Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Фермерларга ўртача 36 гектардан ер бўлиб берилади


Ҳукумат ўтказаётган "оптималлаштириш" ва "муқобиллаштириш"ларга қарамасдан ўзбек фермерининг мардикори талабалар ва бюджет соҳаси вакиллари бўлиб қолмоқда.
Ҳукумат ўтказаётган "оптималлаштириш" ва "муқобиллаштириш"ларга қарамасдан ўзбек фермерининг мардикори талабалар ва бюджет соҳаси вакиллари бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати фермер хўжаликлари учун экин ерларининг оптимал ўлчамини ўртача 36,1 гектар ҳисобида белгилаб берди. Маҳаллий матбуотнинг ҳабар беришича, экин ерларининг муқобиллаштирилиши ортидан мамлакатда яна 18 мингга яқин фермер хўжаликлари ташкил этилади. Бунгача Ўзбекистонда 83 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари мавжуд эди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси жорий йилнинг 15 декабрида фермер хўжаликлари учун экин ерларининг оптимал ўлчамини ўртача 36,1 гектар ҳисобида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида Тошкентдаги ярим расмий маҳаллий нашрлар душанба куни хабар тарқатди.

Қарорда 2015 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 83 минг 514 фермер хўжалиги мавжуд бўлгани ва уларнинг ҳар бирига берилган ерлар ўлчами ўртача 43,9 гектарни ташкил қилгани қайд этилган.

Қарорда, шунингдек, ҳукумат томонидан фермер хўжаликларини “муқобиллаштириш” жараёнида ўтказилган таҳлил мамлакатда 101 минг 70та фермер хўжалиги ташкил этиш ҳамда фермер хўжаликларига бериладиган ер майдонининг ўртача ўлчами 36,1 гектар бўлиши мақсадга мувофиқ келишини кўрсатгани таъкидланган.

Қарорга биноан, фермер хўжаликларига 2016 йилнинг 1 январидан ер майдонлари қайта тақсимланади ва бу иш туман кенгашлари қарори, фермерларнинг ҳудудий кенгашлари ҳамда ер участкалари ажратиш масаласи бўйича комиссияларнинг хулосаси билан амалга оширилади.

Озодлик радиоси декабрь ойининг бошларида Ўзбекистонда фермер хўжаликларини “мақбуллаштириш” жараёни бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг фермер хўжаликлари ер участкаларини мақбуллаштириш ҳақидаги қароридан сўнг, фермерлардан ëппасига ерларини давлат заҳирасига топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олинаётгани хабар қилинган.

Бугунги кунда фермерлардан олинган хабарларга қараганда, ерларни тақсимлаш жараёни қайта бошланиш арафасида. Қувасойлик фермер Улуғбекнинг билдиришича, авваллари 50 ёки ундан кўп гектар ерга эга бўлган фермерларга ҳозир аввалгига қараганда 10-20 гектар озроқ ер берилади.

- Масалан, авваллари 50-60 гектардан ери бўлган фермерлар бор эди. Улар бунча ерни ишлатишга кучи етмаган, ортиқча ери бўлган. Ҳозир улар шу ерларини топшириб, ўзи ишлатишга кучи етадиган даражадаги ерни қайтариб олаяпти. 20 гектар деса, 20 гектар, 30 гектар деса, 30 гектар ер бераяпти. Контур бўйича ер олаяпти ҳозир, - деди Улуғбек.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, муқобиллаштириш жараёнининг фермерлар учун фойдадан ҳоли бўлмаган тарафлари ҳам кузатилмоқда.

- Масалан, битта контурда 40 ёки 30 гектар ер бўлса, мана шу контур битта фермерга берилаяпти. Бу солиқ ва бошқа ташкилотлар учун анча қулай бўлади. Сув олиб келиш ҳам осон бўлади сув хўжаликларига. Яъни битта фермернинг ери бўлинмай, бутунича сув ичади. Авваллари эса ернинг бир қисми беш километр нарида, яна бир қисми ўн километр нарида қилиб бериларди. 10 километр наридаги ерингизга бориб келгунингизча бу ёқдаги ишингиз қолиб кетарди. Энди эса битта фермернинг ери битта жойда бўлади, мана шуниси яхши бўлди, - дейди Улуғбек.

Бироқ муқобиллаштириш жараёнидан ҳамма фермерлар ҳам бирдек рози эмас. Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган фермерлардан бири, унинг 70 гектар ерини давлат қайтариб олиб, унга фақат 40 гектарини қайтарганидан норози эканини айтди:

- Авваллари 70 гектар ерга ишлов берардим. Бирор марта планни бажармаган йилим бўлмаган. Ҳамма режани бажарганман. Ҳукуматдагилар эса “70 гектарни ишлатиш қийин бўлади сизга” деб, 40 гектар ер беришди. “Нимага бундай қилаяпсизлар?” десам, яна янги фермер хўжаликлари ташкил қилиниши керак экан. “Уларга ҳам ер беришимиз керак”, деб айтишди. Менимча, ерни ҳаммадан эмас, ерни ишлата олмайдиган, планни бажара олмаётган фермерлардан тортиб олиб, ўшаларнинг ерларини янги фермер хўжаликларга бўлиб бериш керак эди. Бизда эса “Ўрмонга ўт кетса, хўлу қуруқ бирдай ёнади” қабилида иш қилинаяпти, - дейди ери 30 гектарга қисқарганидан норози бўлган фермер Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2010 йилдан бошлаб фермер хўжаликлари ерларининг ҳажмини кўпайтириш, яъни “оптималлаштириш” тадбири ўтказилиб келинган эди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси йиғилишида бу жараён наф бермагани қайд этилган ва “муқобиллаштириш” деб аталаётган жараён бошланган эди.

XS
SM
MD
LG