Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:12

HRW Европарламентни Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга кўз юмувчи ҳужжатни имзоламасликка чақирди


“Ўзбекистонда ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам пахта теримига мажбуран олиб чиқилади: врачлар ва ҳамширалар шифохоналардан, талабалар олийгоҳлардан олиб кетилади. Бу ҳол Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳар йили такрорланади. Мамлакат элитаси эса, пахта олиб келган тушум эвазига мол-дунё ичида яшайди”, дейилади Халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг якшанба кунги баёнотида.

Ташкилотнинг хабар қилишича, Европа Парламенти бу тизимни маъқуллаш арафасида турибди.

“Душанба куни парламент Ўзбекистон билан эришилган текстиль протоколига қўйилган тақиқни бекор қилишни кўриб чиқади. 2011 йил Ўзбекистонда кенг тарқалган мажбурий меҳнат туфайли Европа Парламенти мазкур протоколга тўсиқ қўйган эди. Агар парламент бу тўсиқни олиб ташласа, Ўзбекистон пахтаси нархи тушади ва натижада ўзбек пахтасини Европа бозорларида сотиш осонлашади”, дейилган ташкилот баёнотида.

Халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг якшанба кунги баёноти давомида бундай дейилган:

Бундай келишувнинг иқтисодий таъсири унча катта бўлмайди: Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги йиллик савдо қиймати 2013 йил атиги 2,2 миллиард долларга тенг бўлган. Аммо протоколни маъқуллаш ўзбек фаоллари ҳамда уиларнинг касаба уюшмалари, инсон ҳуқуқлари ҳаракатлари ва текстиль саноатидаги ҳамкорларининг мажбурий меҳнатни озайтиришга қаратилган уринишларни кучсизлантириши мумкин.

Протокол тарафдорлари Ўзбекистонда 2013 йилдан бери ижобий ўзгаришлар рўй берганини айтишмоқда. Ўша йили Ўзбекистон ҳукумати пахта теришга мажбурланаётган ёш болалар сонини озайтириб, Халқаро меҳнат ташкилотини мамлакатга киритган эди. Мазкур ижобий ўзгаришларга кучли халқаро тазйиқлар, жумладан, Европа Парламенти босими туртки бўлган эди. Аммо кейинги йилларда расмийлар йўқотилган ёш болалар меҳнати ўрнини тўлдириш учун вояга етганлар меҳнатидан янада кўпроқ фойдаланмоқда. Ўзбекистон ичидаги мустақил кузатувчиларга кўра, жорий йилда бир миллиондан ошиқ одим пахта далаларига сафарбар қилинди.

Пахтага энг аввало ўқитувчилар, шифокорлар, ҳамширалар ҳамда бошқа давлат идоралари ходимлари юборилади. Натижада пахта терими давомида тиббиёт, таълим, ҳамда бошқа муҳим соҳалар фаолияти чекланади. Ўзбекистон ҳукумати халқаро танқидларга қарши курашиш учун пахта теримчиларини шунчаки “кўнгиллилар” дея таърифлайди. Аммо мустақил кузатувчилар бу йилги пахта теримида ҳам кўплаб теримчи ўз хоҳиши билан пахта тераётгани таъкидланган тилхатларни ёзишга мажбурланганини кўрсатувчи далилларни тўплашди. Пахта теримида иштирок этишдан бош тортганлар ишдан ҳайдалиши, ўқишда паст баҳо олиши ёки бира тўла у ердан ҳайдалиши мумкин. Пахта далаларидан хабар юбормоқчи бўлган инсон ҳуқуқлари фаоллари ёки журналистлар одатда расмийлар томонидан таҳқирланади, қўлга олинади ёки ҳатто калтакланади.

Яқинда кузатувчилар илк маротаба Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни уюштираётганини тасдиқловчи расмий ҳужжатни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Шифокорлар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги аризасига жавобан Чиноз тумани прокурори Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилги пахта терими ҳақидаги фармонини тадқим этди. Фармонда «барча ишчиларни пахта теримига жалб қилишга қарор қилинди. Фармон асосида тумандаги барча бўлимлар ҳамда тиббий муассасалар пахта теришда иштирок этди”, дейилади.

Европа Парламенти протоколни маъқулласа, Тошкент учун бу жуда қўл келади. Парламент овоз беришдан аввал жорий йилги пахта теримидаги қонунбузарликларни, жумладан, уларни амалга оширишда ҳукумат ўйнаган ролни кўрсатувчи далилларни яқиндан кўриб чиқиши керак” дейилади Халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг якшанба кунги баёнотида.

XS
SM
MD
LG