Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Бишкеклик ҳуқуқ фаоллари аралашуви билан ўзбек мактаби муаммоси ҳал этилди


Каримжон Раҳимов номидаги мактаб биноси.
Каримжон Раҳимов номидаги мактаб биноси.

Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида ҳуқуқ ҳимоячиларининг аралашуви билан ўзбек мактаби биносига рус мактабини кўчириш ишлари тўхтатилди. Қорасув шаҳар таълим бошқармаси буйруғи билан сўнгги бир неча кундан буён таълим рус тилида олиб борилувчи 134-мактаб Каримжон Раҳимов номидаги 68-ўзбек ўрта мактабига кўчирилаётган эди.

Мингдан зиёд болага билим бериб келган Қорасув шаҳридаги Каримжон Раҳимов номидаги ўзбек мактабига бир неча кун аввал рус тилида таълим берувчи 134- мактаб кўчириб келинган.

134-мактаб 1995 йилга қадар болалар боғчаси бўлган бинога жойлаштирилган эди. Болалар боғчаси авария ҳолатида экани аниқланиб, ёпилганидан сўнг бу бино мактабга айлантирилган. Халқ таълими бошқармаси рус мактабини ўзбек мактабига кўчирилишини бинонинг авария ҳолати ва ўқувчиларга жой етишмаётгани билан боғлаган эди.

Бироқ расмийлар мингдан ортиқ ўқувчи ўқийдиган ўзбек мактабига 700 бола ўқийдиган рус мактабининг кўчирилиши ортидан таълим сифати сусайиши ва бир қатор муаммолар келиб чиқишни эътиборга олмаган.

134-мактабнинг исмини очиқлашни истамаган ўқитувчисига кўра, мактаб кўчирилишига муаллимлар ва ота-оналар рози бўлмаган.

- Мактаб жамоаси ва ҳатто ота-оналар ҳам рози бўлишмаган. Қанча қаршилик билдириб, мажлислар ўтказилди. Ота-оналар таълим бошқармасига арзланиб боришди. Қорасув таълим бошқармаси раҳбари бу ерга келиб, мажлисда қатнашди, ота-оналар арз қилишди, лекин у бизни эшитишни истамади, - дейди суҳбатдош.

134-мактаб Каримжон Раҳимов мактабига кўчирилганидан сўнг икки мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари орасида турли низолар юзага келган.

Икки мактаб ўқувчилари ва жамоатчилиги ўртасида норозиликлар бўлганини Каримжон Раҳимов мактаби ходимлари ҳам тасдиқлашди.

Раҳимов мактаби ходимларига кўра, икки мактаб ўқувчилари ўртасида юзага келган низоларни оддий маиший жанжал сифатида баҳолаш мумкин.

Шундан сўнг ота-оналар Ўшдаги “Тартиб ва қонун” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ташкилот раҳбари Иззатилло Раҳматуллаев сўзларига кўра, унинг Бишкекдаги ҳамкасблари Қорасув мактабида бўлаётган воқеа тўғрисида Таълим вазирлигига хабар берган ва масала ижобий томонга ҳал этилган:

- Бизга ота-оналар қўмитаси вакиллари мурожаат қилган эди. Биз уларнинг аризасини Бишкекка юбордик. Бишкекдаги ҳамкасбимиз Риспек Адамалиев муаммони бартараф қилди. Ҳамкасбларимиз Қирғизистон Маориф вазирлигига бориб, бўлаётган ишларнинг нотўғри эканини тушунтиришганидан сўнг, айтишларига қараганда, тушдан кейин туман халқ таълими бошқармаси мудири ҳар бир мактаб ўз биносида қолдирилишини айтган.

Озодлик: Шу қарор билан ўқувчи ва ота-оналарнинг ҳуқуқи бузилганмиди?

- Албатта бузилган. Тайёр таъмирдан чиққан мактабда ўқув жараёнининг бир неча кунга тўхтатилишининг ўзи ўқувчилар ҳуқуқининг бузилишидир, - дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

Каримжон Раҳимов мактаби директори Юлдузхон Тўхтаевага кўра, мактабда бошқа муаммолар ҳам юзага келганди:

- Мактабни ярмини бўлиб, ўртани тўсадиган бўлишган эди. “Фавқулодда ҳолат бўлиб қолса, ўт чиқса ёки бошқа нарса бўлса, болалар ваҳимага тушиб қолади-ку. Ўртани тўсиб олиш бунга тўғри келмайди. Буйруқсиз, қўлимизда ҳужжатсиз бўлмаймиз”, дедик. Бугун масала конкрет ҳал қилинди. Улар ўз ўрнига қайтадиган бўлишди, - дер экан Юлдузхон Тўхтаева Раҳимов мактабида бир неча йиллардан буён рус синфлари мавжудлигини ҳам айтиб ўтди.

Аммо бу борада Ўш шаҳридаги Панфилов номидаги мактаб ўқувчиларининг омади чопмаган. Ўқиш ўзбек ва рус тилларида олиб бориладиган бу мактабнинг 700 дан зиёд ўқувчиси ва 56 нафар ўқитувчиси жорий ўқув йили бошидан бошқа мактабга кўчирилган. 2010 йилги қонли воқеаларгача Панфилов мактабида фақат ўзбек тилида таълим бериларди.

Эндиликда шаҳар раҳбарияти ва маориф бошқармаси қарори билан бу мактаб ўқувчилари олисроқда бўлган Калинин номидаги мактабга кўчирилди. Панфилов мактабига эса ўқиш рус тилида олиб бориладиган, биноси авария ҳолатида бўлган Раззақов номидаги мактаб кўчган. Ўш шаҳар маориф бошқармаси иддаосича, бу хусусдаги қарор шу йил апрель ойида барча томонлар розилиги билан қабул қилинган. Бироқ Озодликнинг Ўшдаги манбалари Панфилов мактабининг кўчирилиши бу мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари орасида норозилик уйғотганини айтмоқдалар.

XS
SM
MD
LG