Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:38

Ўшда этник ўзбек ижодкорлар асарлари тўплами нашр этилди


Ўшлик ўзбек ижодкорлар тўпламига "Адабиёт гулшани", деб ном берилди.
Ўшлик ўзбек ижодкорлар тўпламига "Адабиёт гулшани", деб ном берилди.

Ўшда қирғизистонлик ўзбек ижодкорларининг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Адабиёт гулшани” деб номланган адабий тўплам чоп этилди. Қирғизистонлик 57 ижодкор тўғрисида маълумотлар келтирилган бу китоб молиявий қийинчиликлар сабабли фақат 400 нусхада чоп этилди.

Қирғизистонда ўзбек тилида ижод қилаётган ўзбекзабон шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ва ҳаёти хақидаги маълумотларни жамлаган тўплам ўшлик педагогика фанлари номзоди, доцент Равшанбек Турсунов ташаббуси билан чоп этилган. Китобда 57 шоир ва ёзувчи тўғрисида маълумотлар бор.

Равшанбек домлага кўра, китобни нашр этишга ҳомий топилмаган, бироқ шундай бўлса-да у ўз шогирди Даврон Мўйдинов билан китобнинг биринчи томини нашр эттирган:

- Китобга материал йиғишда кўплаб янги ижодкорларни танидик. Биз беш-олти ижодкорнигина танир эканмиз. Лекин олисги Олабуқа, Лайлак районида, Боткен, Жалолобод областларидан келган шеърлар орасида ҳақиқий санъаткарона ёзилган шеърларнинг борлиги бизни ажаблантирди. Биз доимий ўқиб юрган ижодкорларимиз мендан ҳафа бўлмайди, ўша шеърлардан ҳам бошқачароқ шеърларда ўзига ҳос овозни учратдик. Бу бизни хурсанд қилди. Чекка-чекалар, районларда, қишлоқларда яна кўп ижодкорлар бордур, биз уларни билмасмиз. Агар биз уларни бу китобга киритолмаган бўлсак, улардан узур сўраймиз. Улар шу китоб билан танишган ҳолда иккинчи китобга ўз материалларини жўнатади, деган умиддамиз, -дер экан Равшанбек Турсунов китоб тақдимот маросимида иккинчи китобни чоп қилишга Ўш давлат дорилфунуни раҳбарияти кўмак кўрсатишни ваъда қилганини қўшимча қилди.

Китобга сўз боши ёзган доцент Саидакбар Махсумхонов китоб мазмуни тўғрисида гапирар экан, китобда ўрин олган 57 ижодкор орасида жаҳон аренасига чиққан ижодкорлар Шавкат Раҳмон, Турсунбой Адашбоев, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Авлиёхон Эшон каби машҳур ижодкорлар билан бирга ёш хаваскор шоирлар ҳам борлигини айтди. Шу сабабли ҳам китоб сўз бошига сарлавҳа сифатида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Вохидов мисраси: “Ҳар кўнгил арзани айтур, неки бор имконида”, деб сарлавха қўйилган.

- Қирғизистон шароитида яшаб, катта ўзбек адабиётидан ажралган ҳолда яшаб ижод қилишнинг ўзи катта бир фидоийлик деб тушунаман мен. Фидоийлик десак бўлади. Адабиётга, ўзбек адабиётига, ўзбек халқига бўлган ҳурмат, муҳаббатни белгиси сифатида қарашимиз мумкин. Тўғри, китобни варақласангиз айрим шеърлар, айрим ҳикоялар бор. “Шу ҳам шеърми, шу ҳам ҳикоями?”, - дейиши мумкин нозик таб китобхон, нозик таб ўқувчи. Лекин борини саралаб беришга харакат қилишди. Ва биз ҳам сараланган ижод намуналарини қўлимиздан келганича тахрир қилиб китобга киритдик, - деди Саидакбар Махсумхонов.

Ўрни келганда айтиш жоизки, Ўшда ўзбек ижодкорларининг “Илҳом” ижодий уюшмаси фаолият кўрсатади. Бир неча йиллар аввал уюшма ижодкорлари ҳам қирғизистонлик ўзбек ижодкорлари тўпламини нашр эттиришга ҳаракат қилган. Бироқ моддий қийинчилик сабабли бу иш амалга оширилмаган эди.

1960 йилда ташкил қилинган “Илҳом” ижодий уюшмаси ўтган вақт мобайнида турли сабабларга кўра ўз фаолиятини бир неча бор тўхтатиб, қайта тикланган.

- Бугунги кунда “Илҳом” уюшмаси фаолият кўрсатябти. Ҳозирги кунда “Илҳом” ойда бир марта ўз машғулотларини олиб бораяпти. Ўш шаҳри, Жалолобод,Ўш вилоятларида яшаб қалам тебратаётган ижодкорлар қатнашиб турибди. 2012 йили рўйхат тузганимизда йигирмадан ортиқ ижодкор келиб, уюшмамизга аъзо бўлган, -дейди “Илҳом” уюшмаси раиси, ўшлик таниқли шоир Аъзам Раҳим.

XS
SM
MD
LG