Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:24

Собиқ бош прокурор Рашид Қодиров одамларидан яна уч нафари ишдан олинди


Тошкент шаҳри ва вилояти прокуратура тизимларида кадрлар алмашинуви давом этмоқда. Ўтган ойда Тошкент шаҳар прокурори лавозимига Мираълам Мирзаев тайинланиши ортидан пойтахтнинг Яккасарой ва Бектемир туманлари ҳамда Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурорлари лавозимларидан четлатилгани айтилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, ишдан олинганларнинг учаласи ҳам собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг одамлари бўлган. Қодиров ўтган йилнинг апрелида ишдан олиниши ортидан мамлакат прокуратура тизимида жиддий ўзгаришлар рўй берди.

Тошкент шаҳар Яккасарой ва Бектемир туманлари прокурорлари Абдулла Қодиров ва Бахтиёр Абдувоҳидов шу ҳафта бошроғида ишдан четлатилгани айтилмоқда. Озодлик манбасининг айтишича, улар кутилмаганда ҳеч бир тушунтиришсиз лавозимларидан бўшатилган. Улар билан бир вақтнинг ўзида Тошкент вилояти Янгийўл туман прокурори Ҳусан Аҳмедов ҳам ишидан олинди, дейди манбамиз.

“Уларнинг ишдан олиниши сабабларини ҳеч ким билмайди. Ўзлари учун ҳам кутилмаган бўлди. Ҳаммасини чақириб, аризаларингни ёз, деб айтишган. Улар ҳам индамасдан ёзиб беришган. Ҳозир биттасига иш беришди. Иккитаси ишсиз, заҳирада турибди”, дейди Озодлик манбаси.

Озодликнинг хавфсизлик идораларидаги бошқа манбаси ҳам учта прокурор ишдан четлатилганини тасдиқлади. Бу манбанинг иддао қилишича, ишдан олинган прокурорларнинг учаласи ўтган йили лавозимидан четлатилган собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг одамлари бўлган.

“Ҳаммаси Рашид Қодировнинг одамлари эди. Қодиров бош прокурорликдан кетганидан кейин жиддий ўзгаришлар бўлаётганини биласиз. Секин аста у қўйган одамларни раҳбар лавозимлардан олишяпти. Ўтган ойда шаҳар прокуратурасига тайинланган Мираълам Мирзаев ҳозир ўзининг одамларини қўймоқда. Яккасаройда прокурор вазифасини бажараётган Улуғбек Тошев ва Бектемирга вақтинча прокурор бўлган Санжар Солиҳовнинг иккаласи Мирзаевнинг одамлари”, дейди манба.

Унинг яна айтишича, Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори вазифасини вақтинча бажаришга Ҳусанхўжа Пўлатхўжаев тайинланган. Туман собиқ прокурори вилоят прокуратурасининг жиноят ишлари бўйича суд терговида прокурор ваколатини таъминлаш бўлимига ўтказилган.

Рашид Қодиров бир йил аввал бош прокурорликдан олинганиши ортидан унга содиқ шахслар лавозимларидан четлатилмоқда
Рашид Қодиров бир йил аввал бош прокурорликдан олинганиши ортидан унга содиқ шахслар лавозимларидан четлатилмоқда

“Ҳусан Аҳмедов туман прокурорлигидан вилоят прокуратурасининг 12-бўлимига ўтказилди. Бу унинг мақоми жиддий тарзда пасайганини англатади. Вилоятдаги энг йирик туман прокурори бўлган одам вилоятда судларда прокурор ваколатини таъминлаш билан шуғулланади энди. Яккасаройнинг собиқ прокурори Абдулла Қодировни ҳам шаҳар прокуратурасидаги назорат бўлимларидан бирига ўтказишлари мумкин, яъни унинг ҳам мақоми анча пасайтирилиши айтилмоқда. Лекин Қодиров ҳозирча таътилга чиқариб юборилди. Бектемирнинг собиқ прокурори Бахтиёр Абдувоҳидовнинг тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум”, дейди хавфсизлик идораларидаги Озодлик манбаси.

Март ойида Тошкент шаҳар прокурори Мирзоҳид Обидов эгаллаб турган лавозимидан олиниб, пойтахт ҳокими муовини вазифасига ўтказилгани тўғрисида Озодлик ўз манбаларига таяниб, хабар қилган эди.

Шаҳар прокурори лавозимига эса Ўзбекистон прокуратура тизимидаги энг нуфузли фигуралардан бири ҳисобланган Мираълам Мирзаев тайинланган эди. Озодликка маълум бўлишича, Мираълам Мирзаев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг хотини тарафидан жияни бўлади.

2015 йилнинг 20 апрель куни Республика Бош прокурори лавозимини узоқ вақт эгаллаб келган Рашид Қодиров лавозимидан олинганидан кейин прокуратура тизимидаги унга содиқ шахслар раҳбар лавозимларидан олингани кузатилди. Қодировнинг одамлари экани иддао қилинаётган Яккасарой, Бектемир ва Янгийўл туманлари прокурорларининг лавозимларидан олиниши, собиқ бош прокурор оиласи билан Латвияда яшаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган вақтга тўғри келмоқда.

XS
SM
MD
LG