Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:33

Суриядаги қирғиз жиҳодчисининг таҳдиди


Ўзини қирғизистонлик деб таништирганлар "Исломий давлат" сафида жиҳод қилишга чақирган видеодан олинган сурат.
Ўзини қирғизистонлик деб таништирганлар "Исломий давлат" сафида жиҳод қилишга чақирган видеодан олинган сурат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Суриядаги жиҳодчилар тарқатган навбатдаги видео қаҳрамонларидан бири қирғизистонлик эканини тасдиқлади, бироқ бу йигит Қирғизистоннинг қайси ҳудудидан экани номаълум қолмоқда.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у Бишкекдаги мадрасалардан бирида таҳсил олган боткенлик 23 ёшли йигит бўлиши мумкин.

Жангарилар томонидан Интернетга жойланган 6 дақиқали видеода турли миллат вакилларидан иборат ўндан ортиқ одам қўлларида автомат ушлаб турган ҳолда Россиянинг Суриядаги ҳаракатларини қоралаб, таҳдидли гапларни гапирган. Уларнинг орасида 20 ёшли йигитнинг қирғизистонлик экани билиниб туради.

Миллий хавфсизлик давлат хизмати матбуот котиби Рахат Сулаймановнинг айтишича, видеода тасвирланган фуқаронинг шахси ҳозирча тўла аниқланмаган. Видеони Интернет орқали кўрган айрим одамлар қирғиз тилида гапирган йигитни Аскарбек Андабаевга ўхшатмоқда.

Маълум бўлишича, Андабаев 23 ёшда, Боткен вилоятининг Лайлак туманидан бўлади. Отаси вафот этгач, онаси икки ўғли билан ўз ота уйига қайтган. Аскарбек тоғалари қўлида катта бўлган. Уч-тўрт йил аввал онаси фарзандлари билан Бишкекка кўчиб кетгани айтилади.

Андабаевнинг Султон исимли қариндоши унинг Бишкекдаги мадрасалардан бирида ўқиганини ва кейинроқ унинг Сурияга кетгани ҳақида эшитганини айтди.

- Унинг ўша томонларга кетганини эшитгандим. Бошқа ҳеч нарса билмайман. У мадрасага ўқишга кетганди. Ўқишда телефондан фойдаланишга рухсат берилмас экан, биз билан гаплашмай юрди. Бир йил олдин каникулга чиқиб келганида учрашганмиз, ўшанден бери кўришмадик. У телефондан фойдаланмайди. Бишкекдаги мадрасаларнинг бирида ўқиб юрган эди, - дейди Султон.

Сўнгги пайтларда Сурияда юрган қирғизистонликлар аъзо бўлган “Исломий давлат” радикал ташкилотига қўшилишга қирғиз тилида чақириқлар тасвирланган видеолар интернетда кўп пайдо бўлаяпти. Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари ўринбосари Закир Чотаев ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ҳаракатларига қарамай, Сурияга кетаётган қирғизистонликлар сони озаймаётгани сабабларини қуйдагича тушунтирди:

- Ҳозир ҳуқуқ - тартибот органлари расмий маълумоти бўйича 400га яқин қирғизистон фуқароси Сурияда юрганини биламиз. Асосан диний жиҳатдан саводсиз бўлган одамлар Сурияга кетмоқда. Сурияга кетганларнинг айримларининг оиласида муаммолар бор, ўзи ёки ота-онаси ажрашиб кетган ёки ишсизлар. Бироқ биринчи навбатда албатта диний саводсизлик туради, - дейди Закир Чотаев.

Россия ўтган ойдан бошлаб Сурияда ҳарбий амалиётларга очиқчасига аралашиб, ҳаводан ҳужумлар қилмоқда. Расмий Кремль бу ҳаракатни терорчиларга қарши курашда Дамаскни қўллаш дея тушунтирмоқда. Президент маъмурияти қошидаги “Иймон” фондининг собиқ раиси Искендер Ўрмон ўғлига кўра, Қирғизистон фуқаролари иштирокида Интернетда эълон қилинган видеоларни Россига нисбатан қилинаётган огоҳлантириш сифатида қабул қилиш мумкин:

- Сўнгги кунларда Қирғизистон Россиянинг Суриядаги ҳаракатларини қўллашини билдирди.Интернетда қирғиз тилида гапирган жангариларнинг видеолари кўпайишига мана шу баёнот сабаб бўлган бўлиши эҳтимол, - дейди Искендер Ўрмон ўғли.

Ўтган ойда Сурияда танкда кетаётган ва ўзини-ўзи портлатишдан олдин йиғлаётган йигитнинг видеоси Интернет тармоғида пайдо бўлган эди. Кейинроқ унинг Қирғизистондаги Жалолобод вилояти Сузоқ туманида яшаган 21 ёшли Бобур Исроилов экани аниқланган.

Ундан сал аввалроқ Интернет тармоғида “Исломий давлат” терорчилик ташкилотига қўшилишга ва жиҳодга қирғиз тилида даъват қилган номаълум одамларнинг мурожаати пайдо бўлганди.

XS
SM
MD
LG