Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:20

Афғонистон вице-президенти Абдурашид Дўстум жинсий тажовузда айбланмоқда 


Аҳмад Ишчи
Аҳмад Ишчи

Афғонистон вице президенти Абдурашид Дўстумнинг сиёсий рақибларидан бири бўлган Аҳмад Ишчининг даъво қилишича, генерал Дўстум ва унинг қўриқчилари уни калтаклаганлар, кийимларини ечиб ташлаганлар ва унга нисбатан жинсий тажовуз мимикасини қилганлар.

Аҳмад Ишчининг айтишича, ҳодиса 25 ноябрь жума куни улоқ майдонида юз берган.

Генерал Дўстум ҳам улоқ майдонига тўпланган юзлаб одамлар ичида бўлган.

Аҳмад Ишчи генерал Дўстум билан сўрашмоқчи бўлган пайти, Дустум унга: “Сен ва фарзандларинг қилаётган ишлардан хабарим бор. Ҳозир сени ўлдириб, устингдан отларни солсам, сендан ким хабар олади?” деб айтганини иддао қилди.

“Шу гапдан кейин Дўстумнинг қўриқчилари мени ерга йиқитишди ва генерал оёғи билан бўйнимни босди, мени ҳақорат қилди ва таҳқирлади,” деди Аҳмад Ишчи.

“Бундан кейин жаноб Дўстум мени уйига олиб борди. Уйига кираётган пайтимизда Дўстум ўз қўриқчиларини чақириб, мени машинадан тортқилаб туширишди. Танамда улоқ либоси бўлганини кўрган Дўстум беш нафар қўриқчисига кийимларимни ечишни буюрди, улар ички кийимларимни ҳам ечиб ташлашди,” дея ҳикоя қилди Аҳмад Ишчи.

Унинг иддао қилишича, сўнгра генерал Дўстум уни калтаклаган.

Аҳмад Ишчининг илова қилишича, Дўстумнинг қўриқчилари, шунингдек, унга нисбатан жинсий тажовуз мимикасини қилганлар ва шу ҳолатда уни суратга олганлар.

Унинг иддао қилишича, генерал Дўстум, агар Аҳмад Ишчи бирон жойга шикоят қиладиган бўлса, бу суратларни кўрсатиш билан таҳдид қилган.

Аҳмад Ишчининг айтишича, Дўстумнинг қўриқчилари уни беш кун давомида уни генералнинг уйида яланғоч ҳолда ушлаб турганлар ва сўнгра хавфсизлик идорасига топшириб юборганлар.

Инкор

Генерал Дўстум собиқ ҳокимнинг бу айбловини "провокация" дея инкор этди.

Абдурашид Дўстумнинг айтишича, Аҳмад Ишчи у томонидан эмас, балки мамлакат хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган.

"У (Ишчи) Афғон хавфсизлик хизматлари томонидан мухолифатни молиялашда гумон қилиниб ҳибсга олинган," дея баёнот берди Генерал Дўстумнинг сўзчиси.

"Баъзи номаълум доиралар анча вақтдан буён биринчи вице-президентга қарши ҳаракат бўлаяпти," дея илова қилинади баёнотда.

Текширув чақириқлари

Президент Ашраф Ғаний идораси ҳодиса юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказишга ваъда берди.

"Афғон ҳукумати учун ҳеч ким қонундан устун тура олмайди. Қонун устуворлиги ва жавобгарлик ҳукуматнинг ўзидан бошланади ва биз бу таймойилга содиқмиз," деди Афғонистон президентининг сўзчиси Ҳорун Чахансурий.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар собиқ ҳоким илгари сурган даъволар юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Аҳмад Ишчи икки ҳафта ғойиб бўлиши ортидан ўтган шанба куни жамоатчиликка илк бор кўриниш берди.

XS
SM
MD
LG