Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Ҳукуматга кимлар келаяпти: "Салимбой" Миллий олимпия қўмитасининг янги вице-президенти бўлди


Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти сифатида 14 декабрь куни қасамёд қилганидан буён аксар вилоят ҳокими ўзгарди, бир неча вазирлик ва давлат қўмиталарида раҳбар, раҳбар муовинлари алмашди. Шунингдек, янги лавозимлар ҳам таъсис этилмоқда. Янги президент Мирзиёев Ўзбекистон ҳукуматида бошлаган изчил кадрлар алмашинувини Озодликда кузатинг!

“Салимбой” Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига 2-раҳбар этиб тайинланди

6 январь куни Ўзбекистон маҳаллий нашрлари эълон қилган кадр ўзгаришларидан бирига кўра¸ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбариятида ўзгаришлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар қўмитага раҳбарлик қилиб келган Мираброр Усмонов бу лавозимдан кетиб¸ унинг ўрнига “Ўзбекнефтгаз” миллий ҳолдинг компанияси раҳбари Алишер Султонов тайинланган.

МОҚ фахрий президенти этиб тайинланган Мираброр Усмоновнинг айни пайтда Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти лавозимини сақлаб қолгани айтилмоқда.

2015 йил августида “Ўзбекнефтгаз” раҳбарлигига тайинланган Алишер Султонов 2013 йилда Қаршининг “Насаф” футбол клубига директорлик қилган.

Ўзбекистонда танилган йирик тадбиркор Салим Абдувалиев Миллий олимпия қўмитаси янги раиси Султоновнинг ўринбосари этиб тайинланди.

2004-2007 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Жон Пурнеллнинг Wikileaks сайти ëйинлаган дипломатик ëзишмаларида Салим Абдувалиев Ўзбекистонда катта таъсирга эга “мафия бошлиғи” сифатида таърифланган. Тошкентдан Вашингтонга юборилгани айтилган WikiLeaks чоп этган ҳужжатларда Салим Абдувалиевнинг ҳукумат мулозимлари билан яқин алоқалари, хусусан давлат лавозимлари ва ҳукумат шартномаларини сотишда воситачилик қилиши ҳақида ёзилади.

Бундай таърифга ҳозирга қадар на Салим Абдувалиев ва на Ўзбекистон расмийлари очиқ муносабат билдирмаган. Айни пайтда¸ Абдувалиев 2008 йилда марҳум президент Каримов томонидан ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссаси учун расмий мукофот билан тақдирланган.

Салим Абдувалиев 1997 йилдан бери Ўзбекистон спорт кураши ассоциацияси президенти лавозимини ҳам эгаллаб келмоқда. Йиллардан бери Салим Абдувалиевнинг олимпиада ўйинларида Ўзбекистон миллий жамоасига спонсорлик қилиб келгани айтилади.

Янги давлат маслаҳатчисига янги ўринбосар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 4 январь кунги фармонига мувофиқ Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Русланбек Давлетов президентнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисига биринчи ўринбосар тайинланди.

Янги таъсис этилган бу давлат маслаҳатчиси лавозимига ўтган ҳафта Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар бўйича вазири Турсинхон Худойберганов тайинланган эди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматига кўра¸ тўртта дипломга эга Русланбек Давлетов 2001 йили Монополияга қарши кураш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасида аввалига оддий мутахассис сифатида иш бошлаб¸ кейинчалик бош мутахассис, қўмитадаги бўлимлардан бири бошлиғи лавозимига кўтарилган. 2016 йилнинг сентябрь ойида муваққат президент Мирзиëев томонидан Адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

"Маҳалла" раиси ҳоким¸ профессор "Нуроний" бўлди

6 январь куни жамоатчиликка эълон қилинган кадр ўзгаришларидан яна бирига кўра¸ 2015 йилдан бери Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбари бўлиб ишлаган Жовдатхон Иноғомов Тошкент шаҳар Учтепа туманига ҳоким этиб тайинланди.

Иноғомов ўрнига Шавкат Жавлонов "Маҳалла" фонди раиси этиб тайинланди.

Ўзбекистон Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси республика бошқарув кенгашининг Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этган йиғинида бу жамғарма раҳбари ҳам ўзгартирилди.

Расмий матбуот хабарига кўра¸ Ўзбекистон Миллий университети профессори Шуҳрат Жалилов "Нуроний" жамғармаси республика бошқаруви раиси этиб сайланган.

Мирзиёев "кўпчилик кутмаган” генерални Ички ишлар вазири этиб тайинлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 январда генерал-майор Абдусалом Азизовни Ички ишлар вазири этиб тайинлади.

Вазирликни 2013 йилдан буён бошқариб келган Адҳам Аҳмадбоевнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича президент давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани айтилмоқда.

56 яшар Абдусалом Азизов 2009 йилнинг май ойидан буён Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келаётган эди.

Худойбергановга давлат маслаҳатчиси мақоми ҳам қўшиб берилди

30 декабрь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Турсинхан Худайбергенов Президент девони таркибида янги ташкил қилинган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш Хизмати"га раҳбар этиб тайинланди.

Худойберганов 2010 йили март ойида президент Каримов фармонига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланган эди.

Бундан олдини генерал Турсинхон Худойбергенов Ўзбекистон президентининг хуқуқ-тартибот, куч ишлатар ва фискал тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Навоий вилоятига Қобул Турсунов ҳоким бўлди

25 декабрь куни Навоий вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси бўлди ва унда президент Мирзиёев тавсияси билан Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси бўлган Турсунов Қобул Бекназарович Навоий вилоятига раҳбар этиб тайинланган.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, мажлисда нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев сўнгги 5 йил ичида вилоятда бўлган муҳим ўзгаришларни қайд этган, айни пайтда, камчиликлар санаб ўтилган. Мажлис кун тартибидаги муҳим масалалардан бири эса вилоятга янги ҳокимининг тайинланиши бўлган.

Олий Мажлис Сенати расмий сайтида берилишича, Қобул Турсунов "1964 йил 30 мартда Навоий вилоятининг Кармана туманида таваллуд топган. Миллати ўзбек. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини, 2004 йилда Бухоро давлат университетини, 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Қурувчи-муҳандис, иқтисодчи. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси" бўлган.

Вилоятнинг собиқ ҳокими Турдимов Эркин Оқбўтаевич эса ўтган ҳафтада Сурхондарё вилоятига ҳоким қилиб тайинланган эди.​

Самарқанд вилоятига янги ҳоким тайинланди

Ҳиммат Оқбўтаев халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қарорига ва президент фармонига мувофиқ 23 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланди.

Бу ҳақда президент матбуот маркази тарқатган хабарда айтилади.

Мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган 54 яшар Ҳиммат Оқбўтаев 1988-1991 йилларда Ургут жамоа хўжалигида юрист, сўнгра Навоий вилояти прокуратурасида ва Бош прокуратурада турли лавозимларда ишлаган.

Оқбўтаев 2006 йилдан жорий йилнинг март ойигача Ургут тумани ҳокими вазифасида фаолият юритган. 2016 йилнинг мартида эса Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари вазифасига тайинланган эди.

Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев декабрь ойи бошида Бош вазир ўринбосари ва республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири этиб тайинланган эди.

Бош вазир собиқ ўринбосари "Ўзтрансгаз" бошлиғи бўлди

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Эргаш Шоисматов "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг бошқарув раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонида айтилади.

Подробно.уз нашрининг ёзишича, Эргаш Шоисматов 2006-2010 йилларда геология, ТЭК, химия, нефтхимия ва металлургия саноати масалалари бўйича Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Бундан аввал турли йилларда Шоисматов Ўзбекистон энергетика вазири, "Ўзбекэнерго" компаниясининг раиси ҳам бўлиб ишлаган.

2014 йилдан бошлаб шу пайтгача "Ўзтрансгаз" раҳбари бўлиб ишлаган Шукрулло Маҳмудов эса "Марказтаъминот" унитар корхонасининг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи этиб тайинланди.

"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси мамлакат истемолчиларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш шу билан бирга транспортировка, транзит ва экспорт қилиш вазифаларини амалга оширади.

Ўзбекистон газ ишлаб чиқариш бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи давлатлардан бири бўлсада, лекин аҳолига табиий газ етказиб бериш вазифасини уддалай олмаяпти.

Мустақиллик йилларида аҳолини газ билан таъминлашда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмади. Аксинча, табиий газ етиб борган юзлаб қишлоқлар, посёлкалардаги қувурлар кесиб ташланди.

Куз-қиш мавсумида ўзбекистонликлар газ йўқлигидан, бор жойларда эса газ босими тушиб кетганидан шикоят қиладилар.

Ўзбекистон табиий газни, асосан, Россия ва Хитойга экспорт қилади. Мамлакатда қанча табиий газ ишлаб чиқарилаётгани ва унинг қанчаси неча пулдан экспорт қилинаётгани ҳақида аниқ маълумотлар ошкор қилинмайди.

Жиззах вилояти ҳокими туман ҳокимлигига туширилди

23 декабрь куни Жиззах вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Сайфиддин Исмоилов вилоят ҳокимлигидан олиниб, айни вилоятнинг Жиззах тумани ҳокими этиб тайинланди.

Cессияда қатнашган Озодлик манбаларига кўра, вилоятни деярли 8 йил бошқарган Сайфиддин Исмоилов ўрнини Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги масалалари ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи Улуғбек Узоқов эгаллади.

Сессияни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олиб борган.

Озодлик Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Исмоиловнинг 2014 йил ноябрида ғалла, пахта режасини бажармаган, давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларни ургани ҳақида хабар берганди.

Собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлган Сайфиддин Исмоилов 2009 йилнинг 25 сентябрида Жиззах вилоятига ҳоким этиб юборилган эди.

Бу вилоятнинг собиқ ҳокими Мирзаев Зойир Тоирович Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги раҳбари этиб тайинланганидан буён ҳокимлик лавозими бўш қолаётир.

Зокир Алматов ҳукумат ишига қайтарилди...ми?

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари собиқ Ўзбекистон Ички ишлар вазири, 67 яшар Зокир Алматовга янги вазифа берилгани ҳақида ёзмоқда.

Qalampir.uz сайтига таяниб бир неча нашрнинг ёзишича, генерал Алматов гўё "Коррупцияга қарши курашиш комиссияси раиси этиб тайинланган. Бу комиссия қайси ҳукумат идорасида ташкил этилганлиги тўғрисида маълумот йўқ.

Бу хабар юзасидан ҳукумат расмийлари ҳозирча изоҳ бермади Ислом Каримов вафотидан сўнг, Зокир Алматов ҳукумат тадбирларида ва янги президент Шавкат Мирзиёевнинг даврасида кўриниш бера бошлади.

2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Европа Иттифоқи санкциясига тушган ва ЕИ мамлакатларига киритилмайдиган шахслар рўйхатида қайд этилган Зокир Алматов 2006 йилда "соғлиғи туфайли" истеъфога чиқарилган эди.

Сўнгги ўн йил давомида собиқ вазир ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаган.

Зокир Алматов 1949 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Каримов қўриқчиси божхона раиси бўлди

Ўзбекистоннинг собиқ президенти хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Муиджон Тоҳирий Давлат Божхона қўмитасининг раиси этиб тайинланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий нашрлари хабар қилмоқда.

Божхона қўмитасини 2011 йилдан бери бошқариб келган Зоҳид Дусанов эса Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментига раҳбар бўлиб кетган.

Дусанов Божхона қўмитаси раҳбар бўлишидан аввал ҳам уч йил давомида бу департаментни бошқарганди.

Божхона қўмитасига тайинланган генерал-майор Муиджон Тоҳирий, собиқ президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова иддаосича, 2014 йили унинг уйида ўтказилган тинтувга шахсан раҳбарлик қилган.

Тўрт вилоят ҳокимлари нега ишдан олинди?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимларининг ишдан бўшатилиши юзасидан изоҳ берди.

“2 кунда 4 та вилоят ҳокими ишдан олинди ва Виртуал қабулхонадан келаётган шикоятлар билан ишлаш ҳолати уларнинг энг асосий камчиликларидан бири сифатида таъкидланди”, деб ёзилади Ш.Мирзиёевнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон президенти фармони билан Тошкент вилоят ҳокими Исломжон Эргашхўжаев, Сирдарё вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов, Сурхондарё вилоят ҳокими Тожимурод Мамараимов ва Бухоро вилоят ҳокими Муҳиддин Эсоновлар ишдан бўшатилганди.

Келаётган йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган Шавкат Мирзиёев аввалроқ ўз виртуал қабулхонасига келган мурожаатлар сони 270 мингдан ошиб кетгани ҳақида билдирганди.

Ўз чиқишларидан бирида Мирзиёев "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати ҳақида"ги Қонундаги талабларни бажармаган раҳбар ва масъул шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари алмашди

16 декабрь куни Бухоро вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими Муҳиддин Эсоновни вилоят ҳокими лавозимидан озод этди.

Бухоро вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбаси 64 яшар Муҳиддин Эсоновнинг бошқа ишга ўтганини маълум қилди.

Муҳиддин Эсонов ўрнига вилоят янги ҳокими этиб Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Ўктам Барноев тайинланди.

Ўктам Барноев 2008-2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолияти юритганди.

Унгача у Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари эди.

Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди.

Шу сессияда шу кунгача Навоий вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Сурхондарё вилоятига янги ҳоким этиб тайинланди.

2015 йил январида вилоят ҳокими этиб тайинланган Тожимурод Мамараимов вилоятнинг Қизириқ тумани раҳбари этиб тайинланди.

Бухоро вилояти ҳокимининг ишдан олиниши кутилмоқда...ми?

Бухоро марказий кўчалари бутунлай беркитилди
Бухоро марказий кўчалари бутунлай беркитилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи муносабати билан шаҳардга кирувчи ва ундан чиқувчи барча йўллар беркитилди.

Вилоят ҳокимлиги ходимининг Озодликка маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 1500да вилоят раҳбарияти ва фаолларнинг барчаси ҳокимият биносига тўпланган.

"Ҳамма кутиб ўтирибди. Шавкат Мирзиёев иштирокидаги мажлиснинг бошланишини кутишяпти," деди Бухоро вилояти ҳокимлиги ходими.

Айни пайтда бухороликлар орасида вилоят ҳокими Муҳиддин Эсановнинг ишдан олиниши ҳақида миш-мишлар тарқалган.

64 яшар Муҳиддин Эсанов беш йилдан буён вилоятга ҳокимлик қилади. У Самойдин Ҳусейнов ўрнига марҳум президент Ислом Каримов томонидан ҳоким этиб тайинланганди.

1996 йилдан 2011 йилгача 15 йил давомида Бухоро вилоятига раҳбарлик қилган Самойдин Ҳусейнов коррупция ва уруғ-аймоқчиликка боғлиқ можаролар фонида лавозимидан олинганди.

Самойдин Ҳусейнов Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этиши ортидан

"Нуроний" жамғармасининг Бухоро вилояти кенгашига раис этиб тайинланганди.

Муҳиддин Эсанов эса Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинлангунга қадар 2 йил давомида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарган.

Ботир Зокиров мамлакат бош архитектори бўлди

Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Зокиров Ботир Эркинович Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталида хабар берилган.

"2016 йил 14 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4877-сон фармонига мувофиқ Закиров Ботир Иркинович Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди", дейилган хабарда.

Бош вазирнинг тайинланиши

Ўзбекистон Олий Мажлиси Абдулла Ариповни бош вазир лавозимига тасдиқлаши ортидан Ўзбекистон ҳукуматида қатор ўзгаришлар қайд этилмоқда. 12 декабрь куни Ўзбекистон президентига ЎзЛиДеП томонидан бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзоди таклиф этилган эди.

14 декабр куни президентликка қасамёд этган Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарига Абдулла Ариповни бош вазирликка номзод сифатида таклиф этаркан уни "марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган" шахса сифатида таърифлади.

"Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик. Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман", - дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирди ЎзА агентлиги.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 55 ёшли Ариповни "ҳалол, одамларга доимо ҳурмат билан қарайдиган, уларнинг дардига дармон бўлишга интиладиган" шахс дея таърифлаган.

Ҳукумат портали маълумоти

Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркиби
Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркиби

15 декабрда Ўзбекистон ҳукумати портали Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркиби ҳақидаги маълумотларни янгилади.

Унга кўра, Раматов Очилбой Жуманиёзович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси - Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва курилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари сифатида кўрсатилган. ​

Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар янгиланмоқда, дея таъкидланади ҳукумат порталида.

Рустам Азимов Ислом Каримовнинг эҳтимолий вориси сифатида кўрилган эди
Рустам Азимов Ислом Каримовнинг эҳтимолий вориси сифатида кўрилган эди

Ҳукумат порталидаги ушбу маълумот Ўзбекистонда молия вазири лавозимига аввал иқтисодиёт вазири муовини бўлиб ишлаган Ботир Хўжаев тайинланиши ортидан кузатилмоқда.

У Ўзбекистон Молия вазирлигини 2005 йилдан буён бошқариб келаётган Рустам Азимовнинг ўрнини эгаллади.

60 ёшли Ботир Хўжаев 1979 йили Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини тугатган. Хўжаев турли йилларда Солиқ қўмитаси раҳбари, президент маслаҳатчиси, иқтисодиёт вазири, ҳатто 2009-2011 йилларда бош вазир ўринбосари вазифаларида ишлаган.

Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этиши ортидан Рустам Азимов унинг асосий ворисларидан бири сифатида кўрилганди.

Бироқ, Рустам Азимовнинг қайси лавозимга тайинлангани ҳозирча номаълум.

Ўзбекистондаги айрим нашрлар унинг Марказий Банк раиси ёки Ташқи иқтисодий алоқалар вазири лавозимларини эгаллаши ҳақида ёзган.

Ҳукумат порталидан Рустам Азимов бош вазир муовини вазифасини сақлаб қолганини билиш мумкин.

Порталдаги маълумотда англашилича Рустам Азимовга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексининг раҳбарлиги юклатилган.

Ўзбекистон Марказий Банки раиси Файзулла Муллажнов лавозимдан олингани ҳақида тўлиқ тасдиқланмаган хабарлар бор.

Аммо, Озодлик манбалари Марказий Банк раҳбарининг 15 декабрда ҳам ўз иш жойида эканини билдиришди.

Файзулла Муллажонов Ўзбекистон ҳукуматининг энг узоқ вақт лавозимда қолган аъзоларидан биридир: у Марказий Банкни деярли чорак асрдан буён бошқараётгани маълум.

Бош вазир биринчи ўринбосари

Ўзбекистон бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раҳбари Очилбой Раматов тайинланди.

У бир вақтнинг ўзида компания раиси лавозимида ҳам фаолиятини давом эттиради.

Меҳнат фаолиятини тепловоз машинистининг ёрдамчиси лавозимидан бошлаган Очилбой Раматов охирги йилларда "Фидокорона хизматлари учун" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланиб, шахсан марҳум президент Каримовнинг мақтов ва олқишларига сазовор бўлганди.

Соғлиқни сақлаш вазири

Ўзбекистон Андижонда Қирғизистон делегациясини қучоқ очиб кутиб олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:13 0:00

Президент фармонига кўра, бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди.

Адҳам Икромов ушбу лавозимда 2012 йилдан буён келаётган Анвар Алимовни алмаштирди.

Алимовнинг ўринбосари бўлган Лазиз Тўйчиев эса Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланди.

Адҳам Икромов бир неча ой муқаддам Қирғизистон билан алоқаларни яхшилаш мақсадида Қирғизистон жанубига борган ҳукумат делегациясига раҳбарлик қилганди.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси

Президент Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Элмира Боситхонова 15 декабр куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг раиси лавозимидан олиниб, унинг ўрнини педагогика фанлари номзоди Танзила Норбоева эгаллади.

Танзила Норбоева шу пайтгача Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг раиси вазифасини бажариб келаётганди.

Элмира Боситхонова эса Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланди.

У ўтмишда "Ўзбекистон Робинзон яшайдиган орол эмас" деган баёноти ва аёллар учун махсус бассейнлар ташкил қилиш ташаббуслари билан танилганди.

Тошкент вилояти ҳокими

15 декабрь куни Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида "Жиззах цемент" акциядорлик жамияти раҳбари Шукрулло Бобоев вилоят ҳокими этиб тайинланди.

Ўзбекистон президентининг 12 августдаги фармонига мувофиқ, Исломжон Эргашхўжаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

Cўнгги бир йил ичида Тошкент вилоятида учинчи марта ҳоким ўзгармоқда.

Шу йил февралида марҳум президент Ислом Каримов милиция генерали Аҳмад Усмоновни коррупция айбловлари билан лавозимидан четлатганди.

Шу йил августидан буён Исломжон Эргашхўжаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётганди.

Исложон Эргашхўжаевнинг бош прокурор ўринбосари лавозимига ўтказилгани хабар қилинмоқда.

Сирдарё вилояти ҳокими

Сирдарё вилояти ҳокимлигидан Озодлик олган маълуомотга кўра, вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов вазифасидан озод қилинган.​

Унинг ўрнига Ғофиржон Мирзаев тайинланган.

Ойбек Ашурматов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига, марҳум президент Ислом Каримов фармони билан, 2015 йил январида тайинланган эди.

Вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбаси, Гулистон шаҳризидаги "Ёшлар" марказида бўлиб ўтган йиғинда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи иштирок этган.

(Озодлик ҳукуматдаги сўнгги ўзгаришларни ўрганишда давом этмоқда)

XS
SM
MD
LG