Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:09

“Ўз ерни қўйиб ҳинд сори юзланган” ўзбек беморлари кўпаймоқда


Маҳаллий матбуотга кўра¸ Ҳиндистон тиббий сайëҳлик бўйича энг жозибали мамлакатга айланган ва бу ерга турли муолажа¸ хусусан¸ мураккаб жарроҳлик амалиëтлари учун келаëтган ўзбекистонликлар сони муттасил ошиб бормоқда. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз¸ хусусан¸ коррупция¸ беморларни ўзбек касалхоналарини қўйиб¸ ҳинд врачларига йўл олишга мажбур қилмоқда.

Ҳиндистон матбуотига кўра¸ мамлакат хусусий касалхоналари 2015 йили халқаро мижозларни даволашдан 3 миллиард доллар даромад кўрган ва бу кўрсаткичнинг 2020 йилга бориб 10 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда асосан хориж беморларига тиббий ëрдам кўрсатишга ихтисослашган Apollo Hospitals корпорацияси вакили бу даромаднинг ошишига ҳисса қўшаëтган ўзбекистонлик мижозлар сонининг йилдан-йилга ўсиб бораëтганини айтади:

- Ўзбекистонлик беморлар касалхонамизда даволанаëтган беморларнинг сезиларли қисмини ташкил этади. Бизнинг касалхона Ўзбекистондаги UMT маркази билан ҳамкорликда ўзбекистонлик мижозларга ташхис қўйиш ва уларни даволашни йўлга қўйган Ҳар ойда икки марта мутахассисларимиз Тошкентга бориб¸ эҳтимолий мижозлар билан учрашишади¸ бепул консультация беришади. Ўзбекистондан келаëтган беморлар сонининг муттасил равишда ошиб бораëтганини айтишим мумкин. Булар асосан юрак операциялари ва турли орган трасплантациялари учун келаëтганлар¸ шунингдек саратонга даво излаëтганлардир¸ деди Apollo Hospitals халқаро маркетинг бўлими ходимаси Озодлик билан суҳбатда.

Бу суҳбатдош Ўзбекистондан бир ой ëки бир йилда қанча бемор айнан Apollo Hospitals корпорациясига қарашли касалхоналарда даволанаëтганига ойдинлик киритмади. Ўзбекистонда беморларни Ҳиндистонга даволаниш учун юборишга ихтисослашган тиббий марказлардан бири ходими бу саволга жайдари ҳисоб-китоб билан жавоб берди:

- Бир ҳафтада учта Тошкент-Деҳли рейси бор. Ана шу рейсда учаëтганлардан камида 50 таси даволаниш ва операция учун кетаëтган ўзбекистонликлардир¸ дейди бундайлар сонининг ошиб бораëтганини таъкидлаган Тошкентдаги суҳбатдош.

Унга кўра¸ Тошкентдан кўтарилган учқич атиги уч соатдан кейин Деҳлига қўнади ва аэропортнинг ўзиданоқ беморлар ва улар яқинларини касалхона вакиллари кутиб олиб¸ бутун сафарнинг силлиқ кечишини таъминлашга киришадилар.

- Авваллари кўпчилик Ўзбекистонда даво топмаган дардига¸ хусусан¸ мураккаб операциялар учун асосан Россияга кетишарди. Ҳозир Россиянинг Ҳиндистонга нисбатан ягона устунлиги ўзбекистонликларнинг рус тилини билиши бўлиб қолди¸ холос. Қолган ҳамма томондан¸ Ҳиндистон хусусий касалхоналари Россияни ўйиндан чиқаришди. Биринчидан¸ Ҳиндистонда даволаниш нархи Россияникидан анча арзон бўлиб қолди. Иккинчидан¸ Ҳиндистон хусусий касалхоналари Ғарб стандартларидаги энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозланган. Учинчидан¸ Ҳиндистонда қадимдан жиддий ва ҳар томонлама ривожланган тиббиëт ва малакали докторлар бор. Агар ўзбекистонликлар берган пулига қониқарли хизмат ола олмаганда эди¸ Ҳиндистонга кетаëтганлар сони ўз-ўзидан камайган бўларди. Амалда аксинча¸ кетаëтганлар фақат кўпаймоқда¸ дейди Тошкентдаги Ҳиндистон хусусий касалхоналарига мижоз жўнатиш билан шуғулланувчи ширкат вакили.

Бу суҳбатдош берган хомчўтга кўра¸ ҳафтасига 150 та ўзбекистонлик Ҳиндистонга тиббий муолажа учун кетаëтган бўлса¸ бир ойда бу рақам 600¸ бир йилда эса 7000-8000 ни ташкил этади. 30 миллионлик Ўзбекистондан Ҳиндистонга даво излаб кетаëтганлар бу жараëнни оммавий деб баҳолашга имкон бермаса-да¸ кузатувчилар таъкидича¸ “ўз ерни қўйиб ҳинд сори юзланган” беморлар сонининг ошиб бораëтгани¸ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз симптомларидан биридир.

Ўзбекистон касалхона ва врaчлари нега пули бор мижозларни йўқотмоқда?

Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик мутахассислар¸ бу саволнинг фундаментал жавоби¸ системага бориб тақалишини айтдилар.

- Ўзбекистон соғлиқни сақлаш муассасаларининг аксари давлатга қарашли. Бу ерда бериладиган ойлик оила боқишга етмаганидан¸ малакали варчларнинг кўпчилиги хорижга чиқиб кетган. Бугун Африкадан тортиб Лотин Америкасигача ўзбек врачлари бор. Давлат¸ бир томондан¸ хусусий тиббиëтни ривожлантириш ҳақида ҳар хил қонун ва қарорлар чиқарган. Лекин амалда хусусий клиника очишнинг имкони йўқ ҳисоби.

Биринчидан¸ ойлиги еб-ичишдан ортмайдиган врач қайси пулига хусусий касалхона очади¸ қайси пулига унга тиббий ускуна олиб келади ва қайси пулига одам ишлатади? Банкдан кредит олишга уриниб кўрган одам биладики¸ бунинг амалда имкони йўқ.

Дейлик¸ 20-30 минг доллар пулини кимдир хусусий касалхона очишга сарфламоқчи ҳам. Бунга бино топиб¸ уни стандарт бўйича таъмирдан ҳам чиқарсин. Асбоб-ускунанинг ҳаммаси хориждан¸ асосан¸ Хитойдан келади. Европаники қиммат¸ унга тишимиз ўтмаслиги аниқ. Лекин чет элдан медицина технологиясини олиб кириш Ўзбекистонда фақат икки-учта одамга “хатлаб” берилган монополия. Хитойдан тўғридан-тўғри арзон олиб келиш имкони бўлгани ҳолда¸ сиз бу монополистлардан айни нарсани бир неча баравар қимматига олишга мажбурсиз¸ чунки сиз олиб келсангиз¸ таможнядан ўтказмайди. Ҳали иш бошламай туриб¸ зарарга кирасиз.

Кейин¸ ишингизни ҳар бир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қўйилган МХХ одами назорат қилади. Бу МХХчи тиббиëтда нима қилиб ўтирибди¸ деб сўранг. Унинг вазифаси¸ врачларнинг қадамини пойлаш¸ уларга компромат йиғиш¸ шантаж қилиш ва улардан пул ундириш¸ холос. Ким унга узатиб турса¸ қанчадир вақт ишлайди¸ узатмаса¸ йўқ қилишади. Эркинлик йўқ бўлган бунақа системада¸ қанақасига медицина ривожлансину¸ қанақасига врачлар ҳиндлар билан рақобат қилсин¸ дейди ўзи ҳам хусусий касалхона очиш учун йиллар давомида бесамар югурган ўзбекистонлик врачлардан бири.

Айни шу суҳбатдош тилга олган системик коррупция боис¸ ўзбекистонликларнинг ўз врачларига умумиятла ишончи йўқ ва шу боис имконини топган¸ жиддий тиббий муаммога дуч келганида¸ отини сотиб¸ молини сотиб бўлса ҳам¸ хорижга¸ янги урфга кўра эса¸ айнан Ҳиндистонга отланмоқда.

- Ўзбекистонда медицина бепул¸ деб жар солишади. Амалда бир бепул даволаниб¸ кўрингчи! Эшикни олдида турган қоровулидан тортиб¸ ҳамшира ва врачларнинг чўнтагига кунора пул тиқмай кўрингчи¸ касалингизга биров қарайдими? Топган-тутганингизни олиб бориб берсангиз ҳам¸ врачларнинг савиясига ишонч йўқ. Ҳар кун бир қулоч рецепт беради¸ бор фалон аптекадан олиб кел дейди. Атайин энг қимматларини буюришади. Олиб келсангиз¸ уни ишлатишига гарантия йўқ. Яна ўша аптекага чиқариб¸ сотишади ва касалингиз ëтаверади. Шунча пулни ҳавога совургандан кўра¸ уни қандайдир гарантияси бор чет эллик врачларга бериш яхшироқ бўп қолди¸ дейди.

Озодлик суҳбатлашган мутахассислар¸ ўзбекистонлик врачлар профессионал савиясининг пасайиб кетаëтгани¸ бунга ҳам биринчи навбатда коррупция¸ хусусан¸ олий таълимни емираëтган порахўрлик сабаб эканини айтадилар.

XS
SM
MD
LG