Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:53

ЕИ Ўзбекистонни барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришга чақирди


“Европа Иттифоқи ҳануз ҳибсга олинганларнинг ёмон шароитларда сақланаётгани, маҳбусларга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилаётгани тўғрисидаги хабарлардан ташвишланаётганини таъкидлаб ўтди ва Ўзбекистонни барча сиёсий маҳбусларни озодликка чиқаришга чақирди”, деб хабар қилди Европа ташқи сиёсий фаолияти хизмати (European External Action Service, EEAS).

Бу чақириқ Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳар йилги Мулоқотнинг 24 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган 9- раундида янгради.

Мулоқот давомида Европа Иттифоқи, шунингдек,Ўзбекистонни матбуот, фуқаролар жамияти ҳамда диний гуруҳларга нисбатан қўллаётган чекловларини юмшатишга чақирди.

Мулоқотда Адлия вазири Музроф Икромов Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Европа Иттифоқи делегациясига эса, Марказий Осиё масалалари бўйича бўлим мудири Тойво Клар етакчилик қилди.

Европа ташқи сиёсий фаолияти хизмати хабарига кўра, Мулоқот чоғида инсон ҳуқуқларига оид бир қатор масалалар, жумладан қўлга олинганлар билан муомала, фикр билдириш эркинлиги, уюшмаларга бирлашиш, хотин-қизлар ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинган.

Европа Иттифоқи вакиллари Ўзбекистонни болалар меҳнатидан фойдаланишдан воз кечиш масаласида сезиларли олға силжишга эришилганини олқишлаган ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласида ҳамкорлик қилишни давом эттиришга чақирган.

Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳар йилги Мулоқотнинг навбатдаги раунди 2016 йили Брюсселда ўтказилажаги хабар қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Иттифоқи – Ўзбекистон Мулоқоти тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситалари деярли хабар бермагани ёки берган маълумоти ўта чекланган бўлганига фарғона.ру ўз эътиборини қаратди.

XS
SM
MD
LG