“Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашаётган АҚШ етакчилигидаги коалиция Суриянинг стратегик шаҳри яқинида ҳаводан ҳарбий ташлади. Бу ҳақда Пентагон билдирди.
АҚШ ҳарбийлари суриялик араб жангчиларни Табқа шаҳри яқинига элтиб қўйиб, уларга ҳаводан ёрдам кўрсатган. Мазкур амалиётнинг асосий мақсади “Ислом давлати” жангарилари бошқарувида қолаётган тўғонни озод этишдир.
“Фрот тўғони” номи билан ҳам маълум бўлган Табқа тўғони атрофдаги минтақани электр токи билан таъминлайди. Агар жангарилар уни қулатса, унга яқин ерларни сув босиши мумкин. “Ислом давлати” тўғонни унинг яқинидаги ҳаво базаси билан биргаликда 2014 йили қўлга олган.
Коалиция матбуот котиби полковник Жосеф Скрокка амалиётда Apache вертолётлари, ҳарбий-денгиз флот артиллерияси, АҚШ махсус амалиётлар кучлари ҳамда бир неча армия рейнжери иштирок этганини бидирди.
Скрокка амалиётга иштирок этганларнинг 75-80 фоизи Сурия араб коалицияси аъзоларидан иборат эканлигини, қолганларни эса суриялик курдлар ташкил этишини айтди.
Ҳарбий амалиётни “ўта муҳим” дея таърифлар экан, у бир неча ҳафта давом этиши мумкинлигини қўшимча қилди.
“Бу биринчи марта Сурия араб коалицияси билан бирга ҳаводан юриш қилиб, улар билан бирга ҳаводан ҳужум қилишимиздир. ... Бу охиргиси бўладими, йўқми, билмайман”, деди Скрокка.
Котибга кўра, Табқа атрофидаги ҳудуд “Ғарбга қарши террор ҳужумларини буюриш ва бошқариш марказига” айланган. Скрокка яна ҳудудда бир неча жангари тайёрлаш лагери борлигини айтди.
“Табқани қўлга олиш [коалиция]ни стратегик устуворлик ҳамда Раққани озод этиш учун бошлаш нуқтаси билан таъминлайди”, деди котиб. АҚШ араб ҳамда курд жангчиларидан иборат Сурия демократик кучлари (СДК) ҳарбий бирлашмасини қўллаб келади.
СДКнинг билдиришича, АҚШ етакчилигидаги коалиция тўғонни қайта қўлга олиш билан бирга Сурия ҳукумати кучларининг ғарбдан олға силжишига тўсқинлик қилишни истайди.
Скрокканинг айтишича, ҳаводан ташланган кучлар Табқа ғарбидаги тўрт кичик қишлоқни забт этган ҳамда Раққа, Дайр уз-Зур ҳамда Ҳалаб вилоятларини боғлаб турувчи автомобиль йўлини эгаллаган.
СДК Раққага элтувчи сўнгги асосий йўлни ой бошида забт этиб, шаҳарни шимол, шарқ ва ғарб тарафлардан қуршаб олган эди.
Ҳозир Раққага кириш ёки чиқиш имконини берувчи ягона йўл Фрот дарёси устидан ўтувчи йўлдир.
СДК Раққани коалиция кўмаги билан қуршаб олар экан, жангари гуруҳ бошқарувидаги бошқа ҳудудларни Россия дастаклаётган Сурия армияси, Туркия қўллаётган исёнчилар ҳамда АҚШ дастаклаётган Ироқ кучлари қайта эгалламоқда.
Мазкур ойда АҚШ етакчилигидаги коалициянинг Раққа яқинидаги ҳаво ҳужумлари жадаллашди.
22 март куни коалиция ҳаво ҳужумлари Табқа шаҳрини ларзага келтириди. Ҳужумлар натижасида нон дўкони ҳамда бошқа иморатлар барбод бўлди. Бу ҳақда Британиядаги “Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси” билдирди. Ташкилотга кўра, ҳужумлар ортидан 40 одан ошиқ оддий фуқаро ҳалок бўлган ёки жароҳат олган.
Скрокка АҚШ ҳудудда ҳаво ҳужумларини амалга оширганини тасдиқлади, аммо юқорида тилга олинган иморатга ҳужум қилинмаганини таъкидлади. Котиб АҚШ армияси мазкур иддаоларни кўриб чиқишини қўшимча қилди.