Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:46

Жиззахда ИШИДчиликда айбланган армани Авакян 7 йилга кесилди


ИШИД да айбланган Арамаис Авакян
ИШИД да айбланган Арамаис Авакян

Жиззах вилояти жиноий ишлар бўйича суди миллати армани насроний Арамаис Авакянни 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. У билан бирга суд қилинган тўрт киши ҳам беш йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси олди. Судланувчилар исломий экстремистик гуруҳларга алоқадорликда айбланган. Авакян яқинларининг айтишларича, суд ҳукми адвокатсиз ва қисқа муддатда ўқилган.

Жиззах вилояти Жиноят ишлари бўйича суди 19 февраль куни миллати армани насроний Арамаис Авакянни 7 йилга, унинг шериклари Фурқат Жўраевни12 йилга, Бектемир Умрзоқовни 6,5 йилга, Дилшод Алимов ва Акмал Маматмуродовларни 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбланган.

Арамаис Авакяннинг хотини Ширин Турсунованинг Озодликка айтишича, суд жуда тез бошланиб, дарров тугаган:

“Жуда ғайритабиий суд бўлди. Тахминан ўн минутча давом этди. Мен киришга улгурмадим. Дарров эшикларни ёпиб олишди. Бошқа судланувчиларнинг яқинларини ҳам киритишмади. Адвокат ҳам судда қатнашмади”, дейди Ширин Турсунова.

33 яшар Авакян ИШИДга хайрихоҳликда гумон қилиниб, ўтган йилнинг 4 сентябридан бери ҳибсда ушлаб турилибди.

Фермер Арамаис Авакян бундан икки йил аввал Пахтакор туманида иккита ҳовуз очиб, у ерда балиқ хўжалиги ташкил қилади.

Тадбиркор ҳовузни тозалаттириб, Чиноз туманидан майда балиқ уруғларини келтириб, балиқ етиштириш билан шуғулланган.

Икки йил ўтиб ҳовуздаги балиқлар каттайиб кўпайиб кетган пайтда ҳоким билан фермер ўртасида низо чиқади, дейди воқеани ўрганган Улуғбек Ҳайдаров:

“Икки ҳовузда тахминан 70-80 тонна балиқ етиштирилган. Фермер Арамаис Авакян балиқларни сотишни бошламоқчи бўлганида ҳоким билан низолашади. Менга айтишларича, Пахтакор тумани хокими Собир Қаршибоев катта фойда келтириши аниқ бўлган ҳовузни ўзининг яқинларидан бирига олиб бермоқчи бўлган. Ҳоким ва Арамаис ўртасидаги суҳбат жанжал билан тугаган. Билишимча, ҳоким Арамаисга “Сени турмада чиритаман!” деб бақирганини одамлар эшитган”, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Миллати арман бўлган Авакяннинг насроний бўлишига қарамасдан ИШИДга алоқадорликда айбланаётгани Арманистон ҳукуматини ҳам четда қолдирмади.

Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян Ўзбекистон парламентининг ҳуқуқий масалалар билан шуғулланувчи комиссияси раисига жиззахлик фермер Арамис Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб, мурожаат қилгани тўғрисида Озодлик радиоси арман хизмати хабар қилди.

Ундан аввал эса Арманистон Омбудсмани ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллаган эди.

XS
SM
MD
LG