Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:02

Андижон ҳокими ишга кеч қолмаслик учун “Дамас” қатновини тақиқлади


Андижонда "Дамас" автомобиллари йўловчилар учун энг арзон транспорт воситаси ҳисобланади.
Андижонда "Дамас" автомобиллари йўловчилар учун энг арзон транспорт воситаси ҳисобланади.

Андижон шаҳрида йўловчи ташийдиган “Дамас” автомобиллари Эски шаҳар ва Янги бозор ҳудудларига киритилмай қўйди. Йўловчи ташиш лицензиясига эга “Дамас”лар энди одамларни айланма йўллар билан манзилига етказишга мажбур бўлмоқда. Натижада, йўлкира нархи икки бараварга ошди. Шаҳар ҳокимияти қўйган автобуслар эса йўловчилар оқимини эплай олмаяпти.

Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ва Янги бозор ҳудудига шаҳар маркази орқали йўловчи ташийдиган “Дамас” автомобилларининг қатнови 21 январдан тақиқланди.

Шаҳар марказининг бу ҳудудларига элтадиган барча йўлларга йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари пост ташкил қилиб, йўловчилар билан тўла “Дамас”ларни ортга қайтармоқда.

“Дамас” ҳайдовчилари йўловчиларни манзилига етказиш учун маҳаллалар ичкариси ва айланма йўллар билан юришга мажбур бўляпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган андижонлик манбанинг айтишича, бундан йўловчилар азият чекмоқда:

“Ҳокимият “Дамас”ларни тўхтатиб ўрнига автобуслар қўйишди. Лекин, бу автобуслар кеч юради ва жуда ҳам тиқилинч бўлиб кетяпти. “Дамас”лар эса одамларга қулай эди, шипиллаб манзилига етказиб қўярди. Бунинг оқибатида “Дамас”ларнинг йўлкира нархи ҳам ошиб кетди. Илгари шаҳар ичида йўлкира 500 сўм эди. Энди ҳайдовчилар айланма йўллар билан юряпмиз деб, 1000 сўмдан оляпти. Кўпчилик ҳозир пиёда юряпти”, деди андижонлик манба.

Исми сир қолишини сўраган дамасчилардан бирининг Озодликка айтишича, машиналар тирбандлиги оқибатида вилоят ҳокими машинасининг йўлда қолиб кетгани учун, ҳоким шундай қарор чиқарган:

“Ҳақиқатан ҳам баъзан тирбандлик бўлади. Лекин ГАИлар яхши ишласа, бундай бўлмайди. Вилоят ҳокими бир-икки бор ана шундай пробкада қолиб кетди. Энди ўзига йўл доим очиқ бўлиши учун “Дамас”ларнинг ҳаракатини марказда тақиқлади”, деди ҳайдовчилардан бири.

Андижон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда “Дамас”лар ҳаракатини марказда тақиқлаш ҳақидаги буйруқни вилоят ҳокими берганини тасдиқлади:

“Вилоят ҳокимининг буйруғи билан қилинди, бу иш. Тўғри, “Дамас”ларнинг ҳаддан ташқари кўплиги йўлларда пробка бўлишига сабаб бўлаётган эди. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари ҳам пробкада қолиб кетган вақтлари бўлган. Шунга вилоят ҳокими ички ишлар бошқармаси бошлиғига кўрсатма бериб, бу бардакни йўқ қил деган. Мана, ўндан ортиқ автобус қўйилди, кўчалар очилди”, деди ҳокимлик мулозими.

Бундан 5 йил муқаддам, 2011 йилнинг 13 апрелида Андижон шаҳрида йўловчи ташувчи “Дамас” микроавтобусларининг қатнови бутунлай тўхтатилган ва шаҳар ҳокимлигининг қарори билан бу “Дамас”лар ўрнига 50 та “Isuzu” автобуслари йўналишга чиқарилган эди.

Лекин бу автобуслар аҳолининг жамоатчилик транспортига бўлган талабини қондиролмаган ва орадан кўп ўтмай яна "Дамас"лар фаолиятига изн берилган эди.

Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят марказларида йўловчилар асосан "Дамас" автомобилларида ташилади. Етти йўловчини олиб юришга мўжалланган бу автомобиллар салони тор ва юриши қаттиқ бўлсада, йўлкираси арзонлиги учун ҳам йўловчилар шаҳар ичида шу автомобил хизматидан кўпроқ фойдаланадилар.

XS
SM
MD
LG