Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Петербургда меҳнат муҳожирлари оғир яраланди


Санкт-Петербургда 24 мартга ўтар кечаси икки нафари пичоқлаб ва яна бири отиб кетилган муҳожирлар аҳволи оғирлигича қолмоқда. Миллатчилар ҳужумига учрагани тахмин этилаётган бу ҳодиса ортидан маҳаллий ОАВда улар Ўзбекистон фуқаролари экани тўғрисида хабарлар тарқади. Реанимацияда қолаётган мигрантлар Тожикистондан экани ва бу яқин орада Дибенко туманида меҳнат муҳожирларига қилинган биринчи ҳужум эмаслигини аниқланди.

Пайшанбага ўтар кечаси Россиянинг Петербург шаҳри Дибенко кўчасидаги бир гуруҳ маҳаллий ёшларнинг ҳужуми оқибатида уч нафар мигрант ўта оғир аҳволда Александровская шифохонасининг реанимация бўлимига келтирилди.

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко Озодликка 24 март куни тунгги соат бирларда Дибенко кўчаси 27 уй ёнида содир бўлганини маълум қилди.

Расмий ҳозирча аниқланмасдан қолаётган бир гуруҳ шахслар ўтиб кетаётган муҳожирларга ташлангани, улардан 36 ёшлисига бир неча маротаба ўқ узгани, 33 ва 38 ёшли яна иккисига пичоқ билан оғир жароҳатлар етказгани маълум эканини гапириб берди:

- Ярадор бўлган уч нафар фуқаро шифохонага ётқизилди. Бахтли тасодифга кўра, ўлганлар йўқлигини менга хабар қилишди. Улар Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқароларидир. Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111 моддаси 1 қисми (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) асосида жиноят иши иши очилди, дея ҳозирча терговчиларга маълум бўлганларни очиқлади Вячеслав Степченко.

Петербург полицияси расмийси муҳожирларга ҳужум уюштирган 10га яқин одам қидирувга берилгани, бу ҳодиса гувоҳларини эса +7 (812)573-57-15 телефон рақами бўйича Невский туман Ички ишлар бўлимига хабар беришларини сўради.

Мигрантларга қилинган ҳужум жойи Дибенко номли метро бекатидан юз метрча нарироқда бўлгани маълум. Ҳодиса ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида Невский туманидаги муштлашувда уч нафар Ўзбекистон фуқароси яралангани тўғрисида хабарлар тарқала борди.

Бироқ, Озодлик пичоқланган ва отилган шахслар Тожикистон фуқаролари эканини тасдиқлаб олди.

“ОСА” травматика тўппончаси ва кесма милтиқдан отилган ва шаҳарнинг Александровский шифохонасига келтирилган 36 ёшли мигрантнинг танасида врачлар тўрттача ўқ изини аниқлади. 33 ва 38 ёшли яна иккисининг бутун танаси, юзи пичоқлангани ва улар дарҳол шок реанимацияси бўлимига ётқизилгани маълум бўлди.

Озодлик Александровская шифохонаси қабулхонасидан муҳожирлар касалхонага ўз кучлари билан етиб келганини билди. Қизиғи, метро олди одатда тунда ҳам гавжум бўлган жойга полиция чақиртирилмагани, улар ҳодиса тўғрисида шифохонадан тушган маълумотномадан хабар топган экан.

- Негадир менинг ёзувларимда Дибенко кўчасидан яраланган фақат бир киши келтирилгани қайд этилган. У ҳам бўлса ўзи мурожаат қилган. Қолган икки кишини қаерга олиб кетишганини билмайман. У Тожикистон фуқароси, исми Ҳақбердиев Мамадулло Махмадалиевич. Унда паспорти, ҳужжатлари ҳам йўқ – исмини унинг айтганларидан ёзиб олдим, деди полицияга Александровский шифохонасидан фақат бир кишига телефонограмма кетганини айтган қабулхона навбатчиси.

Ҳозирча полицияда оммавий тўполонга гувоҳ бўлган бирор киши топилмаганини гапирмоқда. Исмини ошкор қилмасликни сўраган тергов ходимларидан бири тожикистонлик муҳожирларга қилинган суиқасд миллий адоват юзасидан содир этилгани асосий тергов тахминларидан бири эканини тақдиқлаб берди.

Бироқ, Петербург нашрлари ҳам жароҳатланган, ҳам ҳодиса жойидан жуфтакни ростлаган жиноятчилар ҳам марказий осиёлик экани тўғрисида тахминларни ҳам овоза қилди.

Таъкидлаш жойизки, Санкт-Петербургнинг Дибенко тумани ўнг радикаллар, тақирбошлар ва бошқа миллатчилар маркази саналади.

Бир вақтлари Петербургда Қурбон байрами нишонланишига қарши чиққан, меҳнат муҳожирларини Россиядан чиқариб юбориш ашаддий тарафдорларидан бўлганмиллатчи Николай Бондарик айнан шу ерда ўзининг маршлари ва “сходкалари”ни уюштириб турган.

“Дибенко кўчаси” метро бекатида хорижликларга қилинаётган ҳужумлар биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ. 2014 йилнинг 9 февралида метро бекатидан узоқ бўлмаган жойдан чавақлаб кетилган Ўзбекистон фуқароси маҳаллий шифохонага олиб кетилган эди.

XS
SM
MD
LG