Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:58

Ўзбекистонда собиқ сиёсий маҳбуслар очиқда ҳам назорат остида қолмоқда


Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилаëтган янги қамоқхона.
Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилаëтган янги қамоқхона.

14 йил қамоқда сақланган ва 2014 йилда озодликка чиқарилган сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовга мамлакатдан хорижга чиқиш визаси берилмаяпти. Сал кам чорак аср тутқунликда ўтирган яна бир сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг эса, Ўзбекистон ичида ҳаракатланиши чекланган. 18 йиллик қамоқ ортидан ўтган ойда очиқликка чиққан журналист Муҳаммад Бекжон эса ўзбек паспортини олиш қайғусида юрибди.

Мамадали Маҳмудов Чехияга ижодий сафарга таклиф этилган, лекин унга чиқиш визаси берилмаяпти.
Мамадали Маҳмудов Чехияга ижодий сафарга таклиф этилган, лекин унга чиқиш визаси берилмаяпти.

Эврил Турон тахаллуси билан 1980-90 йилларда жамоатчиликка кенг танилган ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов шу йилнинг июнь ойида уч ойга Чехияга ижодий сафарга таклиф этилган.

У чиқиш визасини олиш учун ўзи яшайдиган ички ишлар идорасининг Хорижга чиқиш-кириш бўлимига ўтган йилнинг июнь ойида бошида мурожаат қилган, лекин ҳануз жавоб олмаганини айтади.

- Ўтган йилни 10 июнь куни қизим билан Мирзо Улуғбек тумани ОВИРига ҳужжат топшириб, пулини ҳам тўлаб қўйганман, тўққиз ой ўтди, ҳали жавоб йўқ. Ё ҳа демайди, ё йўқ демайди. Мен Прагага ижод қилиш учун стипендияни қўлга киритганман, у ерда асар ёзаман. Лекин, чет элга чиқиш рухсатномасини беришмаяпти, - дейди Мамадали Маҳмудов.

Мамадали Маҳмудов
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:14 0:00
Бевосита линк

Маҳмудов 1999 йилги Тошкент портлашларида айбланиб қамалган ва 2014 йилда озодликка чиққан эди. У ўзига қўйилган айбловларни рад этган.

Ўзбекистон қамоғида сал кам 24 йил ўтирган ва ўтган йил октябрь ойида озодликка чиққан яна бир сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг эса Ўзбекистон ичида ҳаракатланиши чекланган.

24 йил қамоқда ўтирган Самандар Қўқонов очиқликда ҳам ҳаракатланиши чекланган.
24 йил қамоқда ўтирган Самандар Қўқонов очиқликда ҳам ҳаракатланиши чекланган.

У Тошкентдан чиқмаслик ҳақида оноҳлантирилгани сабабли бошқа вилоятларга боролмаётганини айтади.

- ОВИР виза у ёқда турсин, мен вилоятга қариндошларимни кўргани боролмаяпман. ОВИР визасини оламан деганлар чучварани хом санабди, бермайди. Мен мана 6 ойдан буён надзор остидаман. Кечки соат 8 дан эрталаб 6 гача уйдан ҳеч қаёққа чиқишим мумкин эмас. Бошқа вақтда шаҳардан ташқарига чиқишим мумкин эмас. 24 майда надзор тугайди, у ёғи бир гап бўлар. Қамоқда 24 йил ўтирдим, чиққанимга шукур қиламан. Лекин, кеча паспортни олдим, - дейди Қўқонов.

Самандар Қўқонов
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:50 0:00
Бевосита линк

Самандар Қўқоновни маҳкама давлат мол-мулкини талон-тарож қилишда айбдор деб топган, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Кейинчалик 72 ёшли Самандар Қўқоновнинг жазо муддати яна 3 йилга узайтирилганди.

Муҳаммад Бекжон 18 йиллик қамоқ ортидан ўтган ой озодликка чиқарилган эди.
Муҳаммад Бекжон 18 йиллик қамоқ ортидан ўтган ой озодликка чиқарилган эди.

Қарийб 18 йил Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтириб, ўтган ой очиқликка чиққан журналист Муҳаммад Бекжонни эса тезроқ ўзбек паспортини олиш ўйлантирмоқда.

Қамоққа чиққанидан сал кам бир ой ўтиб ҳам собиқ сиёсий маҳбусга паспорт берилмаган.

- Хоразм вилояти Янгибозор тумани ИИБсидан паспорт талаб қилдим. Улар Тошкентга запрос жўнатдик, жавоб келса бир кунда қилиб берамиз, дейишди. Менга қамоқдан чиққаним ҳақида ҳужжат беришган ҳозир шу қоғоз билан юрибман. Бир парча қоғоз у, паспорт эмас, - дейди Муҳаммад Бекжон.

Муҳаммад Бекжон Тошкентдаги уйини қайтариш ва фарзандларининг Ўзбекистонга келишига изн бериш борасида ҳукуматдан сўраган илтимосига ҳануз жавоб олмаганини айтди.

У Америкага болалари олдига боришдан кўра, уларнинг Ўзбекистонга келишини кўпроқ истаётганини билдирди.

63 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ҳисобланади.

У мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва "Эрк" рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.

Сурат Икромов собиқ сиёсий маҳбуслар ҳуқуқлари учун курашишини айтади.
Сурат Икромов собиқ сиёсий маҳбуслар ҳуқуқлари учун курашишини айтади.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов қамоқдан чиққан собиқ сиёсий маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

-Кўп йиллар қамоқдан ўтирган собиқ сиёсий маҳбусларга нисбатан негадир шундай бўляпти. Уларни ҳаракатланиш ҳуқуқлари чекланяпти. Паспорти вақтида берилмайди. Холбуки улар ҳамма қатори ҳуқуққа эгадирлар. Ҳукумат буни сабабини айтмайди. Бу собиқ маҳбусларнинг ҳаммасининг ёши бир жойга етган. Буларни ҳеч қаерга кетиб қолиш нияти ҳам бўлмаса керак. Мамадали Маҳмудов ижодий ишларини қилиш учун Чехияга чақирилган, чиқиш виза берилмаяпти. Биз хозир судлар орқали уларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз ва оҳиригача курашамиз, - дейди Суръат Икромов.

Сурат Икромов
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда президент Ислом Каримов вафоти ортидан ўтган олти ой ичида уч сиёсий маҳбус озод этилди.

Булар Бобомурод Раззоқов, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжон. Айни пайтда¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида сиëсий ва касбий фаолияти учун жазоланган қатор мухолифат фаоллари ва журналистлар қолмоқда.

Улар орасида Юсуф Рўзимуродов¸ Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари бор.

XS
SM
MD
LG