Тожикистонда пойтахт Душанбени мамлакат жануби билан боғловчи темир йўл фойдаланишга топширилди. Тожик расмийлари бу йўл қурилиши ортидан республика Ўзбекистонга коммуникацион қарамликдан қутулишини таъкидламоқдалар.
Душанбе-Қўрғонтепа-Кўлоб йўналиши бўйлаб 24 август куни йўлга чиққан поездда зиёлилар ва ёшлар ташкилоти фаолларига Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўзи ҳамроҳлик қилди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Имомали Раҳмон ҳамроҳларига бу темир йўлнинг очилишини барча тожикистонликлар, айниқса Хатлон вилоятида яшайдиган ватандошлар учун тарихий кун бўлганини айтган.
Тожик расмийлари бу йўл очилиши Хатлон вилоятини коммуникацион ва иқтисодий маҳдудликдан қутқаришига аминлар. 2011 йили Ўзбекистон портлаш содир бўлгани иддаоси билан Ғалаба-Амузанг темир йўл участкасини бузиб ташлаганидан кейин Тожикистон жануби мол ташишда муаммоларга дуч кела бошлаган. Йўл бузилиши ортидан Хатлонда хориждан келаётган товарлар нархлари бир неча баробар ошиб кетган.
Йўл ёпилганидан ярим йил ўтгач, Хатлон вилояти расмийлари фақат божхона йиғимлари ҳисобидан минтақа иқтисодига 45 миллион доллар миқдорида зарар етганини билдириб чиққанди.
2012 йили Тожикистон ҳукумати Хатлон вилоятини мамлакат маркази билан боғлайдиган темир йўл қуриш ҳақида қарор қабул қилган.
Эндиликда бу йўлдан ҳам юк ташиш, ҳам йўловчи ташишда фойдаланилиши айтилмоқда.
“Тожикистон темир йўллари” раҳбарияти янги йўл қурилиши ортидан тожикистонликларнинг йўли қисқарганини, агар аввал Душанбе-Қўрғонтепа йўли 432 километрни ташкил қилган бўлса, ҳозир бу йўл 119 километрга қисқарганини урғулаяпти.
Бир йил муқаддам мазкур йўналишда темир йўл тунеллари қурилиши бошланиши муносабати билан ўтказилган маросимда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон йўл фойдаланишга топширилгач, пойтахтдан жанубга мол етказиш таннархи тўрт баробарга арзонлашиши ҳақида гапирганди.
Халқаро анжуманларда Марказий Осиё расмийлари минтақавий интеграция ҳақида кўп гапирсалар-да, амалда бунинг аксини кўриш мумкин.
Дейлик, Қамчиқ довони орқали ўтган ва Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига совға сифатида яқинда очилган “Ангрен-Поп” темир йўли аслида Тожикистонга қарамликдан қутулиш мақсадида қурилганини ўзбек расмийлари яшираётганлари ҳам йўқ.
Авваллари, масалан, Андижондан Бухорога бормоқчи бўлган поезд йўловчилари Тожикистоннинг Сўғд вилоятига кириб ўтишлари лозим бўларди. Бу қатнов 2010 йил февралидан тўхтатилган.
Қатнов тўхтатилганини ўша пайтда расмий Тошкент йўловчилар сонининг қисқаргани ва Ўзбекистон вагонлари Тожикистонда талон-тарож этилаётгани билан изоҳлаганди.
Қамчиқ довони орқали Тошкент-Андижон йўналиши бўйлаб йўловчи поезди 27 августдан юра бошлаши кутилмоқда.