АҚШ мудофаа вазири Аштон Картернинг айтишича, АҚШ Туркия билан Суриянинг Раққа шаҳрини “Исломий давлат” экстремистик гуруҳидан озод этишдаги роли бўйича музокара олиб бормоқда.
2 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Картер “Туркия билан Раққани озод этишдаги роли ҳақида музокарани давом эттирамиз. Аммо ҳозирча амалиётни режа бўйича давом эттиряпмиз”, деди.
“Биз яқин келажакда у ерга мазкур вазифани эплай оладиган ва шаҳарни ўраб олишга қодир кучларни юбориш ниятидамиз. ... Раққани бутунлай озод этиш ҳамда буни амалга оширишда Туркиянинг ролини муҳокама қилишда давом этамиз.”
Картер “Исломий давлат” бошқарувидаги Суриядаги энг муҳим шаҳарни ўраб, ажратиб қўйишда курд жангчилари ҳам иштирок этишини билдирди.
Аммо АҚШ расмийларига кўра, миллий низо келиб чиқиши олдини олиш учун шаҳарни бевосита забт этишни араб кучлари амалга оширади. Миллатлар ҳамда секталар ўртасида низо чиқмаслиги учун Ироқнинг Мосул шаҳрини жангарилардан озод этишда айнан ҳам шундай йўл тутилмоқда.
Курдларнинг жанглардаги роли Туркия билан олиб борилаётган музокараларнинг муаммоли жаҳатидир. АҚШ курд жангчиларини экстремистларга қарши курашда муҳим ҳамкор деб билади. Аммо Туркия курд жангчилари мамлакатда ўттиз йилдан бери тинчимаётган исёнчиларга алоқадирлиги учун уларни террорчилар деб билади.
АҚШ кўмаги билан суриялик курдлар Сурия-Туркия чегараси яқинидаги катта ҳудудларни эгаллаб олгани Анқарани янада хавотирга солиб қўйган.
Туркия Раққани озод этиш амалиётида маҳаллий кучларгина иштирок этиши кераклигини таъкидлаб келади.
The Washington Post гезетасининг хабар беришича, АҚШ расмийлари Туркияни амалиётни коалиция давом этишига тўсқинлик қилмасликка чақирган.