Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:28

Ўзбекистон “Тинчликпарвар Миссия”да иштирок этмайди


Ўзбекистон Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида 15 сентябрь куни бошланадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Қуроллли Кучларининг “Тинчликпарвар Миссия-2016” ҳарбий ўқув машғулотига ҳарбийларини жўнатмади. Мазкур машғулотларга ташкилотга аъзо Россия, Хитой, Тожикистон ва Қозоғистоннинг бир неча минг ҳарбийси ҳамда юзлаб ҳарбий техника жалб қилинган.

Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни Олий Кенгаш Қонун чиқарувчилар палатаси ва Сенати қўшма мажлисида сўзлаган нутқида Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслигини айтган эди.

Бу билан Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовнинг ҳарбий блокларга қўшилмаслик ва ҳарбий жиҳатдан бетарафлик сиёсати давом эттирилишини англатган.

Мирзиёев ўз нутқи давомида Ўзбекистон ҳарбий контингентининг мамлакатдан ташқарида жойлаштирилишига ҳам қарши эканини маълум қилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон томони Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги “Эдельвейс” ҳарбий полигонида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Қуролли Кучларининг "Тинчликпарвар Миссия-2016" машғулотига ўз ҳарбийларини жўнатмаган.

Бироқ Шавкат Мирзиёв Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзолиги фойдали бўлишини, негаки ҳарбий масала бу иттифоқда иккиламчи омил эканини ҳам таъкидлаганди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тошкентнинг бу каби билдирувлари янгилик эмас. Ўзбекистон шу кунгача ташкилотнинг бирорта ҳарбий тадбирларида иштирок этмаган. Ҳолбуки, Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтерор тузилмаси штаб квартираси жойлашган. Ташкилот доирасидаги ҳарбий ўқув машғулотлари эса айнан террорчилик ва экстремизмга қарши ҳамкорликда кураш доирасида ўтказилиб келинади.

Сўнгги маълумотларга қараганда,15 сентябрь куни бошланадиган ва 21 сентябрь куни якунланадиган ҳарбий машғулотлар ўтказилувчи полигонга Россия, Хитой, Қозоғистон ва Тожикистон аскарлари етиб келган.

Машғулотларда Россиянинг 55-махсус тоғ бригадаси, Хитойнинг 300 аскари ва 50та ҳарбий техникаси қатнашади. Машғулотларда иштирок этадиган Қозоғистон ва Тожикистон ҳарбийлари сони ҳақида эса маълумот берилмаган.

Собиқ постсовет давлатлари аъзо бўлган ШҲТ ва КХШТ шу кунгача қандайдир бир минтақавий зиддиятларни бартараф этишда иштирок этмаган. Шунга қарамай, Россия мудофаа вазирлиги “бу каби машғулотларда қўшнилар билан ҳамкорликда террорчиликка қарши курашнинг асосий вазифалари ўрганилади ва шунинг учун ҳам бу машғулотларни ўтказиш зарурати бор”, деб билдирди.

ШҲТнинг 2002 йил 7 июнда қабул қилинган Хартиясида ташкилот мақсадларидан бири “террорчиликка, сепаратчиликка ва экстремизмга қарши ҳамкорликда қарши туриш” экани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG