Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Самарқандда аҳоли газ қувурларининг кесилишига норозилик билдирди


Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Булунғур ариқ маҳалласининг 150дан ортиқ аҳолиси душанба куни газ қувурларининг кесиб кетилишига қарши норозилик билдирди. Маҳалла аҳли бу газ қувурларини ўз ёнларидан пул тўплаб тортиб келганликларини, туман газ таъминоти бўлимининг бу қувурларни кесиб олишга ҳаққи йўқ эканлигини айтмоқда.

Булунғур туманидаги Булунғур ариқ маҳалласининг 150 нафардан ортиқ аҳолиси 28 март куни газ қувурларини кесиш учун келган туман газ таъминоти бўлими ходимларини олдига солиб ҳайдади.

Булунғур ариқ қишлоқ фуқаролар йиғини биносининг олдига йиғилган аҳоли ўзларининг пулига тортиб келган газ қувурларини кесишга йўл қўймаслигини айтиб, расмийлардан газ идораси ходимлари зудлик билан маҳаллани тарк этишини сўраган.

Булунғур ариқ қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, анча йил олдин маҳаллага газ бериш тўхтатилган эди:

- Кеча райгазни одамлари иккита Дамасда келдида, “бу қувур райгазни ҳисобида, ҳокимни буйруғи билан кесиб кетамиз, деб бир парча қоғоз кўрсатяпти. Кейин 150дан ортиқ одам йиғилди. Одамлар “бу халқнинг мулки, кесмайсан”, деди. Катта жанжал бўлди. Халқ барибир қўймади. Улар эртага ҳоким билан келамиз, деб кетишди, деди маҳалла фаоли.

Булунғур ариқ қишлоғида истиқомат қилувчи ўқитувчилардан бири бу газ қувурини тортиб келиш учун аҳоли молини сотиб, пул йиққанини айтади:

“2002 йилда қишлоқнинг одамлари ўзлари пул йиғиб газ қувурини тортиб келган эди. Ўшанда қишлоқнинг мўйсафидлари бу ишга бош-қош бўлган эди. Кимдир молини сотиб пул қўшди, кимдир деҳқончилигини сотиб. Ҳокимиятдан ёки райгаздан бир сўм ажратилган жойи йўқ. Сваршикларга ҳам халқнинг пулидан берилган. Ўшандан кейин уч йил газ келдию, шу билан тақа-тақ тўхтади. Халқ яхши кунлар келишидан, бу қувурлардан яна газ оқишидан умидвор ҳали”, деди ўқитувчи.

Ўқитувчининг айтишича, расмийлар халқнинг пулига қурилган қарийб икки километрлик газ қувурини сотиб, ўзлаштириб юбормоқчи.

Булунғур тумани газ таъминоти идораси бошлиғи Тоҳир Сулаймонов Озодлик билан суҳбатда Булунғур ариқ қишлоғи аҳолиси унинг ходимларига қувурларни кесишга рухсат бермаганини тасдиқлади:

- Туман ҳокимининг фармойиши бор. Газ бормайдиган ҳудудлардаги трубаларни кесиб, газлаштирилаётган бошқа ҳудудларда ишлатиш учун олиб келишимиз керак эди. Бу трубалар газ идораси балансида турибди. Лекин халқ чиқиб, бизни ишлагани қўймади. Ҳозирча бу ишни тўхтатиб турибмиз, деди Тоҳир Сулаймонов.

Ўзини Булунғур тумани ҳокимининг ёрдамчиси Отабек деб таништирган мулозим Озодлик саволларини обдон эшитгач, телефон рақамларимизни ёзиб олди ва ҳоким билан маслаҳатлашиб, жавоб беришга ваъда қилди.

Бироқ кун давомида Отабекдан дарак бўлмади.

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллигига қарши аҳолининг норозилик чиқишлари кейинги пайтда тез-тез кузатилаяпти.

Жумладан, ўтган йилнинг охирида Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрининг йигирма кун давомида газсиз ўтирган аҳолиси норозилик билдириб, бир ҳафта давомида деярли ҳар куни шаҳар ҳокимлиги ва туман газ таъминоти идорасига борган эди.

2015 йилнинг 22 декабрида Фарғона вилояти Марғилон шаҳри Саховат маҳалласи аҳолиси табиий газ ва электр йўқлигидан норози бўлиб, тўрт кун кўчага чиқиб, газ босими нисбатан кўтарилишига эришди.

Марғилонликларнинг норозилигидан аввал - 18 декабрь оқшомида эса Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида кўп қаватли уйларда яшовчи икки юзга яқин одам газ йўқлигидан норозилик билдириб, кўчага чиқиб, Марғилон автомобиль йўлини бир соат давомида тўсиб туришди. Милиция ва ҳокимият расмийлари норозилар ёнига келиб, газ баллонлари берилишини ваъда қилганидан сўнг оломон уйларига қайтган эди.

XS
SM
MD
LG