Афғонистоннинг Ғор вилояти ҳокими ёш қизнинг тошбўрон қилиб ўлдирилгани акс этган видеотасвирнинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлади.
Ҳоким Сима Жойенданинг айтишича, қотиллик тўлалигича Толибон жангарилари назоратида бўлган Ғалмин қишлоғида содир этилган.
“Ҳукумат кучлари бу ҳудудга кира олмайди”, деди Жойенда Озод Афғонистон радиосига 2 ноябрь куни.
2 дақиқали даҳшатли видеотасвирда чуқурга тушириб қўйилган қизнинг бир неча эркак томонидан тошбўрон қилингани акс этган.
Ғор вилояти расмийлари ўлдирилган қизнинг 19 яшар Руҳшона эканлигини аниқлаганлар.
Амалга оширилаётган қотилликни атрофда томоша қилиб турган бошқа баъзи эркакларнинг воқеа тасвирини телефонларига тушираётганини кўриш мумкин.
Расмийларга кўра, воқеа 25 октябрь куни вилоят марказига яқин Ферузкўҳ деган жойда юз берган. Қотилликни “толиблар, маҳаллий дин пешволари ҳамда дала қўмондонлари амалга оширган”.
Вилоят ҳокими идораси вакилларига кўра, Руҳшонани ота-онаси мажбуран эрга берган ва кейин у Муҳаммад Гул исмли 23 яшар йигит билан қочиб кетган.
Маҳаллий полицияга кўра, Руҳшонани ўлдирганлар йигитни ҳам жазоланган. Калтакланганидан сўнг Муҳаммад Гул қўйиб юборилган.
Ғор вилояти ҳокими Сима Жойенда Афғонистондаги оз сонли аёл ҳокимлардан. У амалга оширилган қотилликни кескин қоралади.
“Толиблар қилган иш Исломга ҳам, Конституциямизга ҳам зид бўлган ноинсоний амалдир”, деди ҳоким.
Рухшонанинг тошбўрон қилиниши толиблар томонидан амалга оширилаётган оммавий жазо тадбирларининг энг сўнгги бўлиб, бундай тадбирлар инсон ҳуқуқлари ҳмиоячиларининг ғазабли танқидлари объекти бўлмоқда.