Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

Мажбурий тарзда 87 кун "психдиспансер"да сақланган Елена Урлаева озод этилди


Елена Урлаева (ўртада) Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишида фаолият юритаётган ҳуқуқ фаолларидан бири.
Елена Урлаева (ўртада) Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишида фаолият юритаётган ҳуқуқ фаолларидан бири.

Тошкентдаги руҳий касалликлар шифохонасида 2016 йилнинг 7 мартидан бери мажбурий равишда ушлаб турилган таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева 87 кунлик бандиликдан сўнг 1 июнь куни уйига чиқарилди. Урлаевани касалхонадан чиқариш учун бир қатор халқаро ташкилотлар ва Тошкентдаги хориж давлатлари элчихоналари ҳаракат қилган.

Тошкентлик мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг оммавий ахборот восталарига маълум қилишича, Елена Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасидаги мажбурий бандиликдан озод қилиш учун Америка Қўшма Штатлари ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳаракат қилган.

Елена Урлаева Озодлик радиосига берган суҳбатида ўзининг руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилишига ҳисса қўшган барча халқаро ташкилотлар ва элчихоналарга миннатдорчилик билдирди. Урлаеванинг айтишича, мазкур ташкилотлар аралашмаганида уни шифохонада июнь ойи охирларигача ушлаб туриш режалаштирилган экан.

- Мени шифохонада янада кўпроқ ушлаб туриш режалаштирилган экан. Менга ШҲТнинг Тошкентда 23-24 июндаги саммити якунлангунига қадар шифохонада қолишимни айтишган. Халқаро ташкилотлар аралашуви билангина мени эртароқ уйга чиқариб юборишди. Ўзим ҳам ҳайрон бўлдим. Аввалига июнь ойи охирларида мени комиссия қилишларини айтишган эди. Бироқ 1 июнь куни зудликда комиссия чақиришиб, мени текширишиб, уйимга кетишга рухсат беришди, - деди Елена Урлаева.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишида фаолият юритиб келаётган Елена Урлаева жорий йилнинг 1 мартида қароргоҳи АҚШда жойлашган Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форуми мукофоти билан тақдирлангани эълон қилинган эди.

Мана шу воқеадан бир ҳафта ўтиб, яъни 7 март куни Урлаева руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий равишда олиб кетилган.

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Елена Урлаевани 2 май куни касалхонадан чиқаришлари керак эди. Бироқ шифокорлар комиссияси унинг касалхонада қолиш муддатини яна асосиз равишда узайтирган. Халқаро меҳнат ҳақлари форуми мукофотини топшириш маросими Вашингтонда 12 май куни ўтказилиши керак эди.

- Урлаеванинг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши унинг руҳий ҳолати билан эмас, балки касбий фаолияти билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларини қамаш, уларга бўҳтон қилиш ёки руҳий касалликлар шифохоналарида мажбурий ушлаб туриш одатий ҳолатга айланган, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларини турли сабаблар билан мажбуран руҳий касалликлар шифохоналарида сақлаш анъанага айланган. Масалан, ўтган йилнинг март ойида ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов ҳам Тошкентдан ўғирлаб кетилиб, бир ой давомида Жиззах руҳий касалликлар шифохонасида ноқонуний ва мажбурий тарзда сақланган эди.

- Суд мени лаёқатсиз, деб топиб 2006 йилда ажрим чиқарган эди. Бу ҳукмни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Мени мана шу асосда мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига олиб кетишди. Бироқ менда Москвада ўтказилган халқаро рухий экспертиза хулосаси бор. Унда экспертлар менинг руҳий соғлом эканимни тасдиқлашган. Аммо бу ҳужжат Ўзбекистонда тан олинмаяпти, -деди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасида дастлабки кунлари унга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлинган. Урлаева Озодлик радиосига ўзини касалхона ходимлари калтаклагани ҳақида гапириб берди. Урлаева суҳбат чоғида руҳий касалликлар шифохонасида ўзига нисбатан бўлган ноинсоний муносабат юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига шикоят йўллаш ниятида эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG