Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:55

Ўсмирларнинг “худкушлик ўйинлари” хавотирга сабаб бўлмоқда


14 февраль куни Россиянинг Кириши шаҳрида 10 яшар қизалоқ ойнадан қулаб тушганидан кейин шифохонага ётқизилди. Маҳаллий матбуот дастлабки хулосаларга кўра, мазкур ҳодиса “Кўк кит” номи билан маълум бўлган онлайн “ўйин”га алоқадор эканлиги ҳақида ёзди. 20 февраль куни маҳаллий матбуот Федерал хавфсизлик хизматининг Санкт-Петербург бўлими болалар худкушлиги ҳақида янги маълумот базаси яратгани ҳақида хабар берди.

Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда “Кўк кит” ҳақида хавотирга солувчи хабарлар урчиди. “Кўк кит” онлайн ўйин бўлиб, унинг иштирокчилари ўйин якунида ўз жонига қасд қилишга чорланади. Ўйинда иштирок этувчилар рус тилидаги “кўк кит”, “китлар денгизи”, “мен ўйиндаман”, “мени 4:20 да уйғот”, “Ф58” ҳамда бошқа ҳештеглардан фойдаланишади.

“Новая газета” тайёрлаган ҳисоботга кўра, Россия оммавий Интернет-технологиялари маркази 20 январь куни ўйин билан боғлиқ ҳештег 4000 марта ишлатилганини аниқлаган. Украина, Беларусь, Озарбайжон каби бошқа собиқ совет давлатларида ҳам шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар тарқатилди.

Интернетнинг рус тилидаги сегментида ўйинда иштирок этаётган ёки иштирок этмоқчи бўлаётган ёшлар профиллари, ўз танасига ўйин ҳештегларини қириб ёзиш ҳоллари ҳамда ўйин туфайли ўз жонига қасд қилган ўсмирлар ҳақида кўп хавотир билдирилаётган бўлса-да, Россия ёки Марказий Осиёда бирорта ҳам ўлим қатъиян “Кўк кит” ўйинига боғлангани йўқ.

Масалан, 6 февраль куни Қозоғистоннинг Қарағанди шаҳрининг 19 ёшли турғуни ўз жонига қасд қилди. Унинг ўлимига “Кўк кит” гуруҳи сабабчи бўлгани ҳақида кўп айтилди. Аммо ўсмирнинг амакиси Марат Айтқазин Озодлик билан суҳбатда жиянининг ўлими ҳеч қандай Интернет ўйинга боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Руҳий саломатлик мутахассислари ҳамда ҳукумат расмийлари ҳам хавотир билдирмоқда, лекин бошқа сабабрларга кўра. Фаоллар ёшларни бундай даҳшатли ўйинларга чорлаётган сабабларга эътибор қаратишга чақирмоқда. Сиёсатчилар эса “Кўк кит” каби ўйинлар туфайли Интернетни янада қаттиқроқ назорат қилиш керкалигини айтишмоқда.

Россия Федерациясининг Ижтимоий палатаси 16 февраль куни худкушликка чорлаганларга қаттиқроқ жазо кўришни муҳокама қилди. Йиғин давомида палата аъзоларига “Кўк кит”ни “украин миллатчилари” яратгани, ўйин кампанияси “камида 2 миллион ёшларга” етиб боргани айтилди.

Шимолий Осетия матбуоти 17 февраль куни “Кўк кит” гуруҳини тузишда айбланаётган тўрт киши қўлга олингани ҳақида ёзди. Хабарларга кўра, қўлга олинган шахслар 1 февраль куни ўз жонига қасд қилган ўмсирнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлиши мумкин.

20 февраль куни Олтой айбловчилари 15 ёшли ўсмирни худкушликка чорлаган “Кўк кит” гуруҳини тергов қила бошлашди.

Ўтган йилнинг 14 ноябрида Россия полицияси Москва яқинида 21 ёшли Филипп Будейкинни “Кўк кит” “ўлим гуруҳи”ни тузишда гумонлаб, қўлга олди. Ўша пайтда яна ўнга яқин одам қўлга олингани, аммо уларнинг барчаси сўроқ қилиниб, қўйиб юборилгани хабар қилинди.

Расмийлар Будейкинни 15 худкушлик ҳолатига алоқадорликда айблади. Аммо унинг ҳуқуқшуноси Ростислав Губенко Озодлик билан суҳбатда фақат битта ҳолат ҳалиям тергов қилинаётганини айтди. Суд қарорига кўра, полиция Будейкинни 15 майгача ушлаб туриши мумкин.

Ўзбекистонда “Кўк кит” “ўйини” ҳақиқатдан ҳам ўйналаётгани ҳақида Озодликда аниқ маълумотлар йўқ. Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда мазкур ўйин ҳақида ҳазил суратлар кенг тарқалаяпти.​

Табиийки, “Кўк кит” юқорида тилга олинган давлатлар расмийларини хавотирга солиб қўйган. Россия депутатлари ўзгаларни ўз жонига қасд қилишга ундаш учун бериладиган жазони кучайтиришга чақирмоқда. Қозоғистон ички ишлар вазири ижтимоий тармоқ фойдланувчиларининг миллий маълумот базасини тузишга чақирди. Қирғизстонда эса полиция мактаб ва Интернет кафеларни текширди.

Мутахассислар эса ота-оналарни огоҳ бўлишга, ўз фарзандлари ўлим билан боғлиқ ўйинларга қизиқиш кўрсатса, тезкорлик билан чора кўришга чорламоқда. Озодлик радиоси мухбирлари сохта ҳисоб очиб, ўйин уюштирувчиари ва иштирокчилари билан алоқага чиқди. Аксар ҳолларда ўйин билан боғлиқ ҳештегларни ишлатган ҳисобларнинг тезда блоклангани кузатилди.

XS
SM
MD
LG