Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Қирғизистонда фарзандларини ўлдираётган оналар кўпаймоқда


Қирғизистонда ўз болаларига зўравонлик қилган ота-оналар кўпаймоқда. Бундан ўн кун аввал ўз болаларига пичоқ ўқталган таласлик 26 ёшли аёл ҳозирда Талас вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланмоқда. Аёл эрининг калтакларига чидай олмай, ўзини ва болаларини ўлдирмоқчи бўлганини айтмоқда.

Талас вилоятининг Қорабуура туманида истиқомат қилувчи исми очиқланмаётган 26 ёшли аёл икки ўғли - тўрт ёшли Баккелди ва уч ёшли Аксулатга пичоқ урганликда гумонланиб қўлга олинди.

Талас вилояти Ички ишлар бўлими матбуот хизмати расмийси Мақсат Абдисеитов воқеа тўғрисида қуйидагиларни айтди:

- Болаларнинг онаси 1989 йилда туғилган. Бизга у 15 октябрь кечки соат 11ларда куёви билан қўшни уйга меҳмонга борганини, у ерда ароқ ичишганини айтди. Уйга қайтишгач, эр-хотин жанжаллашган. Ҳамма ухлаганидан кейин аёл ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган. У болаларини ҳам ўзи билан бирга ўлдирмоқчи бўлган, -дейди Мақсат Абдисеитов.

Аёлнинг турмуш ўртоғи мазкур воқеадан сўнг болаларини Қорабуурадаги туман касалхонасига олиб борган.Шифокорлар пичоқ урилган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Воқеа бутун қишлоққа ёйилгач, бу хабарни аёлнинг опаси ҳам эшитган. Салтанат Исакова синглисининг бу ишга қўл уришига оиладаги зўравонлик сабаб бўлган, деб ҳисоблайди:

- Эшитишимиз билан етиб келиб, синглимни бошига, кўзига урдим. Ўзи ҳам бақириб йиғлаётган экан. Болаларига нима учун пичоқ урганини сўрасам, куёви уни аввал калтаклаганини айтди. Кейин болаларига пичоқ урибди, ақлдан озибди. Жонидан тўйиб: “Мен ўлсам болаларим хор бўлади, ўзим билан олиб кетаман”, деб шу ишни қилган. Бунгача ҳам мени олдимга йиғлаб, арзланиб келганди. Мен “қўй, болаларингни ўйлаб яшайвергин”, деб юриб охири шу иш бўлди, - дейди Салтанат Исакова.

Салтанат Исаковага кўра, куёв боласи Маратнинг аввалги турмушидан ҳам уч фарзанди бўлган. Улар беш болани иккинчи хотини билан бирга тарбиялаётган экан.

Кейинги йилларда Қирғизистонда ўз фарзандларини ўлдириш ёки ўладиган даражадла калтаклаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Масалан, 15 февраль куни Бишкекнинг Арчабешик қишлоғида 34 ёшли аёл фарзандларини пичоқлаб ўлдирган.

У терговда болаларини ўлдиришни аввалдан режалаштириб юрганини, аввалроқ эса ўзини ўлдиришга ҳам ҳаракат қилганини айтган.

Расмий маълумотларга қараганда, 2014 йилда биргина Бишкек шаҳрида 31 бола зўравонликка учраган, уларнинг 24 нафари жинсий зўрланган.

Қирғизистон Ижтимоий тараққиёт вазирлигининг маълумотига кўра, ўтган йили мамлакат бўйича 900дан ортиқ болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари рўйхатга олинган.

XS
SM
MD
LG