Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Конституция байрами арафасида давлат идораларида тунги навбатчилик ташкил қилинди


Шу кунларда бутун мамлакат бўйлаб антитеррор тадбирлари ўтказилиб, жойларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Шу кунларда бутун мамлакат бўйлаб антитеррор тадбирлари ўтказилиб, жойларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Ўзбекистон бўйлаб мактаб, коллеж-лицейлар, олий ўқув юртлари, шифохона ва деярли барча давлат ташкилотларида тунги навбатчилик ташкил қилинди. Ушбу тадбир Конституция байрами муносабати билан хавфсизликни кучайтириш мақсадида ташкил қилингани айтилаяпти.

Тунги навбатчиликлар

Қўқон мактабларидан олинган маълумотга кўра, 1 декабрдан бошлаб ҳар бир мактабда махсус штаблар ташкил қилиниб, ўқитувчилар туни билан навбатчилик қилиб чиқаяпти:

“Ҳар куни қоровулдан ташқари уч ёки тўрт киши штабда қолиб, навбатчилик қилаяпти. Навбатчилар сони мактабнинг катта-кичиклигига боғлиқ. Бизнинг мактабда қоровулдан ташқари уч ўқитувчи навбатчиликка қолаяпти. Қўшни мактаб бизга нисбатан катта бўлгани учун уларда тўрт киши тунги навбатчиликка ажратилган. Навбатчилик навбати билан қилинаяпти. Кечаси навбатчиликка қолган ўқитувчига эртасига дам олиш берилаяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз қўқонлик ўқитувчи.

Унинг айтишича, ўқитувчилар мактаб хавфсизлигига масъул бўлиб, туни билан мактаб ҳудудини айланиб, назорат қилишлари лозим:

“Навбатчилар қўлига тегишли идораларнинг телефон рақамлари берилган. Агар фавқулодда бир ҳодиса рўй берса ёки шубҳали бирор нарсага кўзи тушса, зудлик билан уларга қўнғироқ қилишлари лозимлиги айтилган”, деди қўқонлик ўқитувчи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Қўқондаги манбалардан олинган маълумотга кўра, тунги навбатчилик мактаблардан ташқари давлат бюджетига қарашли деярли барча ташкилотларда амалга оширилаяпти.

Шу кунларда Қашқадарё ва Сурхондарёда бўлиб қайтган "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, ушбу вилоятлардаги ташкилотларда ҳам тунги навбатчиликлар ташкил қилинган:

- Мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Айниқса, жамоат муассасалари, таълим муассасаларида бу нарса яққол кўзга ташланади. Масалан, ўрта мактаблар, коллежларда туну-кун навбатчилик ташкил қилинган. Бугун Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлдим, у ерда ҳар бир мактабда учтадан ўқитувчи тунги навбатчиликка туришаяпти экан, маҳалла поспонлари билан биргаликда. Тошкентнинг ўзида ҳам навбатчиликлар бор. Масалан, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон тиллари университети сингари жойларда танишларим, қариндошларим ишлашади. Улар ҳам навбатчилик қилиб келаётганликларини айтишаяпти,- деди Абдураҳмон Ташанов.

Антитеррор тадбирлар

Айни пайтда мамлакат бўйлаб ўтказилаётган антитеррор тадбирлари доирасида ҳар бир фуқаронинг қаерда, нима иш билан машғуллиги қайдга олинмоқда.

Масалан, Фарғона вилоятида маҳалла фаоллари, поспонлар ва участка нозирлари билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳар бир фуқарони 8 декабргача қайдга олиб чиққан.

Шунингдек, жойлардан олинган маълумотларга кўра, МХХ назоратида турган, яъни олдин қамалган ёки яқинлари қамоқда бўлган шахслар МХХ идорасига чақиртирилиб, махсус суҳбатдан ўтказилаяпти.

Аsiaterra нашрига кўра, пойтахтнинг катта савдо марказларида одамлар металл детекторлар ёрдамида текширилиб, рюкзак, портфель ва сумкалар тинтилмоқда.

Uzmetronom нашри хориждан қайтган ҳар бир фуқаронинг террорчилик ташкилотларига алоқаси бор ёки йўқлигини текшириш учун участка нозирлари сўроқ қилаётгани ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқлардан олинган хабарга кўра, пойтахтдаги барча Интернет кафелар қаттиқ назоратга олинган ҳамда Интернет трафиги текширилаяпти.

ИШИД хавфи

Мамлакатдаги антитеррор тадбирлари ИШИД жангарилари Ўзбекистонга киришга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабар чиққанидан сўнг бошлангани айтилмоқда.

Ноябрь бошидан буён ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аҳоли орасида тушунтириш ишлари ўтказиб, аҳолини ҳушёрликка чорламоқда.

Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий тўқнашувларда иштирок этиб, сўнг қочишга мажбур бўлган айрим жангарилар Ўзбекистон ҳудудига кириб, яширинишга уринмоқда.

Нечта жангари Ўзбекистонга ўтган ёки ўтишга урингани ҳақидаги маълумотлар шу пайтгача очиқланмаган. Лекин ҳушёрликка чақирувчи тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка берган маълумотига кўра, ўтказилаётган антитеррор тадбирлари натижасида мамлакат бўйича ИШИДга алоқадорлик айблови билан ҳибсга олинганлар сони 200 нафарга етган.

Ҳибс этилганларнинг камида 160 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи фуқаролар экани айтилаяпти.

XS
SM
MD
LG