Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:43

ИШИДчига чиқарилган жиззахлик насроний устидан суд бошланди


ИШИД да айбланаëтган Арамаис Авакян
ИШИД да айбланаëтган Арамаис Авакян

ИШИДга хайрихоҳликда гумон қилиниб, 4 сентябрдан бери ҳибсда қолаëтган жиззахлик фермер, асли миллати арман бўлган насроний динига эътиқод қилувчи Арамаис Авакян ва унинг тўрт нафар шериги устидан чоршанба куни суд бошланди.

Жиззах ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича, суд мажлисига ҳакам Асқар Мамараҳимов раислик қилмоқда. Суд мажлиси Жиззах вилоят прокуратураси вакили Шавкат Турдибеков ва адвокат Лайло Абдуллаева иштирокида ўтаяпти.

Воқеани ëритиш учун Тошкентдан келган журналистлар суд залига киритилмаган.

ИШИДга ҳайрихоҳлик айблови

Суд мажлисида қатнашган ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ маҳкама айблов хулосаларини эълон қилиш билан вақтинча якунланган:

“Судя Асқар Мамараҳимов олдин айбланувчиларни таништирди ва айблов ҳулосасини ўқиб берди. Бу хулосага кўра¸ 33 яшар Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар шериги зиммасига “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” (Ўзб.ЖК 159-модда) ва “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” (Ўзб.ЖК 244-модда) каби моддалар бўйича айблов юкланди. Бундан ташқари Авакянга 169-модда, яъни “ўғирлик” бўйича ҳам айблов эълон қилинди. Авакян газ трубаларини ўғирлаб фермерларга сотганликда айбланди. Авакян иштирокида 2006 йил рўй берган муштлашув эпизоди ҳам эслатилди. Шундан кейин судя душанба кунига қадар маслаҳатда қолишини айтиб танаффус эълон қилди ", деди Озодлик манбаси.

Маҳбус итлар билан қўриқланмоқда

Айбланувчи Арамаис Авакяннинг хотини Ширин Турсунова маҳкамага расман чақирилмаган бўлса ҳам ўз ташаббуси билан иштирок этганлигини айтади:

-Суд бўлиши ҳақида менга расман билдиришмади. Эримнинг дўстларидан бири суддан ҳабар топиб, қайнанам ва мени машинасига солиб судга олиб борди. Эримни тергов пайтида роса қийнаганлари шундоқ кўриниб турибди. Бир бурда бўлиб қолган. Судя ўрнингдан тур деса зўрға қийналиб жойидан турди. Суд тугаганидан кейин уни қафасдан чиқариб кўчадаги қамоқ машинасига олиб кетишаëтгтанда қайнонам у билан кўришишга талпинди. Эримни қўлига кишан солиб олиб кетаëтган милициялар қайнанамни устига итларини вовиллатиб ҳамла қилдиришди. Яқин келсанг итни қўйиб юбораман сени ғажиб ташлайди деб қўрқитишди¸- дейди суҳбатдош.

Ширин Турсунова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:22 0:00
Бевосита линк

Лаққа балиқдан бошланган низо

Жиззахлик фермер, асли миллати армани бўлган Арамаис Авакян ИШИДга хайрхоҳликда гумон қилиниб, 4 сентябрдан бери ҳибсда қолмоқда. Аммо яқинлари 33 яшар Авакяннинг ҳибсга олинишига унинг фермерлик фаолияти сабаб бўлганини айтишади. Яқинлари унинг тергов давомида қийноққа тутилаётганини айтишмоқда.

Ҳибсга олинган Авакяннинг турмуш ўртоғига кўра¸ ҳаммаси Пахтакор туманида яшайдиган Арамаис Авакяннинг балиқ ҳовузидан бошланган.

“Ҳозир қамоққа олинган Фурқат Жўраев, Акмал, Темур исмли йигитлар Арамаиснинг балиқ ҳовузида бирга ишлашган. Дилшод Алимов эса ижарага олинган Нексия автомашинасида Арамаис ва унинг бригадасидаги йигитларнинг хизматини қилиб юрган. Ҳовуз масаласида ҳоким билан чиққан низо каттайиб кетди”, дейди суҳбатдош.

Фермер Арамаис Авакян бундан икки йил аввал Пахтакор туманида иккита ховуз очиб, у ерда балиқ хўжалиги ташкил қилади.

Тадбиркор ҳовузни тозалатириб, Чиноз туманидан майда балиқ уруғларини келтириб, балиқ етиштириш билан шуғулланган.

Икки йил ўтиб ҳовуздаги балиқлар каттайиб кўпайиб кетган пайтда ҳоким билан фермер ўртасида низо чиқади, дейди воқеани ўрганган Улуғбек Ҳайдаров.

“Икки ҳовузда тахминан 70-80 тонна балиқ етиштирилган. Фермер Арамаис Авакян балиқларни сотишни бошламоқчи бўлганида ҳоким билан низолашади. Менга айтишларича, Пахтакор тумани хокими Собир Қаршибоев катта фойда келтириши аниқ бўлган ҳовузни ўзининг яқинларидан бирига олиб бермоқчи бўлган. Ҳоким ва Арамаис ўртасидаги суҳбат жанжал билан тугаган. Билишимча, ҳоким Арамаисга “Сени турмада чиритаман!” деб бақирганини одамлар эшитган”, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

"Жим қилиш" тадбири

Озодликка маълум бўлишича¸ Арамаис Авакян ва унинг тўрт нафар шериги устидан очилган жиноий ишни Жиззах вилояти бош прокурори Бахтиёр Абдуллаевнинг шахсан ўзи назорат қилмоқда.

Манбамизнинг айтишича Жиззах вилояти бош прокурори Бахтиёр Абдуллаев ва Жиззах вилоят МХХ раҳбарияти Арамаис Авакян билан бошлиқ ишнинг халқаро матбуотга чиқиб кетмаслиги учун маҳбусларнинг яқинларига босим ўтказган.

Авакянни сўроқ қилган МХХ терговчиси Шерзод Ҳоловга яқин манбанинг айтишича¸ маҳбуслар¸ хусусан, Авакяннинг хотини ва онасининг чет эл радиоларига ҳусусан Озодлик радиосининг арман ҳизматига суҳбат бергани прокурор ва терговчиларни ғазабини қўзғаган:

-Ҳозир Авакяннинг хотини ва онасининг уйи наружний наблюденияда. (уйни олдига машина қўйиб кузатиш) Иложи борича уларни жим қилиш чоралари кўрилмоқда¸ дейди манба.

Ҳибсга олинган Авакяннинг хотини Ширин Турсунованинг айтишича¸ уни жим қилиш учун отасига босим ўтказишган:

-Отамга қизингни жим қил¸ радиога гапирмасин дейишган. Ўшандан кейин отам мени оқ қилди. Сизларга суҳбат берганимдан кейин акамни ва отамни бурчакка тиқишган. Акам мен синглимга таъсир қила олмайман деган, отам бўлса мени ундай қизим йўқ, деб намойишкопона оқ қилди¸ дейди Ширин Турсунова.

Бундан олдин 14 декабрь куни Ширин Турсунова дохил қамалганларнинг яқинлари суд бўлмасдан туриб маҳаллада сазойи қилинган эди.

Бобур махалласида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маҳалла раиси ҳали устидан суд ҳукми ўқилмаган Арамаис Авакянни “ИШИДчи ва террорчи”, деб атаган ва МХХдан келган тавқи –ланъат мактубини ўқиб берган эди.

XS
SM
MD
LG