Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:28

Муҳаммад Солиҳ: "Кирил - ишғолчи империя тимсоли"


Шу ҳафта бошида, Каримов даврида жорий қилинган лотин алифбосини бекор қилиб, кирил ëзувига қайтиш тарафдори бўлган бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон бош вазири виртуал қабулхонасига мактуб йўллади.

Улардан бири, филология ўқитувчиси Нўъмонжон Қосимов Озодлик мухбири билан ëзишиб¸ "лотин ёзувига ўтиш бошиданоқ нотўғри бўлган", дея ўз фикрларини баëн қилди:

“Лотин ëувига ўтиш бошиданоқ нотўғри бўлган ва бутун бир авлод саводсизлигига сабаб бўлган сиëсий хатодир. Бу хатони тузатиш учун биз бир гуруҳ фаоллар бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мактуб ëздик. Сайловдан кейин бизнинг истагимиз ижобат бўлади, деган умиддамиз.Бутун бир авлод саводсизга айланиб қолмаслиги ва кирилчада ёзилган китоблар зое бўлмаслиги ҳамда кирилча ëзадиган илм аҳлини аросатдан қутқариш учун ҳаракат қиляпмиз,” деди Нўъмонжон Қосимов.

Бу аснода лотин ëзуви масаласи сиëсий партияларнинг сайловолди дастурига кўчди.

"Миллий тикланиш" партиясидан президентликка номзод Сарвар Отамуратов¸ агар сайлансам, “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тўлиқ якунига етказаман”, дея жорий ҳафтада баëнот берди.

Таниқли ëзувчи 1991 йилдан 1998 йилга қадар Ўзбекистон президенти матбуот котиби бўлган ва лотин ëзувига ўтиш жараëнини ичдан билган Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг faсebook саҳифасида лотин ëзувини мукаммалаштириш заруратини очиқлади:

“Лотинча ёзувга ҳалигача ўтмадик, дея хафа бўлаётган биродарларимиз жуда кўп. Лекин бизга ҳадя этилмиш лотинчага тўлиқ ўтишдан олдин уни жиддий ислоҳ қилиш керак эканини кам гапиряпмиз. Мен ақли ошиб-тошиб кетган тилшунос олим эмасман, лекин бугунги лотинча ёзувимиз ўта ғализ ва зўраки эканига фаҳмим етади. Турли апострофлар, "икс"лар, "сh" ва "sh"ларга тўла графикада ёзиш тугул, ўқиш ҳам малол келади. Туркларга қасдма-қасд алифбода ҳам "ўз йўлимиз" ва "ўзбекча моделимиз"ни қўллаш шарт эмасди. "Буюк келажак"ни ошиқча энтикиб кутиш асносида мукаммалроқ ёзув ҳақида жиддийроқ ўйласак бўлармиди,” деб ёзди Мурод Муҳаммад Дўст.

Озодлик билан мактублашган ëзувчи ўзининг тилшунос олим эмаслигини эслатган ҳолда бу муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш нияти борлигини билдирди:

"Мақсад - одамларнинг фикрини билиш. Балки тузукроқ таклифларни жамлаш имкони бўлар, деган умидим бор. Муҳокама асносида кирилпарастлар жуда кўп экани билиняпти. Лотинчани мукаммалроқ қилиш керак. Кирилни биз ўзимиз билан олиб кетамиз. Умуман, янги графика миллатнинг ўзини таний бошлагани оқибатида юзага келди¸" деб ёзди таниқли ëзувчи.

Мурод Муҳаммад Дўст таъкидлаган муаммоларни ўзбекистонлик блоггер Санжар Саид бир мактубга жамлаб, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновга йўллади. Очиқ мактубда “лотин ëзувини бир ëқлик қилиш” масаласи кўндаланг қўйилган:

“Хабарингиз бор, 1993 йил 2 сентябрида "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Вазирлар Кенгашининг шу куни қабул қилинган қарорида эса 2010 йилнинг 1 сентябридан янги алифбога тўлиқ ўтилиши белгиланди. Орадан олти йил ўтдики, жиддий ўзгариш йўқ, ҳали ҳеч ким, юрак ютиб, ушбу масалани юқори доираларга олиб чиқмади. Қўлингиздан келса, ушбу масалани бир ёқли қилиш бўйича аниқ таклифларни керакли жойларга кўтариб чиқсангиз,” дейилади мактубда.

Блоггер Санжар Саид мактубининг иккинчи қисми замонавий ахборот технологияларининг ривожланиши лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида кўплаб ўзгаришлар, янгиланишларни амалга ошириш эҳтиёжини пайдо қилганига эътибор қаратади:

“Оддий мисол, бугун электрон ОАВда лотин алифбосидаги сўзларни кирилча билан боғлайдиган " ‘ " белгиси қўлланилади. Қонун-қоидаларда эса у мавжуд эмас. Шунингдек, икки ҳарфдан иборат sh, ch, o’, g’ кабилар ҳам бошга битган бало бўлаяпти. Ёш авлодни улар ўрнига w, 4, 6 каби қисқартмалардан фойдаланаётганидан нолиб, уларни чаласаводликда айблаймизу, аслида бунга лотин алифбосига асосланган ўзбек тилини тузиб чиққан профессору мутахассислар бош айбдор эканини инобатга олмаймиз. Халқ ҳар доим ўзига қулай, осон йўлдан боради. Битта товуш учун икки ҳарфни териш гоҳида туппа-тузук зиёлиларга ҳам малол келиб қолади. Ёшларга нима, биров келиб уларни жазолайдими? Хуллас, қонунга ўзгартиш киритиш керак. Акс ҳолда ҳозирги каби кейинги авлодлар ҳам чаласавод бўлиб қолаверади. Уларни тўғри ёзишга ҳеч қачон мажбурлай олмайсиз!”

21 октябр куни ëзилган бу мактуб ҳақида Озодлик мухбири Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори ëрдамчиси билан боғланди.

Ректор ëрдамчиси “бу мактубдан бехабарман” дейиш билан кифояланди.

Ўзбекистонда лотин ëзувига ўтиш таклифи 1991 йилда Эрк демократик партияси дастуридан ўрин олган эди. Партия раиси Муҳаммад Солиҳнинг эслашича бу ташаббусни Каримов мақуллаган:

- Лотинга ўтиш таклифини 1990 йилда Каримовни шахсан ўзига айтганман. Каримов аввалига буни мақуллади, аммо мен парламентни тарк қилиб мамлакатдан кетганимдан кейин ўзбек тили ҳусусиятларини ифода қилиши қийин бўлган лотин ëзувини қабул қилишди, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Озодлик билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда жорий қилинган лотин ëзуви туркий тилга ҳос сингармония хусусиятини инобатга олмаганлигини таъкидлайди:

- Ҳеч шубҳасиз, сингармонизм қонуниятига энг уйғун алифбо Ўрхун ёзувлари эди, аммо бу имло аллақачон тарихга кўмилди, уни қўллашнинг имкони йўқ, зеро сўнгги минг йил ичида турк тили фонетик ва морфологик жиҳатдан ўзгарди, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Унга кўра, сингармонизм Совет даврида янада чуқурлашди:

- 30-йилларда болшевиклар тарафидан юритилган нотўғри тил сиёсати - ўзбек адабий тилининг фонетика ва морфологияси фақат Тошкент ва Фарғона шевалари устига қурилиб, қолган шевалар истеъмолдан чиқарилгани ва кирил алифбосига ўтиши - оқибатида ўзбекчада форсча талаффузи унсурлари кучая борди ва адабий тилимиз бошқа турк қавмларининг адабий тилидан сезиларли даражада узоқлашди¸ - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг 1995-йилда тасдиқлаган "Ўзбек тили графикаси" тилни қашшоқлаштиришга олиб келган:

- Мана шу қашшоқлаштириш сўзидаги "sh" ҳарфиннг иккита иеораглиф билан қўлланилиши, ҳукумат алифбосининг, аниқроғи, ҳукуматнинг башарасидаги қўтирнинг ўзгинаси эмасми? - дея савол беради Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ лотин ëзувига асосланган алифбо мукаммалаштирилиши лозимлигини таъкидлайди:

- Алифбога 1939 йилда қабул қилинган кирилча ўзбек алифбосига киритилмаган 3 та ғоят муҳим унли товуш ҳарф киритилиши лозим:

1) Бу "gözal" (гўзал), "söz" (сўз), "ölim" (ўлим), "öpka" (ўпка), "ölka" (ўлка) сўзларидаги "ö" ҳарфи. Бу асло “ortaq” (ўртоқ), “oquvchi” (ўқувчи), “otirmoq” (ўтирмоқ), ўтлоқ (otlaq) даги "O” эмас.

2) Устида нуқтасиз "I" ҳарфи: "ısm", "ısırıq", "ıstak"даги "ı". Бу асло иймон (iymon), мусиқий (musiqiy), ҳақиқий (haqiqiy) сўзларидаги "İ" эмас. 3) Устида ишоратли "Ü": бу ҳарф "üstiga üstak", "ünli", "ündoş", ‘’tüşmoq’’, "Ürganç", "üka", "taşabbüs" сўзларидаги "ü". Бу асло "usta", "uçmoq", "uçqun" сўзларидаги "U" эмас.

Кирилдаги "Ў" ўрнига "О" таклиф қилинаяпти. Ўз навбатıда, “О” ўрнига устида ишоратли Ă (ă) таклиф қилинаяпти.

Бугунги Алифбонинг Ундошларидаги ўзгариш таклифи:

G’ ўрнига Ğ,

CH ўрнига Ç,

SH ўрнига Ş шаклини таклиф қиламиз.

Алифбода 1939-йилдан бери қўлланилиб келган кирил алифбосидаги "цирк" сўзининг бошида келадиган "ц" сасини берувчи бир ҳарфдан ташқари барча ҳарфлар мавжуд. "Ц" ҳарфини "S" ҳарфи билан ҳам ифодаласа бўлаверади, биз "цирк" деганда русларга ўхшаб талаффуз қилишга маҳкум эмасмиз. Кирилда ишлатганимиз "ё" ва "я" ҳарфи эса иккита ишорат "йо" ва "йа" билан ёзилади. Кирилдаги "ш" ҳарфи Туркия туркчасидаги думли "Ş", кириладаги "Ч" эса туркча "Ç " ҳарфлари билан алмаштирилиши керак¸ дейди суҳбатдош.

Муҳаммад Солиҳ билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:56 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG