Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:09

“Навбаҳор” футбол клуби учун мажбурий хайрия бошланди


"Навбаҳор" стадиони
"Навбаҳор" стадиони

Наманган вилояти Поп тумани марказий шифохонасининг барча ҳодимлари бир кунлик маошини “Навбаҳор” футбол клуби ҳисобига ўтказишга мажбур бўлишди. Шу кунларда Наманган вилоят ҳокимининг махсус қарори билан вилоятдаги бюджет ва нобюджет ташкилотларининг барчаси “Навбаҳор” клуби учун хайрия қилишга мажбурланмоқда.

“Навбаҳор” футбол клуби учун мажбурий хайрия бошлангани борасида Озодликнинг поплик манбаси маълум қилди:

“Поп тумани марказий шифохонасининг ҳар бир вакили бир кунлик маошини "Навбаҳор"га ўтказишга мажбур бўлишди.Тўғриси, пул ушлашларига кўпчилик қарши эмас. Қачонки, "Навбаҳор" совринли ўринлар учун курашса! Неча йилдан буён клуб пастги ўринларда юрибди. Ундан ташқари сўнгги икки йилда "Навбаҳор" бир нечта келишилган ўйинларда иштирок этганлиги кўпчиликка маълум. Бунақа командаларга пул ўтказишдан нима наф?”, деган иддаолар билан мактуб йўллади поплик манба.

Поп тумани марказий шифохонаси масъулларидан олинган маълумотга кўра, “Навбаҳор” клуби учун пул ўтказиш борасида туман ҳокимлигидан махсус топшириқ берилгани боис ишчиларнинг ойлигидан бир кунлик маоши ушлаб қолинган.

Поп туман ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз масъулига кўра, “Навбаҳор” клуби учун хайрия нафақат Попда балки бутун вилоят бўйлаб ўтказилаяпти ва бу борада вилоят ҳокимининг махсус қарори чиққан.

“Навбаҳор” футбол клуби расмийларидан олинган маълумотга кўра, клуб учун пул ўтказиш борасида вилоят ҳокими йил бошида қарор чиқарган ва бу қарор бажарилмай қолгани учун декабрь бошида ҳоким яна ташкилот ва идораларга қайта топшириқ берган.

Клуб расмийси сўнгги бир ҳафта давомида клуб ҳисоб рақамига деярли ҳар куни юз минглаб сўм маблағ тушаётгани айтди, бироқ йиғилган маблағ миқдорини очиқлашни истамади.

Наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, “Навбаҳор” клуби учун маблағ йиғиш тадбирлари ҳар йили мунтазам ўтказиб келинаяпти:

- Биздаги футбол тизими Европа тизими эмас. Биз ўша совет давридаги тизим билан яшаяпмиз. Нимага десангиз, ўша пайтда ҳам ташкилотлар футбол жамоаларига пул берарди. Улар шу билар тирикчилик қиларди. Ҳозир энди ҳар бир жамоага иккита-иккита жамоа белгилаб қўйилган. Энди унинг пули етмайди. Мана масалан, битта жамоани ҳеч бўлмаса, 12-13 ўринда юриши учун 6 миллиард сўм керак бўлади. Буни иккита компания беради. Қолганини давлат ташкилотлари зиммасига юклайди. Масалан, ҳозир ойлик оладиган ташкилотлар ишчиларидан 6000 сўмдан йиғаяпти экан. Бошқа ташкилотлардан ҳам йиғиб, ўша жамоага тушириб беради. Шу билан жамоа тирикчилик қилади. Чунки, биздаги футбол тизими бозор иқтисодига ўтгани йўқ. Хорижда телевидение пул тўлайди жамоага, рекламалардан фойдаланади миллион доллар. Унақа тизим йўқ бизда. Шунинг учун давлат қўллаб-қувватлаб туради жамоаларни. Бу битта бизда эмас, ҳамма жамоаларда шу аҳвол,- дейди Носир Зокир.

2013 йили “Навбаҳор” клубининг стадиони қурилиши учун ҳам вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ўқитувчилардан тортиб “Дамас” ҳайдовчиларигача “солиқ” солинган ва бу ҳам аҳоли орасида яширин норозилик кучайишига сабаб бўлган эди.

1974 йилда ташкил топган “Навбаҳор” клуби 1992 йилдан бери Ўзбекистон олий лигасида мунтазам иштирок этиб келаяпти. "Навбаҳор" ўтган давр мобайнида биргина 1996 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлган. Қолган чемпионат баҳсларида кўпроқ бронза медалини қўлга киритган.

Жамоа 1992, 1995 ва 1998 йилларда Ўзбекистон кубогини, 1999 йили Ўзбекистон суперкубогини қўлга киритган.

“Навбаҳор” жамоаси 1999-2000 йилларда ўтказилган Осиё кубок эгалари кубогининг финал босқичида иштирок этиб, қитъада тўртинчи ўринни қўлга киритган.

XS
SM
MD
LG