2017 йилнинг 10 февраль куни Тожикистоннинг Somon Air миллий авиаширкатига қарашли йўловчи учқичнинг Тошкентга қилган илк парвози¸ ҳозирча(2017 йилнинг 24 мартига қадар) биринчи ва охирги парвоз бўлиб турибди.
24 март куни пайдо бўлган айрим хабарларга кўра¸ бу йўналишдаги парвозларни 4 апрелдан бошлаб "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакампанияси амалга оширишни йўлга қўймоқчи.
2016 йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси иккала палатасининг қўшма йиғинида муваққат президентлик ваколати зиммасига юкланган Бош вазир Шавкат Мирзиëев¸ қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни тиклаш ўз устувор мақсадларидан бири эканини эълон қилди.
5 октябрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни телефон орқали туғилган куни билан табриклаган Ўзбекистон муваққат президенти¸ расмий матбуот таъкидича¸ "очиқ ва кенг кўламли мулоқотни давом эттириш, икки мамлакат халқларининг фаровонлиги, минтақада тинчлик ва барқарорликни, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги вазифаларни биргаликда босқичма-босқич амалга ошириш" ҳақида гаплашди.
Бу мулоқотдан бир ой ўтиб¸ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси бош директори Душанбе ва Тошкент ўртасида 25 йил олдин тўхтатиб қўйилган ўзаро авиқатнов яқин келажакда қайта тикланишини билдирди.
27 декабрь куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги расмий делегация Душанбега сафар қилди. Иккала ҳукумат расмийлари муҳокамаси кун тартибида Тошкент-Душанбе рейсини қайта тиклаш¸ шунингдек 2000 йилда жорий қилинган виза тартибини енгиллатиш масаласи ҳам борлиги айтилди.
Бу борди-келди ва илиқ мулозаматлардан сўнг¸ Тожикистондаги фуқаролар уруши даври - 1992 йилда тўхтатиб қўйилган Тошкент-Душанбе ўртасидаги ҳаво қатнови қайта очилди; тожик миллий авиакомпаниясининг учоғи Тошкентда тантана билан қарши олинди.
Катта шов-шув билан тақдим этилган Душанбе-Тошкент рейсининг ҳеч бир изоҳсиз тўхтатилгани маҳаллий ва халқаро жамоатчилик томонидан президент Шавкат Мирзиëев қарорларининг амалга кўчмаëтганига яна бир далил сифатида келтирилмоқда.
Reuters агентлиги ўз дипломатик манбаларига таяниб туриб¸ Тошкент-Душанбе рейсининг тўхтатилгани ортида Ўзбекистон МХХ раиси генерал Рустам Иноятов турганини билдирди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги муносабат Душанбенинг Роғун ГЭСи қуриш режасига Тошкент томони эътирозлари¸ қолаверса¸ марҳум президент Каримов ва Раҳмон ўртасидаги шахсий муносабатлардаги мураккабликлар боис совуқлашиб кетган эди.