Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Сурияга кетган тожикларнинг 85 фоизи меҳнат муҳожири бўлган


Яқин Шарқ давлатларидан бирида жанг қилаётган тожик жанггарилари.
Яқин Шарқ давлатларидан бирида жанг қилаётган тожик жанггарилари.

Тожикистон Бош прокуратураси расмийси Маризо Халифазода Душанбеда ўтган “Радикализм ва экстремизм муаммоларини ҳал этиш йўллари”, деб номланган халқаро конференцияда мана шундай маълумот берди. Унга кўра, “Исломий давлат” гуруҳига қўшилган тожик ватандошларининг асосий қисми Интернет тармоғи орқали ёлланган.

Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” гуруҳи сафларида жанг қилаётган тожикистонликларнинг 90 фоизи Интернет орқали гуруҳ сафларига ёлланган. “Исломий давлат” сафларидаги тожикистонликларнинг 85 фоизи эса Россияга кетган меҳнат муҳожирлари бўлган.

Душанбеда ўтган “Радикализм ва экстремизм муаммоларини ҳал этиш йўллари”, деб номланган халқаро конференцияда Тожикистон Бош прокуратураси расмийси Маризо Халифазода мана шундай рақамларни эълон қилди.

Бош прокуратура расмийсининг билдиришича, Афғонистондаги вазиятнинг кундан кунга ёмонлашиб бораётгани Марказий Осиё минтақасида ҳам радикализм ғояларининг кенг тарқалишига сабаб бўлаётир.

Маризо Халифазоданинг фикрича, турли мазхаблар ва диний конфессиялар вакилларига бағрикенглик билан муносабатда бўлиш ва уларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш экстремизмнинг олдини олишдаги эннг асосий омил ҳисобланади.

Сўнгги йилларда расмий Душанбе “Исломий давлат” сафаларига тожик ёшлари қўшилиб кетаётганидан жиддий хавотир билдириб келади.

Расмий маълумотларга қараганда, “Исломий давлат” гуруҳи, Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги бошқа экстремист ташкилотлар сафларида 1100 нафар тожикистонлик жанг қилмоқда.

Тожикистон ҳукумати экстремистик гуруҳларга қўшилишиб кетишнинг олдини олиш мақсадида қатор чораларни ишлаб чиққани айтилади. Жумладан, Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан, бундан буён жанггариликка одам ёллаганлар ёки бошқа давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган тожик ватандошлари 12 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Сурия ва Ироқдан ўз ихтиёрлари билан Тожикистонга қайтган ватандошлар эса амнистия қилинади.

Тожик расмийларига кўра, мазкур ўзгартишлар қабул қилинганидан сўнг ўтган йили Яқин Шарқ давлатларидаги жангларда иштирок этган 50 нафардан кўпроқ тожик ватанига қайтган.

Европа Иттифоқининг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидоят Бишчевич эса минтақа давлатларида радикалисзм ва экстремизмнинг олдини олишнинг энг самарали воситаси демократияни ривожлантириш бўлади деб ҳисоблайди.

Унга кўра, бунинг учун Тожикистон ҳукумати нодавлат ташкилотлари билан мулоқотни кучайтириши зарур.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, экспертлар Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари орасида ҳам жанггариликка ёлланганлар бор эканини айтиб келадилар. Россияда ўзбекистонлик муҳожиларни жанггариликка ёллаганликда гумонланган шахслар ҳам қўлга олинган.

Шу йилнинг июль ойида Тверь шаҳрида тўрт нафар Ўзбекистон ватандоши “Исломий давлат” террорчилик гуруҳига аъзоликда айбланиб, суд қарори билан 28-30 йиллик қамоққа маҳкум этилди. Терговчиларга кўра, судланганлар гуруҳи нафақат Сурияга жангари ёллаганликда, балки талон-тарож, қотиллик, қалбаки пул тарқатишда ҳам айбдор деб топилган.

XS
SM
MD
LG