Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Самарқандда 8-синф ўқувчиси ўзини осиб қўйди


Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 82-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Рустам Қосимов 22 январь куни ўз ҳаётига нуқта қўйди. Тахминларга кўра, 15 яшар боланинг ўз жонига қасд қилишига оиладаги носоғлом муҳит сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бундан бир йил аввал айни мактабнинг яна бир ўқувчиси ўзини осиб қўйган эди.

Шу йилнинг 22 январь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Гўзалкент қўрғонидаги 82-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Рустам Қосимов ўзини осиб ўлдирди. Бу ҳақда Озодликка Пастдарғом тумани Халқ таълими бўлими мутасаддиси хабар қилди.

“Боланинг нобуд бўлишида мактаб маъмуриятининг ҳам қисман айби бор. Юқоридан келган текширувчининг оғзини мойлаш мақсадида мактаб директори Замира Усмонова ўқитувчилардан пул йиққан. Рустамнинг онаси ҳам ўқитувчи сифатида “ўлпон”га ўз ҳиссасини қўшган. Шу кун Қосимовларнинг уйида пул туфайли жанжал чиқиб, Рустамнинг отаси хотинини ўласи қилиб урган. Ўқувчи эса онасини қутқариш мақсадида қўшниникига ўғирликка тушган. Ўғирлик фош бўлгач, бола ўз жонига қасд қилган”, дейди Озодлик манбаси.

Маълум бўлишича, Рустам Қосимов астма хасталиги билан оғриган, мактабдаги рейтинг кўрсаткичлари бирмунча паст бўлган. Онаси ўқитувчи бўлишига қарамай оиладаги носоғлом муҳит туфайли ўқувчи эътиборсиз қолдирилган.

Самарқанд вилояти прокуратураси қошидаги вояга етмаганлар бўйича комиссия мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда вилоятда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг камайгани асносида суиқасдлар кўлами пасаймаётганини таъкидлади.

Пастдарғом туманидаги 82-мактабда ўқувчининг ўз жонига қасд қилиши ҳодисаси илк бор рўй бераётгани йўқ. 2014 йилнинг 21 октябрида айни мактабнинг 7-синф ўқувчиси Соҳиба Туримова ҳам маҳаллий дала шийпонларидан бирида ўзини осиб қўйган эди.

Мактаб ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кейинги пайтларда Ўзбекистон бўйлаб кўпаяётгани эътиборлидир.

Бир ой аввал, 2015 йилнинг 21 декабрь куни Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги Тиббиёт коллежининг 3-курс ўқувчиси Севара Облоқулова ўз ҳовлисининг иккинчи қаватидаги зинапоя панжарасига осилган ҳолда топилган эди.

Октябрь ўрталарида Қорақалпоғистондаги Элликқаъла академик лицейининг 3-курс ўқувчиси Мансур Матёқубов пахта даласида ўзини жийда дарахтига осиб қўйган эди.

31 июль куни Самарқанднинг Пайариқ тумани Бурхут фуқаролар йиғини Аювча қишлоғида яшовчи 17 яшар ўқувчи қиз 63 яшар ҳамқишлоғи томонидан жинсий зўрланганидан сўнг молхона айвонининг тўсинига ўзини осган эди.

Май ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синфида ўқиган ўқувчи қиз ҳам ўз жонига қасд қилди.

11 апрель куни эса Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди.

XS
SM
MD
LG