини айтаётганига қарамасдан, на Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси, на элчихона жойлашган Юнусобод тумани милицияси душанба куни рўй берган ҳодисадан хабари борлигини билдирди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчиси Озодлик билан суҳбатда АҚШ элчихонасида рўй берган ҳодисадан бехабар экани, тафсилотларни суриштириш учун ярим соат вақт беришни илтимос қилди. Озодлик мухбири бир соатдан кейин қайта қўнғироқ қилганидан кейин ҳам бунга оид маълмуотларни қўлга кирита олмаганини билдирди шаҳар милицияси навбатчиси.

- Демак, ҳозир сиз айтувмидиз, АҚШ элчихонасида портлаш рўй берди, деб? Бизда унақа информация йўқ экан. Мен ҳамма ёқни суриштириб чиқдим. Энди бизада ҳар хил хизматлар бор. Балки, улар (АҚШ элчихонаси-таҳр.) ўзларини қўриқлайди, деб айтишмагандирда. АҚШ элчихонаси ўзлари қўриқлайдику, ички маълумот бўлса, бизага айтишмайди. Тўғриси, ундан хабаримиз йўқ, - деди Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчиси.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2004 йил 30 июль куни ҳам ҳужум уюштирилган. 11 йил аввал АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратурасида бир пайтнинг ўзида худкушлар тарафидан содир этилган портлашларда камида икки одам ҳалок бўлган ва ўндан ортиқ одам жароҳатланган эди.

2004 йилги портлашлар учун масъулиятни “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”га алоқадор “Исломий жиҳод иттиҳоди” гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Ўтган асрдан бери АҚШ элчихоналарига 40дан ошиқ катта ва кичик ҳужумлар уюштирилган. Шулардан энг йириги 1998 йил 7 август куни АҚШнинг Кения ва Танзаниядаги элчихоналари олдида Ал-Қойда террор гуруҳи томонидан амалга оширилган эди. Кения пойтахти Найробидаги портлашда 213 киши, Танзания пойтахти Дар Ус Саломда эса 11 одам ҳалок бўлган эди.

2012 йил 11 сентябрь куни Ливиянинг Бенғази шаҳридаги АҚШ консуллигига қилинган ҳужум оқибатида 4 дипломат, жумладан, АҚШнинг бу мамлакатдаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG