Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:30

VimpelCom Гулнора Каримовага пора берганини тан олишга тайёр


VimpelCom, TeliaSonera ва МТС Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани гумон этилмоқда
VimpelCom, TeliaSonera ва МТС Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани гумон этилмоқда

VimpelCom ширкати АҚШ ва Ҳолландия расмийлари билан Ўзбекистонда пора берганини тан олишини назарда тутувчи "дастлабки келишувга" эришганини билдирди. Бу келишув расмийлар тарафидан маъқулланса, Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланаётган VimpelCom 900 миллион долларгача жарима тўлаши мумкин.

Миллиард долларлик жарима

VimpelCom ширкати Ўзбекистондаги фаолияти давомида коррупцияга қўл урганига доир терговнинг ёпилиши эвазига қонунни бузганини тан олишга тайёрлигини билдирди. Бермуда оролларида рўйхатга олинган ва қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган ширкат чоршанба куни эълон қилган йиллик молиявий ҳисоботда айтилишича, бу ҳақда АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси, Адлия вазирлиги ҳамда Ҳолландия Бош прокуратураси билан дастлабки келишувга эришган.

Россиянинг Altimo ва Норвегиянинг Telenor компанияларига қарашли VimpelCom Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар миқдорида пора берганлик гумони билан АҚШ ва Ҳолландия расмийлари тарафидан тергов қилинмоқда.

2015 йилги молиявий ҳисоботида гап VimpelCom-нинг “Ўзбекистондаги бизнеси ва Takilant Ltd билан аввалги олди-бердиларига оид тергов” ҳақида бораётгани аниқлаштирилади.

“Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан истиқболдаги келишув шартларига биноан ширкат ва унинг айрим шуъбалари, жумладан, АҚШнинг хорижда коррупцияга қарши қонуни ва Ҳолландиянинг тегишли қонунларининг айрим жиҳатларини бузганини тан олади ва Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага жарима ва товон тўлайди. Мазкур жарималар миқдори бундан аввал айни мақсадлар учун ажратилгани эълон қилинган миқдордан ошмайди”, дейилади ширкатнинг йиллик ҳисоботида.

VimpelCom ўтган йилнинг ноябрида эҳтимолий жарималар учун 900 миллион доллар ажратганини эълон қилган эди.

Шу билан бирга йиллик ҳисоботда мазкур келишув АҚШ ва Ҳолландия назорат идоралари томонидан маъқулланганидан кейингина унинг якунийлиги ҳақида гапириш мумкин, дея эслатди VimpelCom.

Шу ой бошроғида Vimpelcom ширкати Ўзбекистондаги фаолиятига дахлдор коррупция тергови доирасида АҚШ, Швейцария ва Ҳолландия ҳукуматларига жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши мумкинлиги тўғрсида хабарлар пайдо бўлди. Rambler News Service агентлиги ўз манбаларига таяниб, VimpelСom яқин вақт ичида мазкур мамлакатлар тергов идоралари билан бунга оид келишувга эришилганини эълон қилиши мумкин, дея хабар қилди.

АҚШ Адлия вазирлигидаги манбага таяниб, Vimpelcom Америка назорат идораларига 750 миллион доллар Европа Иттифоқи идораларига эса 250 миллион доллар миқдорида жарима тўлаши айтилди.

Лекин ширкат ҳисоботида гап фақатгина АҚШ ва Ҳолландияга жарима тўлаш ҳақида кетаётгани таъкидланган.

Қимматга тушган ўзбек телеком бозори

VimpelCom ва яна икки телеком ширкати – Швециянинг TeliaSonera ва Россиянинг МТС компаниялари Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани хусусидаги иддаолар Европа мамлакатларида 2012 йилдан бери тергов қилинмоқда. Ўшандан бери VimpelCom ва TeliaSonera раҳбариятида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Гулнора Каримовага ўртакаш фирмалар орқали пора берганликка алоқадор кўрилган мулозимлар ишдан олинди.

Ўтган йили АҚШ назорат идоралари мамлакат қимматбаҳо қоғозлар бозорида акциялари айланувчи уч ширкатнинг порахўрликка қўл ургани юзасидан тергов бошлаши ортидан VimpelCom ва TeliaSonera эҳтимолий жарималар учун юзлаб миллион доллар ажратишларини эълон қилди.

Бундан ташқари, иккала ширкат Ўзбекистон бозорини тарк этиш ниятида эканликларини билдиришди. VimpelCom ширкатининг асосий ҳақдори Норвегиянинг Telenor ширкати ўзига тегишли 2,2 миллиард долларга тенг 33 фоизлик акциялар пакетини сотишни режелаштираётганини эълон қилди.

Молиявий ҳисоботда айтилишича, 2015 йилда VimpelCom ширкатининг даромади учдан бир ҳиссага камайган.

Айни пайтда ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШ назорат идоралари Глунора Каримовага пора берганликда айбланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкатидан рекорд даражадаги 1,7 миллиард доллар ундириши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинган эди.

Агар иккала ширкатдан ундирилиши кўзланаётган жарима тўланадиган бўлса, бу АҚШ тарихида мисли кўрилмаган – 2,5 миллиард доллардан ошиқ – молиявий жазо бўлади.

Миллионларни ўмарган ҳукмдор ойимча

17 февраль куни Америкадаги нуфузли New York Times газетаси Гулнора Каримовани АҚШ Адлия вазирлиги томонидан ўғриликда гумон этилаётган хориж расмийлари рўйхатига киритди.

The New York Times газетасидан олинган лавҳа
The New York Times газетасидан олинган лавҳа

"Уларнинг қўлида ҳокимият бор эди. Улар миллионларни ўмаришди", номли мақолада:

“Гулнора Каримова – Ўзбекистон президентининг қизи, собиқ олифта ойимча, мода дизайнери ва модель. Ҳарвардда таҳсил олган Каримова хоним мусиқавий клипларни суратга олган, заргарлик буюмларини ясаган ва ўз мамлакатининг Испания ҳамда БМТнинг Женевадаги элчиси вазифасида хизмат қилган.

Қўшма Штатлар ҳукумати у ўзбек телеком бозорига кирмоқчи бўлган Россия ва бошқа хорижий ширкатлардан пора сифатида олган 300 миллион АҚШ долларини мусодара қилмоқчи. Сиздирилган Америка дипломатик каблограммага кўра, ўзбекистонликлар уни “қароқчи барон”, деб кўришади ва у мамлакатдаги “энг ёмон кўриладиган шахс” бўлиб қолмоқда. Пуллар бир нечта қобиқ ширкатлар орқали ўтказилган ва ҳозирда Америка банкларидан бирининг хориждаги шуъбаларидаги ҳисоб рақамларида сақланмоқда. Каримова хоним, хабарларга кўра, ҳозирда Тошкентда уй қамоғида қолмоқда”, дея ёзди 17 февраль куни New York Times газетаси.

XS
SM
MD
LG