Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Ҳокимият Чорсудаги 38 та дўконни эгаларига буздириб, қайта қурдирмоқчи


Чорсуда дастлабки бузилаётган дўконлардан бири. 2017 йил, феврал.
Чорсуда дастлабки бузилаётган дўконлардан бири. 2017 йил, феврал.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари куни кеча Кўкалдош мадрасасининг сўл томонидаги Чорсу бозорига олиб борувчи йўлнинг икки тарафида жойлашган 38 та дўкон эгалари билан йиғилиш ўтказди.

Расмийлар тадбиркорларга уларнинг дўконлари бузилиши лозимлигини, бузилган дўконларнинг ўрнига уларнинг ўзи шахсий маблағлари ҳисобига янги яхлит савдо маркази қуриб олишни таклиф қилди.

Озодлик билан суҳбатлашган дўкондорлар шаҳар маъмурияти таклифи замирида уларни эгаллаб турган жойдан сиқиб чиқариш мақсади ётганини гумон қилаётганларини айтди.

Чорсу, 22 февралдаги вазият

Исми сир қолиши шарти билан Озодлик билан гаплашган дўкондорлардан бирининг айтишича, шаҳар маъмурлари ўтказган йиғилишдан 3 кун ўтиб, вазият бундай:

- Шу кунда 38 та дўкондан қарийб ярми ишлаяпти. Қолганлари, асосан, ижарага берилган дўконлардан эгалари товарларини олиб чиқиб кетди. 2-3 та дўкон қурилиш материаллари учун сотиб олувчиларга сотилди ҳам. Улар дўконларни бузиб материалларини олиб кетишни бошлади.

Суҳбатдошимизнинг дўкони ҳозирча ишлаб турибди.

Дўкон неча пул?

Масаланинг кўламини тушуниш учун суҳбатдошимиздан унинг дўкони ҳажми ва қийматини сўрадик.

- Дўконим, агар ертўласи билан ҳисобланса, икки қаватли, умумий майдони 200 квадрат метрлик иморат. Буз-буз бошлангунча сотмоқчи бўлсам, 120-130 минг долларга сотган бўлардим. Бозор нархидаги долларни айтяпман, деди дўкондор.

Унинг айтишича, 38 та дўкон орасида майдони 1600 кв. метрлик дўконлар ҳам бор. Энг кичик дўкон 35 кв. метрликдир. Бузилиши кутилаётган дўконларнинг умумий майдони 9500 кв. метр эканлигини суҳбатдошимиз қўлидаги ҳужжатларга таяниб айтди.

Дўкон 38 та, лекин тирикчилигини ўтказаётганлар кўп

Суҳбатдошнинг айтишича, 38 та дўкон дейилар экан, гап 38 та мулк эгаси – мулкига оид кадастр ҳужжатлари мавжуд мулкдорлар тўғрисида кетаяпти. Аслида эса, бу иморатларда савдо қилаётганлар сони бу рақамдан анча кўпдир. Масалан, дўконларнинг энг катталари ичида 10-12 тагача майда дўконлар бор.

Буз-бузга уч хил муносабат

Дўкони бузилиши кутилаётганлардан яна бирининг Озодликка айтишича, ҳамкасбларининг бошланаётган буз-бузларга муносабати тўғрисида аниқ бир фикр билдириш қийин. Жамоани тақрибан уч гуруҳга: бузиб-қуришга розилар, норозилар ҳамда ҳали аниқ фикрга келмаганларга бўлиш мумкин.

Йиғилишда нима гап бўлди?

Шанба, 19 феврал куни Тошкент шаҳри ва Шайҳонтовур туман ҳокимлари Навоий кўчасидаги Миллий матбуот марказида дўкондорлар билан ўтказган йиғилишда холис кузатувчи сифатида иштирок этган Озодлик манбасининг айтишича, расмийлар дўкондорларга “кадастр ҳужжатлари борларнинг бузиладиган дўкони турган ерда қолгиси келмаганларга бошқа ердан жой берилади, қолгиси келадиганлар эса, бузиладиган дўконлар ўрнига қуриладиган бино учун пул сарфлаши керак, ҳокимият бузишга аралашмайди, қуриш ҳам сизларнинг зиммангизда”, деган.

Қайта қуриш формуласи

Йиғилишда иштирок этган яна бир дўкондорнинг Озодликка айтишича, расмийлар таклиф қилган қайта қуришнинг ажабтовур формуласи бундай:

дўкондорлар бирлашиб, ўзлари орасидан 2 – 3 кишини масъул қилиб сайлайди;

масъуллар 15 кунлик муддат ичида меъморларга қурилажак бино лойиҳасини 2 - 3 вариантда чиздиради;

тайёр бўлган лойиҳа ҳокимиятга олиб борилади;

ҳокимият лойиҳалардан бирини танлайди;

дўкондорлар ўша лойиҳа бўйича янги иморатни қурдиради;

янги иморат лойиҳасини тайёрлашдан тортиб, иморат қурилишигача кетадиган сарф-ҳаражатларни дўкондорларнинг ўзи кўтаради.

Бу ҳақда Озодликка айтиб берган дўкондор “Қурилиш у ёқда турсин, лойиҳа тайёрлатиш учун 15 кунгина ажратганларидан айтиш мумкинки, ҳокимиятнинг мақсади бизни Чорсудан чиқариб ташлашга ўхшайди, деди.

Ҳокимият вакили: Хавотирга ўрин йўқ!

Маҳаллий web-нашрлардан бири мавзуга мурожаат қилиб, 21 февралда Тошкент шаҳар маъмуриятидаги ўз манбасининг сўзларини келтирди

Ҳокимият вакилининг айтишича, “Чорсу бозорининг бир қисми реконструкция қилиниши билан боғлиқ хавотирларига ўрин йўқ. Дўконлар эскириб кетганлиги сабабли уларнинг ўрнига янгилари қурилади. Шу кунда меъморчилик ташкилотларидан бири лойиҳа тайёрламоқда. Қурилажак бинода миллий колорит ва меъморчиликнинг замонавий шакллари сақланиб қолади. Бу ерда савдо қилаётган битта ҳам ходим иш ўрнини йўқотмайди, қўполроқ айтсак, кўчада қолмайди”.

Совет ҳокимияти йилларида бўш турган жойда мамлакат мустақилликка чиққанидан сўнг қурилган бу дўконлар Тошкентга келадиган сайёҳлар албатта бир бош тиқиб ўтадиган масканга айланган, уларда кийим-кечагу заргарлик буюмларидан тортиб, сайёҳбоп сувенирларгача сотилар эди.

XS
SM
MD
LG