Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:51

Шавкат Мирзиёев Жиззах ҳокими ва прокурорини ишдан олди


Ўзбекистон бош вазири ва вақтинча президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Жиззахга сафари давомида ушбу Жиззах шаҳри ва камида еттита туман ҳокимини лавозимидан олган.

Мирзиёев Жиззахга жума куни вертолётда учиб борди. Муваққат президентнинг ташрифи муносабати билан шаҳарда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилгани, у юриши мумкин бўлган йўллар ёпиб қўйилгани айтилмоқда.

Шавкат Мирзиёев жума куни Жиззах вилояти ҳокимлигида селектор мажлиси ўтказди.

Мажлисда вилоят раҳбариятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ ташкилий масалалар кўрилди.

Муваққат президент Жиззах шаҳри ҳокими Асрор Қобиловни ўз вазифасидан озод қилган.

Қобилов ўрнига аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Абдуқаҳҳор Тўхтаев шаҳар ҳокими этиб тайинланган.

Ўзбекистон муваққат раҳбарининг ташрифи ортидан Жиззах вилояти прокурори ҳам ўзгарди.

Шуҳрат Акбаров лавозимидан олиниб, ўрнига Шохмуҳаммад Муҳаммаджонов вилоят прокурори этиб тайинланди.

Шунингдек, Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари ортидан вилоятдаги камида олтита туман ҳокимлари алмаштирилган.

Жиззах шаҳри ёпиб қўйилди

Озодлик манбаларига кўра, Мирзиёевнинг сафари муносабати билан Жиззах шаҳрида хавфсизлик чоралари ниҳоятда кучайтирилган.

Шаҳар жума куни эрталабдан кечки тўртгача ёпиб қўйилди.

"Жиззах шаҳри республиканинг бошқа вилоят марказларидан фарқли жиҳати шуки, Тошкентдан меҳмонлар келган вақтда шаҳар ёпилса аҳолига қийин бўлади. Чунки шаҳарда ўзи иккита асосий йўл бор, уларни ёпиб қўйганидан кейин ҳамма нарса тўхтаб қолади", - дейди жиззахликлардан бири.

Муваққат президент юриши мумкин бўлган йўллар атрофи тозаланди.

Бир кун аввал Жиззахдаги ташкилот ходимлари ва коллеж талабалари президентни кутиб олиш олдидан оммавий тарзда мажбурий ҳашар ишларига жалб этилганди.

"Жиззахда ҳар 20 метрда милиция ходимлари. Вилоят ҳокимияти рўпарасидаги 9 қаватли турар жой бино ва Драма театри томида снайперлар эрталаб 11дан 16.00гача ўтиришди", - дейди Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини истаган жиззахлик.

Жиззахлик журналист Улуғбек Ашур Мирзиёевнинг ташрифи куни Жиззахдаги холат ҳақида Facebook саҳифасида ёзди.

Фаоллар Шавкат Мирзиёевнинг бош вазир сифатида аввалги вилоятга сафарлари чоғида бундай чора-тадбирлар амалга оширилмаганини айтишади.

"Узунлиги 70 километрдан ортиқ Жиззахдан Мирзачўл тумани маркази - Гагарин шаҳрига қадар бўлган йулнинг икки четига ҳар 100 метрдан милиция ходимларини қўйишибди," деди жиззахликлардан бири.

Айни кунни ўзида Шавкат Мирзиёев Жиззахдан Тошкентга вертолётда қайтган.

Президентликка номзоди илгари сурилган Мирзиёевнинг Жиззахга ташрифи илк сайловолди тадбири ўлароқ кўрилаётир.

Айни пайтда Ўзбекистондаги ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши аъзолари Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка илгари сурди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев Озодлик билан суҳбатда Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президент сифатида вилоятларга сафарини айнан Жиззахдан бошлаётгани бежиз эмаслигини айтди.

"Мирзиёев Жиззахдан бўлганлиги учун ҳам, ўзи Зоминдан асли, Жиззахга нисбатан бошқача қарайди. Туғилиб ўсган жойида энди. Шунинг учун сафарини Жиззахдан бошлаяпти, президентликка номзод сифатида," дейди Пардаев.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2 сентябр куни 78 ёшида ҳаётдан кўз юмган ва она шаҳри Самарқандда дафн этилганди.

8 сентябрда Ўзбекистон Сенати томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасига зид тарзда Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланган эди.

Ўзбекистон президент сайлови эса, жорий йилнинг 4 декабр куни бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG