Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Тошкентда арзон Қорбобо қолмади, Қорқиз эриб кетди


Тошкентда 31 декабрда уйга Қорбобо ва Қорқиз таклиф қилиш нархи икки миллион сўмга чиқди. Бошқа кунларга эса 150 минг сўмга ҳам буюртма бериш мумкин. Айрим вилоятларда эса, ўтган Янги йил кечасида Қорқизлар зўравонликка учрагани учун уйларга эркак Қорқиз ёки Қорбобонинг ёлғиз ўзи бормоқда.

Янги йил оқшомида Тошкентда фарзандлар хурсандчилиги учун уйларга таклиф қилишга арзон Қорбобо ва Қорқиз қолмади.

Озодлик Ўзбекистондаги Интернет сайтларида берилган эълонларга мижоз сифатида бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқди.

Аксарият Қорбоболар 31 декабрь куни бутунлай банд эканлигини айтиб, бошқа кунларга буюртма олишини айтди:

- 31 декабрга буюртмаларни бир ҳафта олдин олиб бўлганмиз. Бугунга ёки 1 январга заказ олишимиз мумкин. 15 минут томоша қўйиб берамиз. Қорқиз ҳам бўлади. Болаларингизга олиб қўйган совғаларингизни биз тақдим қиламиз. Шунинг учун нархимиз 150 минг сўм, деди Қорбоболардан бири.

Байрам ва тантаналар ташкиллаштирувчи Тошкентдаги “Флора” агентлиги вакили Қорбобо ва Қорқиз хизмати 31 декабрь куни фақат кундуз пайтига қолганини айтди:

- Фақат кундузига буюртма беришингиз мумкин. 15 минутлик хизматимиз нархи 200 минг сўм, 40 минутлик мусиқа ва рақслари билан 330 минг сўм, соатлик программа эса 380 минг сўм бўлади, деди агентлик вакили.

Озодлик мухбири мижоз сифатида 31 декабрь куни кечқурунга Қорбобо ва Қорқиз топа олди, фақат унинг нархи жуда баланд бўлди:

- Икки миллион сўм бўлади. Программада турли хил конкурслар, ўйинлар, мусиқалар бор. Фарзандларингизга шоколад ва ўйинчоқлардан иборат зўр совғалар қиламиз. Биз артистлармиз, фақат олдиндан бир миллион сўм заколот бериб қўясиз, деди Тошкентдаги театрлардан бирида ишлайдиган санъаткор.

Ўзбекистонда янги йил кечаси аксарият ҳолларда Қорбобо ва Қорқиз ролини театр артистлари ўйнаб беради.

Вилоятлардан биридаги театр директорининг айтишича, одамларнинг уйларига Қорбобо Қорқизсиз боряпти:

- Ўтган йилда маст-аластларнинг Қорқизга ҳужум қилган қилган ҳолатлар бўлди. Шунга артистларимиздан ҳеч ким Қорқиз бўлгиси келмади бу йил. Қорбоболаримиз ҳам саноқли. Улар асосан катта раҳбарларнинг уйларига таклиф қилинган. Шунчаки, бепул бориб келишади, деди театр раҳбари.

Озодликнинг Урганч шаҳридаги манбасининг айтишича, янги йил кечаси уйларга боришга эркак Қорқизлар тайёргарлик кўрган:

- Ўтган йили Урганчда Қорқизларни зўрлаш ва зўрлашга ҳаракат қилиш ҳолатлари бўлди. Шунинг учун бу йил Қорқизнинг кийимида ўғил болалар боради, деди манба.

Ўтган йилларда Янги йил кечаси Қорбобо ва Қорқизларнинг ширакайф уй эгаларини ғафлатда қолдириб тўнаш ҳолатлари ҳам кузатилди. Қорбобо кўнгилочар дастурлари билан ширакайф уй эгаларини чалғитаётганда, Қорқиз бошқа хоналарга мўралаб, қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган.

Расмийлар чақирилмаган Қорбобо ва Қорқизни уйга қўймасликни тавсия қилади.

XS
SM
MD
LG