Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:18

Гулистонда деҳқон бозорига ўт кетди


Гулистон бозоридаги ёнғин гувоҳларидан бири жўнатган сурат.
Гулистон бозоридаги ёнғин гувоҳларидан бири жўнатган сурат.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар деҳқон бозорида рўй берган ёнғин оқибатида камида икки одам куйиш жароҳати олди, 10 дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлди. Сешанба кунги бу ҳодисанинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмагани оқибатида рўй бергани айтилмоқда.

Гулистон шаҳар Ички ишлар бошқармаси қошидаги Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимига кўра, ёнғин бозордаги ошхоналардан бирида газ баллонидан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида келиб чиққани тахмин этилмоқда:

- Ёнғин ошхонадан бошланиб, қўшни дўконларга ўтиб кетган. Уч соат ичида ўчирилди. Ёнғин сабаблари ўрганилaяпти. Ошхонадаги газ баллонидан чиққан, деган тахминлар бор, - деди Озодлик боғланган Гулистон шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими.

Расмийлар ёнғиндан ҳеч кимга зиён етмаганини айтишмоқда. Лекин воқеа гувоҳлардан бири Озодлик билан суҳбатда қутқарувчилар ёнғин ичидан икки одамни чалажон олиб чиқишганини кўрганини айтди:

- Жуда катта ёнғин бўлди. Бозорни орқа томонида улгуржи колбаса, озиқ-овқат сотадиган дўконлар бор, ўша ерда бўлди бу. Ўртада газ баллон ҳам портлаб кетди. Қутқарувчилар келиб, ёнган дўкондан чалажон иккита одамни олиб чиқиб кетишганини кўрдик, - дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Ўзбекистон бозорларида ёнғинлар тез-тез содир бўлади. Бунга сабаб бозор маъмуриятларининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига эътибор бермаслиги ҳамда ижарага берилган дўконларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мос эмаслиги айтилади.

Айни пайтда ёнғин атайлаб ўт қўйиш оқибатида содир бўлгани ҳақида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас.

– Доля бермаган, шунинг учун қасддан ёқиб юборишган, деган гаплар ҳам бор, - дейди гулистонлик воқеа гувоҳларидан бири.

Ҳозирда деҳқон бозоридаги ёнғин юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси суриштирув бошлаган.

Бундан олдин ҳам Ўзбекистондаги қатор бозорларга ўт кетган.

Шу йилнинг июнь ойида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги кийим-кечак бозорида ёнғин рўй берди.

Март ойида Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги марказий бозор ёниб кул бўлди.

Икки ой аввал эса Тошкентнинг "Беруний" метросига яқин озиқ-овқат бозори ҳудудида ёнғин келиб чиқди.

Бундан аввал Тошкентнинг Қатортол кўчасидаги бозор, "Тахта бозор" ва "Чинни бозор"да ҳам ёнғинлар рўй берган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бошқармасига кўра, шу йилнинг 10 ойи мобайнида Тошкент шаҳрида бир ярим мингга яқин ёнғин рўй берган.

XS
SM
MD
LG