Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:28

Ўзбекистонда бу йил аҳоли жон бошига 7 килодан кўмир сотилади


Ўзбекистон пойтахтида иситиш мавсуми бошланди. Тошкент ҳокими фармойишига биноан, шаҳардаги кўп қаватли уйларга 23 октябрдан бошлаб иссиқлик берилади.

Пойтахтдаги уйлар иситила бошлайдиган куни мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин совийди. Синоптикларига кўра, 23 – 25 октябрь кунлари Ўзбекистон бўйлаб тунги ҳарорат ўртача 0 дан +2 гача, баъзи ҳудудларда -2 гача совиши кутилмоқда.

Бошланган “аттанг ойи” тез кунда қаҳратон қишга уланиб кетадики, мухбиримиз совуқ мавсумга ҳукумат ва оддий ўзбекистонликлар қанчалик тайёр эканлигига қизиқди.

"Ўзбеккўмир" мақтанди

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов иситиш мавсумини бошлашга оид фармойишини имзолаган 21 октябрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Носиржон Умаров Ўзбекистон бўйлаб кўмир брикети ишлаб чиқарадиган 30 дан ортиқ фабрика қурилганини хабар қилди.

review.uz сайтининг Умаровга таяниб хабар қилишича, 30 дан зиёд фабрикада бир йилда 240 минг тонна брикет ишлаб чиқарилади.

Бундай фабрикалар Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда қурилган.

Аҳоли ва бюджет ташкилотларини ёқилғи билан таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси кўмир брикетларини ишлаб чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиққан.

review.uz сайтининг Умаровга таяниб хабар қилишича, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бир йилда 4 млн. тоннадан зиёд кўмир қазиб олади, бу миқдорнинг 85 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади.

“Ўзбеккўмир”дан олинган маълумотга таянилган хабарда айтилишича, 2015 йили аҳолига 183 минг тонна кўмир ва 27,5 минг тонна кўмир брикети сотилади.

Оддий арифметика

Биз мамлакат аҳолисини 30 миллион киши, деб олиб, “Ўзбеккўмир” аҳолига сотадиган кўмир ва брикетнинг жон бошига қанчадан тегишига қизиқдик ва сарлавҳадаги натижа келиб чиқди: Ўзбекистонда бу йил аҳоли жон бошига 7 килодан кўмир сотилади.

Ҳар бир оилани ўртача 5 кишидан иборат, деб олсак, демак, 1 оилага 35 килодан кўмир ва брикет тўғри келар экан.

Мамлакат аҳолисининг ярми марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшайди, деб фараз қилсак, унда ҳовлиларда қолган аҳолининг кўмир-брикет улуши 70 килоданга кўтарилади.

Табиий газ ва электр қуввати тақчиллиги систематик тарзга тушиб қолганини ҳисобга олсак, “Ўзбеккўмир” аҳолига сотаётган маҳсулотнинг мутлақо етарли эмаслигини тушуниш учун қўшимча ҳисоб-китоб қилишга ҳожат йўқ.

Брикет неча пул?

Бу саволни Тошкент вилоятидаги “Ангрен кўмир-брикет” корхонаси вакилига бердик.

Унинг айтишича, “Ангрен кўмир-брикет” 1,5 ва 3 килоли брикетлар чиқаради. Брикетнинг бир килоси нархи 250 сўм. Бинобарин 1 тоннаси 250 минг сўмдир".

Брикет ишлаб чиқарадиган корхонани Бухородан ҳам топдик. Лекин бу корхона маҳсулоти Ангрендагидан 60-70 фоизга қимматроқ.

- Бир тонна брикет 400 минг сўм, деди корхона вакили.

review.uz сайтининг “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Носиржон Умаровга таяниб хабар қилишича, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб 1 тонна кўмир брикетининг чакана савдодаги нархи 238 минг сўм қилиб белгиланган.

Брикет сотувчилар айтаётган реал нархлар билан “Ўзбеккўмир” ваъда қилган нарх орасидаги фарқ қаердан пайдо бўлди? Бу алоҳида ўрганиладиган масалаки, бугун унга тўхталмаймиз.

Қишга тайёрмисиз?

Бу саволни Ўзбекистоннинг бир-биридан узоқ икки минтақасидаги икки тингловчимизга бердик.

Хоразмдаги гап

Хоразмнинг Шовотида яшайдиган Қаҳрамоннинг оиласида 5 киши яшайди. Қаҳрамоннинг табиий газга мосланган битта ўтқозонга уланган 8 та хонаси бор. Лекин шу кунда газ йўқ.

- Туман бўйича ҳали газ йўқ. Нега бермайсизлар, десак, вилоят рухсат бергани йўқ, дейишади тумандагилар, деди Қаҳрамон.

ГРП (газ тақсимловчи қурилма) Қаҳрамоннинг уйи ёнида бўлгани учун, у ҳозирча газдан умидини узгани йўқ, шунинг учун муқобил ёқилғи тўғрисида ўйлагани йўқ.

Газ бермасалар нима қиласиз, деган саволга жавобан Қаҳрамон бундай деди:

- Бундан 4 -5 йил олдин газ умуман бўлмай қолган эди, ўшанда иситиш тизимимиз музлаб қолмасин, деб ўтин ёққанмиз. Ўзимиз эса, электр печка билан битта хонада жон сақлаганмиз, деди шовотлик Қаҳрамон.

Фарғонадаги гап

Фарғонанинг Учкўпригида (Қўқон атрофи) яшайдиган Шарифахоннинг оиласида 6 киши яшайди. Хоналари кўп, лекин қишда фақат 2 та хонани иситишади. Газ йўқ.

- Газ 2010 йилдан бери тақа-тақ тўхтаган, деди Шарифахон.

Уйни иситиш учун бу оила ўтин-кўмир ёқади. Ўтган йилгидан қолган 4 қоп

– 50 килодан бўлса, 200 кило кўмири бор. Оилага камида 2 тонна кўмир керак. Лекин Шарифахон ҳали кўмир олгани йўқ. “Бу иш турмуш ўртоғимнинг зиммасидаги масъулият”, деди у.

XS
SM
MD
LG