Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Нақд пул тақчиллиги талабалар баҳосини ҳам еб қўймоқда


Талабалар иддаосига кўра, ўқув жараёнида тўпланган баллар инобатга олинмасадан, баҳолари пасайтириб қўйилмоқда
Талабалар иддаосига кўра, ўқув жараёнида тўпланган баллар инобатга олинмасадан, баҳолари пасайтириб қўйилмоқда

Ўзбекистон ўқув юртларида аълочилар стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш мақсадида талабалар баҳоларини пасайтириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан шикоят қилган талабаларга кўра, ўқув жараёнида тўпланган баллар ҳам инобатга олинмасдан, якуний баҳо атайлабдан пасайтириб қўйилмоқда. Озодлик билан гаплашган ўқитувларнинг айримлари аъло баҳо қўйишга чеклов борлигини эътироф этишди. Стипендия харажатларни қисқартириш Ўзбекистон иқтисодида нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ вазият кескинлашаётган пайтга тўғри келмоқда.

Баҳолари атайлабдан пасайтириб қўйилаётгани иддаоси билан Озодликка мурожаат қилган Бухоролик талабаларнинг айтишларича, ўқув юртлари маъмуриятлари шу йўл орқали аълочилар стипендиялари билан боғлиқ харажатларни қисқартириш чорасини кўрмоқда. Ҳатто пора бериб ҳам аъло баҳога умид қилиб бўлмайди, дея ёзди талабалар.

“Сессияда пулини тўлаб ҳам, ҳатто ўзимиз тўплаган балларга яраша баҳо ололмаяпмиз. Атайлабдан паст баҳо қўйиб беришяпти”, дейилади Озодликка келган хабарда.

Ўзбекистон вилоятларидан биридаги олий ўқув юрти ўқитувчисининг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, талабаларга баҳо қўйишда “қаттиққўлроқ бўлиш” тўғрисида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг оғзаки кўрсатмаси бир неча йилдан бери амал қилади.

“Беш баҳони имкон қадар қўймаслик тўғрисида махсус кўрсатма бор, бу рост. Бунга бир-икки йил бўлиб қолди. Сессия пайтида ўқитувчиларга алоҳида эслатилади бу ҳақда. Лекин барибир, бу аълочилар бўлмасин, дегани эмас. Бизнинг факультетда аълочилар бор, лекин уларнинг сони чекланган, саноқли”, дейди университет домласи.

Айни пайтда, самарқандлик талаба Озодлик билан суҳбатда ўзи ўқийдиган университетда баҳоларга чеклов қўйиш амалиёти йўқлигини айтади.

“Бизда унақа чекловлар йўқ. Ким қандай ўқиса, ўшанга қараб баҳо қўйиб беради. Мен, масалан, тўртга ўқийман, аълочилар ҳам бор. Мен олган баҳомга яраша 330 минг сўм стипендия оламан”, дейди самарқандлик талаба.

Сирдарёдаги ўқув юртларидан бирининг факультет декани аъло баҳога чеклов ўрнатилганини рад этди, лекин олий таълим вазирлигидан талабаларга баҳоларни атайлабдан ошириб қўймаслик тўғрисида алоҳида кўрсатма борлигини тан олди.

“Аъло баҳо қўйманглар, деган гап йўқ. Лекин талабалар баҳосини керагидан ошириб юбориш ҳолларига йўл қўймаслик тўғрисида айтилган. Лекин масалан бизнинг факультетда аълочилар бор. Бунга лойиқ бўлса, аъло баҳосини олаверади. Ўтган йилги кўрсаткичлар бйўича факультетимиз талабаларининг 5-10 фоизи аълочи бўлган. Тўрт баҳога ўқиганлар 30 фоизгача бўлди. Қолган 40-50 фоизи уч билан ёпди сессияни”, дейди факультет декани.

Суҳбатдошимиз ўзи раҳбарилик қиладиган факультет талабаларининг кўпчилиги қониқарли баҳо олгани чекловлар билан боғлиқ эмаслигини ҳам таъкидлади.

Бугунги кунда Ўзбекистон олий ўқув юртларида талабалар стипендияси аъло баҳо учун ўртача 440 минг сўм, яхши баҳо учун 330 минг сўм, қониқарли ўқиганлар учун эса 220 минг сўмни ташкил этади.

Аълочини “яхши” даражага тушириш, ёки яхши талабани “қониқарлига” тушириш орқали олий таълим вазирлиги қанча маблағ иқтисод қилиши мумкинлигини оддий ҳисоб-китоб билан чиқариш мумкин.

Мамлакат олий ўқув юрталарида бир пайтнинг ўзида тахминан 300 минг атрофида талаба ўқийди. Ўзбекистонда одатда битта талаба ўрни учун ўртача 10 абитуриент курашади. Бундай рақобат вазиятида ғолиб чиқиб, ўқишга кирган ўртача талабани иқтидорини эътироф этиб, талабалар умумий армиясининг йўқ деганда 60-70 фоизи аъло ва яхши баҳога ўқишини тахмин қилишимиз мумкин (ҳар қалай мухбирингиз ўқиган пайтда қониқарли ўқиганлар мутлақ камчиликни ташкил этган).

Яъни, тахминан 200 минг талаба иқтидори “беш” ва “тўрт”га ўқий олишига имкон беради. Ана шу 200 минг талабанинг баҳосини бир поғонага тушириш орқали вазирлик ҳар ойда оз эмас, кўп эмас 20 миллиард сўмгача иқтисод қилиши мумкин.

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабаларига ортиқча стипендия тўламаслик мақсадида баҳоларни пасайтириш чораси сўнгги 4-5 йил давомида қўлланилаётгани кузатилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон Молия вазирлиги мамлакатнинг еттита олийгоҳида талабаларга 200 миллион сўмдан зиёд стипендия пули ортиқча берилгани аниқлангани тўғрисида билдирган эди. Озодлик манбалари ўша пайтда, ушбу олийгоҳлар Олий ва ўрта махсус вазирлигининг “аълочи талабалар сонини қисқартириш талабини бажармаганликда айблангани” тўғрисида айтишган эди.

Талабалар стипендияси билан боғлиқ харажатларни қисқартириш уринишлари Ўзбекистон иқтисодида юзага келган нақд пул тақчиллиги муаммоси кун сайин кескинлашаётган пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки ўтган йили бош вазир Шавкат Мирзиёевни нақд пул тақчиллиги олдиндан айтиб бўлмайдиган ижтимоий қийинчиликларга олиб келишидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG