Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:34

7 мўъжизадан бири - Нукусдаги Савицкий музейи директори ишдан олинди


Рассом Александр Волковнинг Нукус музейида сақланаётган "Ўзбек чилимкашлари" картинаси.
Рассом Александр Волковнинг Нукус музейида сақланаётган "Ўзбек чилимкашлари" картинаси.

Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф қилинган Игорь Савицкий номидаги Нукус давлат тасвирий санъат музейи директори Мақсет Қарлибоев ишдан олингани, музейга раҳбарлик илмий кенгаш мудири Анора Фаҳриддинова зиммасига юклатилгани Озодликка маълум бўлди. Музейдаги исми айтилишини истамаган санъатшуносга кўра, Қарлибоев икки ҳафта олдин ишдан бўшатилган.

Қарлибаевнинг ишдан бўшатилиши Савицкий музейи коллекциясининг апрел ойида Москвада намойиш қилинишига тайëргарлик қилинаëтган бир пайтга тўғри келди.

Музей санъатшуносига кўра¸ “раҳбарнинг ишдан бўшатилиши Москвада кўргазма очилишига ҳалақит бермайди”.

Қарлибоев 2015 йил сентябрида музейни 31 йил мобайнида бошқариб келган Мариника Бобоназарованинг ўрнига тайинланган эди.

Бобоназарова бундан икки йил олдин, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати музейни тафтиш қилиб 581 миллион 625 минг сўмлик 5 та картина йўқлигини ўзбек матбуоти эълон қилгани ортидан, ишдан олинган эди.

Бобоназарова халқаро экспертлар тарафидан умумий қиймати 2 миллиард долларга баҳоланган картиналар сақланадиган музейни “31 йил давомида қўриқлаб келгани” ва “музейни талон-тарож қилишга йўл бермагани” санъатшунослар тарафидан айтиб келинган эди.

Озодликнинг Қорақалпоғистон Бош прокуратурасидаги манбасига кўра, 2015 йилнинг 28 августида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тарафидан очилган жиноят иши бўйича суриштирувлар ниҳоясига етмаган ва музей жорий директори Қарлибоевнинг ишдан олиниши ушбу жиноят иши билан боғлиқ эмас.

Ўзбекистондаги UZINFOCOM маркази ўтган йили ўтказган сўров натижаларига кўра¸ Игорь Савицкий номидаги санъат музейи «Ўзбекистоннинг етти мўъжизасидан бири», дея эътироф қилинган эди.

Қорақалпоқ Давлат cанъат музейида Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарлари сақланади. Мазкур коллекция, Википедия маълумотларига қараганда, 1915 йил 4 августида Киевда туғилган ва 1950 йилда Москвадан Қорақалпоғистонга кўчиб ўтган рассом, этнограф ва санъатшунос Игорь Савицкий томонидан узоқ йиллар давомида тўпланган. Савицкий коллекцияси Рус ва Туркистон авангард тасвирий санъатининг иккинчи энг йирик коллекцияси ҳисобланади.

Савицкий 1966 йилнинг 5 февралида Нукусда Қорақалпоғистон Давлат cанъат музейига асос солган ҳамда унинг биринчи раҳбари этиб тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG