Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:27

Пойтахтдаги истироҳат боғларида мустақиллик тантаналари нишонланди


1 сентябрь куни мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари пойтахтнинг “Алишер Навоий”, “Ёшлар кўли”, “Ғафур Ғулом”, “Мирзо Улуғбек”, “Фурқат” , “Локомотив” истироҳат боғларида халқ сайллари кўринишида нишонланди.

Бу боғларда ташкил этилган саҳналарда хонандалар, сўз усталари ва жамоат арбоблари йиғилганларни хушнуд қилишди. Хонишлар аввалида санъаткорлар бундай фаровон кунлар рўёби учун президент Ислом Каримов шаънига илиқ сўзлар айтди, унга саломатлик тилашди.

“Ким юртимизни севмайди, ким Юртбошимизни улуғламайди? Албатта, ношукр инсон, бадбахт кимсаларгина бунга қодир. Келинглар, дуо қилайлик: президентимиз соғ бўлсинлар, у киши бизнинг бахтимизга омон бўлсинлар” дейди “Ғафур Ғулом” истироҳат боғи саҳнасида қўшиқ куйлаган “Ниҳол” мукофоти совриндори Шаҳноза Отабоева.

Озодликнинг мобиль мухбирларига кўра, пойтахтдаги йиллик анъанавий марказлашган сиёсий тадбир ўтказиладиган Миллий боғдаги амфитеатр майдони бўш қолди. Аксинча, унинг ўрнига ҳукумат, жамоатчилик, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпуслар тарафидан Мустақиллик майдонидаги бахтиёр она мажмуаси пойига гулчамбар қўйиш тадбирлар ўтказилди. Бу тадбирлар истироҳат боғларида халқ сайллари шаклидаги давом эттирилди.

Истироҳат боғлари дарвозаларига посбонлик қилаётган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари тарафидан халқ сайлларига келган ҳар бир кишининг кўксига Ўзбекистон байроғи акс этган ленталар тақилди.

Шунингдек, “Алишер Навоий” боғи меҳмонларга тўлди. Айтилишича, ушбу боғда бўлиб ўтган тадбирлардарда дипломатик элчилар ҳам иштирок этган. Боғнинг бир қисмида расмий меҳмонлар учун зиёфат берилди. Байрам давомида саҳналарда хонандалар ўйин-кулги дастурлар ижро этишди.

“Самарқанд Дарвоза” савдо маркази яна бир байрам нишонлаш манзили бўлди. Шунга яраша, мажмуонинг маркази Ўзбекистон байроғи кўринишида безатилган.

“Мирзо Улуғбек” номидаги истироҳат боғида байрам палови пиширилиб, унинг порцияси 2000 сўмдан тарқатилди.

“Бизнинг бурчагимиз Ғафур Ғулом боғидаги ташкил этилган саҳна кўринишларини ўз ичига олади. 130 дан ортиқ миллат тинч-тотув яшаётган мамлакатимизда барча қардошларимизнинг урф-одатларини саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Мана кўриб турибсизки, томошаларимизда кишилар кўп. Айниқса, хорижлик меҳмонлар бошқа жойларга қараганда бизнинг чиқишларимизни кузатишмоқда” дейди Байналмиллал маркази директори Насриддин Муҳаммадиев.

Бироқ, айни пайтда “Бунёдкор” стадиони рўпарасидаги Ғафур Ғулом номли маданият ва истироҳат боғида бўлган одамларни жамоат тартибига жавоб берувчи ички ишлар идоралари боғдан ҳайдаб чиқаришмоқда. Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадиони атрофида бугун авваллари кўрилмаган хавфсизлик чоралари қўлланилмоқда. Хусусан, ички ишлар идоралари стадион ёнидан ўтувчи Чўпон ота ва Бунёдкор кўчаларининг бир қисмини ёпиб, у ердан автомобиллар тугул, пиёдаларнинг ўтишига ҳам йўл қўйишмаяпти.

2018 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўтказилаётган сўнгги саралаш босқичининг илк учрашувидан, яъни Ўзбекистон-Сурия халқаро футбол ўйинидан олдин қўлланилаётган ушбу чоралар истироҳат боғига келган кўплаб одамларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Паркка келган одамлар футбол ўйинига қандай қилиб ҳалақит қилиши мумкинлигига тушуна олмаяпман. Энди “Бунёдкор”да биронта халқаро ўйин ўтказилса, паркда ҳам дам оломаймиз, шекилли”, дея нолишмоқда Ғофур Ғулом истироҳат боғиини беихтиёр тарк этаётган кишилар.

Мана шундай чоралар доирасида стадион атрофидаги “Қозиробод” масжиди, бир қатор кафе ва ошхоналарга келган одамлар ҳам милиция хоимлари томонидан чиқариб юборилмоқда. Футбол учрашувлари пайтида хавфсизликни таъминлаш учун келтириладиган махсус автомобилларнинг сони ҳам икки-уч баравар оширилган.

XS
SM
MD
LG